Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:54

Ўзбекистонликлар офтоб уришидан огоҳлантирилди


Синоптиклар ҳаво ҳароратини пасайтириб кўрсатишди. 18 ёшга етмаганларнинг хорижга чиқиши учун нотариал розилик талаб қилинади. Парламент соғлиқни сақлаш тизимидаги компютер техникаси аҳволидан қониқмади. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

“Парламент соғлиқни сақлаш тизимидаги компютер техникаси аҳволидан қониқмади”

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонун ижроси муҳокама қилинди (“XXI аср”, 3 июль).

Парламент муҳокамасида тиббиёт тизимида ахборотлаштириш жараёнида эришилган ютуқлар билан бирга камчиликлар қайд этилган. Айтилишича, туман тиббиёт бирлашмаларини компютер техникаси билан таъминлаш даржаси юқори эмас. Қолаверса, тиббиёт соҳаси субъектлари фаолиятида электрон тижорат ва тўлов тизими жорий этилмаган, интерактив телетиббий хизмат кўрсатиш тизими талабга жавоб бермайди.

Таҳлиллар ва халқаро тажрибадан келиб чиқиб парламент вазирликка бу борада тавсиялар берган.

“18 ёшга етмаганларнинг хорижга чиқиши учун нотариал розилик талаб қилинади”

Ўзбекистоннинг вояга етмаган фуқаролари МДҲ мамлакатларига чиқиши тартибига ўзгартириш киритилди. Бунга кўра, 18 ёшга етмаган фуқаро МДҲ давлатларига ёлғиз чиқиши учун унинг биометрик паспорти ва ота-онаси ёки васийларининг “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясига нотариал тасдиқланган розилиги бўлиши керак.

Бу ҳақда бир қатор нашрлар миллий авиакомпанияга таяниб хабар берди. Вояга етмаган фуқаро МДҲ давлатларига онаси ҳамроҳлигида чиқиши учун отасининг нотариал тасдиқланган розилиги, агар отаси билан чиқса, онасининг нотариал тасдиқланган розилиги талаб қилинади.

“Синоптиклар ҳаво ҳароратини пасайтириб кўрсатди”

Об-ҳавони аниқлаш маркази жорий йил 1 июл куни Тошкент шаҳрида ҳаво ҳарорати 32,9 даража бўлишини қайд этган, аммо амалда ҳаво ҳарорати 50 градусгача етган (“Новий век”, 3 июль).

“Аксар шаҳарликлар уйларидаги термометр шу куни соядаги ҳарорат +45 градус эканини кўрсатган. Тошкентга Ипподром томонидан кириб келганлар эса термометр кўрсаткичи +50 да турганини кўришган. Қизиқ, синоптиклар ўртача ҳаво ҳароратини қай усулда аниқлашди экан?” дея мутахассисларни саволга тутади Акмал Суюнов.

“Ўзбекистонликлар офтоб уришидан огоҳлантирилди”

Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати юқори ҳолатда сақланиб турган кунларда Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венерология маркази директори ўринбосари Илҳом Раҳимов аҳолини офтоб уришидан огоҳлантирди (“Оила даврасида”, 3 июль).

Мутахассис қуёш нурининг салбий оқибатларидан сақланиш учун соябонлар, бош кийимлари ва кўзойнаклардан фойдаланишни ҳамда тананинг барча қисмини ёпиб турувчи енгил табиий матодан тикилган либослар кийишни тавсия этади.

“Баданни офтобнинг салбий таъсирларидан ҳимояловчи табиий ва аралашма косметик воситалар ҳам мавжуд. Лекин офтобдан сақловчи воситаларни парфюмер маҳсулотларни ишлатгандан сўнг қўллаш қатъиян ман этилади, чунки аллергик реакциялар келиб чиқиши мумкин”, дейди И.Раҳимов.

“Суд жарима белгилаганда маҳкумнинг қамоқда ўтирган вақти нега ҳисобга олинмайди?”

Айни пайтда Ўзбекистонда судлар томонидан жарима жазоси белгиланган пайтда cудланувининг қамоқда ўтирган пайтини ҳисобга олиш кўзда тутилмаган. Тез орада қонунчиликка бу борада ўзгартириш киритилиши мумкин (“Инсон ва қонун”, 1 июль).

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Феруза Омоновага кўра, “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ва Жиноят-ижроия кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси қуйи палатада иккинчи ўқишда муҳокама қилинмоқда. Мазкур лойиҳага биноан, жарима жазоси тайинланган судланувчининг қамоқда ўтирган кунлари ҳисобга олинади.

“Чет эл қонунчилигида қамоқда сақланган маҳкумга жарима тариқасидаги жазони тайинлашда, қамоқда сақлаш муддатини ҳисобга олган ҳолда тайинланган жазони енгиллаштириш ёки бутунлай ундан озод қилиш тартиби белгиланган”, деб ёзади депутат Ф.Омонова.

“Битта машинани ўндан ошиқ фуқарога пуллаган фирибгар қўлга олинди”

Автомобил олти-сотдида 20 дан ошиқ фуқарони чув туширган Жасур Йўлдошевга нисбатан маҳкама жараёни якунланди (“Адолат кўзгуси”, 3 июль).

“Жасурбек Ҳусан Ҳамкор” фирмаси раҳбари бўлган Йўлдошев фирмасига лизинг ҳисобига олинган “Нексия” ва “Ласетти” автомобилларини бир пайтнинг ўзида ўнлаб фуқарога пуллаган. Судланувчи харидорларни алдаб 20-30 миллион сўм пулини олиб, автомобилни тез кунларда расмийлаштиришга ваъда берган, аммо ваъдасини бажармаган.

Шунингдек, Йўлдошев қисман пул тўлаб сотиб олган автомобилларини ҳам қалбаки техник гувоҳнома ясаб бошқаларга пуллаган. Фирибгарлик ва бошқа жиноятларда айбланган Жасур Йўлдошевга жиноят ишлари бўйича Боёвут тумани суди 10 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлаган.

XS
SM
MD
LG