Линклар

logo-print

Ўзбекистон сўрови билан Қирғизистонда қўлга олинган Россия фуқароси, этник уйғур Аблахат Итахунов 7 ойдан бери Бишкекдаги ҳибсхонада сақланмоқда. Ҳуқуқ фаолларининг билдиришича, фақат халқаро ташкилотларнинг аралашуви туфайлигина Қирғизистон Бош прокуратураси уни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш тўғрисида қарор чиқаришга жазм этмаяпти.

42 ёшли Аблахат Итахунов Қирғизистоннинг Чуй вилоятида туғилган. 1993 йилда эса Ўзбекистонга кўчиб ўтган. 1994 йилда Ўзбекистонда яшаш учун рухсатнома олган Аблахат Итахунов 2001 -2004 йиллар оралиғида Чирчиқдаги марказий масжид биноси қурилишида ихтиёрий равишда иштирок этган. Москвадаги “Мемориал” халқаро ҳуқуқ ҳимояси ташкилотининг маълум қилишича, Итахунов масжид қурилишида иштирок этиши муносабати билан бир неча маротаба миллий хавфсизлик хизматига чақирилган. 2006 йилда эса у Россиянинг Тошкентдаги элчихонаси воситасида Россия фуқаролигини қабул қилган.

Ҳуқуқ фаолларининг билдиришларича, Итахунов 2007 йилда Миллий хавфсизлик хизматига чақирилиб, диндорлиги учун қаттиқ калтакланганидан сўнг Ўзбекистонни тарк этган ва Қирғизистон пойтахти Бишкекдан унча узоқ бўлмаган Қораболта шаҳрида оиласи билан яшаб келган.

2010 йилда эса Ўзбекистон томони уни “ноқонуний диний уюшмага аъзо”ликда ва "Конституциявий тузимга тажовуз"да айблаб қидирувга берган.

“2012 йилнинг 27 сентябрида Итахуновнинг олдига икки милиция ходими келиб, ўзларини Интерполнинг маҳаллий бўлими ходимлари сифатида таништирган ҳамда Россия уни қўлга олишга рухсат берганини айтишиб, милиция бўлимларидан бирига олиб келган. Бу ерда унга 4,5 минг доллар пора эвазига озодликка чиқарилиш таклиф қилинган. Ўша куни кечқурун тўпланган пуллар милицияга олиб келингач, у озод қилинган. Ўшанда милиция ходимлари Итахуновга манзили Тошкентга маълум эканини айтиб, ўз яшаш манзилини ўзгартиришни маслаҳат беришган”, дейилади “Мемориал” тарқатган билдирувда.

Шундан сўнг Итахунов маҳаллий ҳуқуқ фаоллари ёрдамида 2013 йилнинг 25 июлида бошпана изловчи шахс мақомини олишга муваффақ бўлган. Шунга қарамай, Миллий хавфсизлик хизмати Итахуновни халқаро қидирувдаги шахс сифатида 2013 йилнинг 30 ноябрида қамоққа олган.

Аблахат Итахунов иши билан шуғулланаётган адвокат Акин Токталиев ўз ҳимоясидаги одам ҳибсда ноқонуний сақланаётганини айтди:

-Қонунчиликка асосан экстрадиция қилиниши керак бўлган шахс кўпи билан 40 кун ҳибсда сақланиши керак. Ҳимоямдаги одамни эса бир йилдан бери ҳибсда сақлашмоқда. Биз ҳукумат ва ҳуқуқ тузилмаларига Россия фуқаросининг тақдирини Қирғизистон ҳал қила олмаслигини таъкидлаб, мурожаатлар жўнатдик. Итахунов Россияга берилиши ва Россия уни Ўзбекистонга топшириш ёки топширмаслик масаласини ҳал этиши лозим, -деди Акин Токталиев.

Мазкур масалада Қирғизистон Меҳнат, ёшлар ва миграция вазирлиги, Қирғизистон Бош прокуратураси расмийлари озодлик мухбирига шарҳ беришдан тийилдилар. Россиянинг Бишкекдаги элчихонасининг Консуллик бўлимида ҳам бу борада маълумот бера оладиган одам топилмади.

Москвадаги “Мемориал” ҳуқуқ марказининг Марказий Осиё дастури раҳбари Виталий Понамарёв Россия элчихонаси ва Россия Ташқи ишлар вазирлиги Аблахат Итахунов масаласида сусткашлик қилаётганини айтди. Унга кўра, етти ой мобайнида Россия элчихонаси вакили Итахунов билан ҳибсхонада фақат бир марта учрашган ва унга “Экстрадиция қилинадиган бўлсангиз ҳозирданоқ Ўзбекистондаги Россия элчихонаси вакиллари билан алоқани йўлга қўйиб олинг”, деб маслаҳат берган.

Виталий Понамарёв Аблахат Итахуновнинг Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши халқаро ҳуқуқ меъёрларининг қўпол тарзда бузилишига сабаб бўлишини таъкидлади:

-Агар у Ўзбекистонга бериладиган бўлса, қийноқларга дучор бўлиши мумкин. Бу менинг шахсий фикрим эмас. Ўзбекистонга экстрадиция масаласида қарор чиқарган Европа инсон ҳуқуқлари бўйича судининг қарорларида бу ҳақда айтилади. Ўзбекистон Итахуновнинг айбдорлиги тўғрисида тақдим этган ҳужжатларнинг бирортасида аниқ ва конкрет фактлар, исбот ва далиллар йўқ. Айблов фақат қуруқ сўзларга асосланган. Учинчидан, Қирғизистон Итахуновни Кишинев конвенциясига асосан Ўзбекистонга қайтариш кераклигини рўкач қилмоқда. Бироқ Ўзбекистон бу конвенцияни имзоламаган ва шунинг учун ҳам Қирғизистон томонининг Итахуновга нисбатан ҳаракатлари ноқонунийдир, -деди Виталий Понамарев.

Адвокат Акин Токталиев эса Аблахат Итахунов Ўзбекистон томони ўзига билдирган айбловларни тан олмаётганини маълум қилди. Бишкекдаги 1-сонли ҳибсхонада сақланаётган Итахунов айни пайтда БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий Комиссарлигига халқаро ҳимоя сўраб мурожаат қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG