Линклар

logo-print

Ўтган ой бошларида 13,5 килограммлик ғишт олтин топиб, уни давлатга топширган қўқонлик беш ишчи ҳалигача рағбатлантирилмаган. Ҳисоб-китобларга кўра, топилган қуйма олтин 750 минг АҚШ долларга баҳоланса, беш ишчининг ҳар бири 50 минг АҚШ доллардан олишлари керак.

Қўқон шаҳрида 13,5 килограммлик ғишт олтин топиб олган Сув-оқова ширкати ходимларига ҳануз мукофот пуллари берилмаган.

Сув-оқова ширкатининг исми сир қолишини истаган ходимларидан бири бу ҳақда Озодликка маълум қилди:

- Олтин давлатга топшириб юборилганди. Мукофот берилади, деяпти. Қонунда биламан, шу олтин қийматини 25 фоизини бериши кўрсатилган. Берамиз дейишяптику, - дейди қўқонлик ишчи.

Июнь ойи бошларида қўқонлик ишчилар канализация қувурини янгилаш учун ер бурғулаётганларида оғирлиги 13,5 килограмм бўлган бир дона ғишт олтин топиб олишган эди.

Олтин топиб олган қўқонликлар ўтган аср бошларига оид экани айтилаëтган қуйма ғишт олтинни шаҳар Ички ишлар бўлимига олиб бориб топширишган.

Қўқон Ички ишлар бўлими расмийларига кўра, ғишт олтинни Фарғона вилояти Миллий хавфсизлик хизмати бўлимига топшириб юборилган:

- Биз олтинни Фарғона вилояти Миллий хавфсизлик идорасига топширганмиз. Бу иш билан Фарғона СНБсининг тергов бўлими шуғулланяпти. Биз шуни биламиз холос. Топганларга қанча берилади, билмаймиз. Лекин, берилиши керак, - деди Қўқон Ички ишлар бўлими расмийларидан бири.

Фарғона вилояти Миллий хавфсизлик хизматидан Қўқонда топилган ғишт олтин ҳақида маълумот олиб бўлмади.

Қўқон шаҳар Сув оқова ширкати раҳбарларидан бири 19 июнь куни Озодлик билан суҳбатда беш нафар ишчиси шаҳар марказида қазишма ишлари пайти 13.5 килолик олтин топиб олгани ва бу олтин давлат органларига топширилганини айтганди:

- Қўқоннинг Эски шаҳар қисмида, Ҳамза театрининг орқасида бешта ишчимиз канализация қувурларини янгилашаётган эди. Экскаваторда ерни ковлашган. Биз билан ишлайдиган Қобил ака қазилган жойга тушса¸ ялтиллаган нарса кўринган. Тўрт бурчак ялтироқ метал. Ўйилган ёзувлари ҳам бор. Органларга олиб боришса, олтин экан, олиб қолишибди. Ўшандан уларга қанчасинидир беришар экан, деган эди Сув-оқава ширкати раҳбарларидан бири.

Қўқон марказида қазишма ишларини олиб бораётган Сув-оқова ширкати ишчилари олтин топгани ҳақидаги хабарлар ва шу олтиннинг фотосурати уяли телефонлар орқали тарқалиб кетди.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, тарих ва маданият ёдгорликлари жумласига кирадиган ашёлардан иборат хазина топган шахс, уни давлатга топшириши шарт.

Хазина топган шахс¸ шу давлат мулкига топширилган хазина қийматининг 25 фоизи миқдорида мукофот олиш ҳуқуқига эгадир.

Топилган олтиннинг қиймати таxминан 750-800 минг АҚШ доллари атрофида баҳоланмоқда. Агар қўқонлик ишчиларга қонунда кўрсатилгани каби пул бериладиган бўлса, уларнинг ҳар бири камида 50 минг АҚШ долларидан мукофот пули олишлари керак.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG