Линклар

Ер куррасининг энг шимолий нуқтасига илк бор Ўзбекистон байроғи тикилди. Байроқ космонавт учувчи, полковник Солижон Шарипов томонидан ўрнатилди. Ўзбек космонавтига кўра, Шимолий қутбга Ўзбекистон байроғини шахсий ташаббуси билан тиккан.

Шу йилнинг апрель ойида Россия Федерацияси олий унвонига эга бир гуруҳ қаҳрамонлар Ер куррасининг шимолий қутбига чиқиб, "СССР Қаҳрамони" унвони таъсис этилганининг 80-йиллигини нишонлади.

Ернинг энг шимолий нуқтасини забт этиб қайтганлар орасида биринчи ўзбек космонавти, Россиядаги биринчи ўзбек Қаҳрамони полковник Солижон Шарипов ҳам бор.

50 ёшни қаршилаётган Солижон Шарипов Озодлик билан суҳбатда шахсий ташаббуси билан шимолга ўзбек байроғини ўрнатиб келганини айтади:

- СССР Қаҳрамони унвонининг таъсис этилганига 80 йил тўлди. 80 йил олдин етти учувчи Шимолга бориб “Челюскин” пароходидан одамларни қутқарган. Шу сабабли биз етти нафар “герой” бориб шу қаҳрамонликни такрорладик. Шимолий қутбга чиққан биринчи ўзбек бўлдим, - дейди Солижон ака.

Шариповга кўра, “Қаҳрамонлар десанти” Шимолий қутбдаги ўз тадбирини, шунингдек, Совет қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилишининг 25 йиллиги, Россия Қаҳрамони унвони таъсис этилганининг 22 йиллиги ва Иккинчи Жаҳон урушида эришилган Ғалабанинг 70 йиллигига бағишланган.

- Самолётда Норвегияга учдик. У ёқда лагерь бор. Лагердан Ернинг энг тепасига вертолётда учиб бордик. Ҳарорат минус 40, шамол, совуқ... Шу шароитда байроқларни кўтардик. У ерда нафақат Ўзбекистон байроғи, балки Россия Қуролли Кучларининг қўшин турлари байроқлари ҳам ўрнатилди. Шунингдек, муфтият, МЧС байроқларини олиб бордим. Ўзбекистон ва муфтият байроғи – ўзимнинг шахсий ташаббусим эди, - дейди Солижон Шарипов.

Россия фуқароси бўлган Солижон ака қутбга олиб чиқилган ФВВ байроғини Россия Фавқулодда вазиятлар вазири Владимир Пучковга топширгани, яқин орада шимолга олиб чиқилган ҳарбий туғларни мамлакат Мудофаа вазири Сергей Шойгуга совға қилишини билдирди.

Шимолий қутбни тантанали “забт” этилишида таниқли саёҳатчи-метеоролог Артур Чилингаров, Россия Қаҳрамонлари генерал - полковник Н. Антошкин, 1945 йилда Берлин ҳужумида иштирок этган Б. Рунов ва бошқалар бўлган.

Шимол иқлими тўғрисида гапирар экан, Солижон Шарипов “Шимолда туриб қайси тарафга қарамасанг - Жануб бўлиб чиқади”, дея кулади:

- Ҳар хил миллат вакиллари бўлди, жумладан, мен ўзбеклардан. Бу менинг Шимолга иккинчи маротаба чиқишим. Биринчи маротаба 1995 йилда илмий экспедиция сафида бўлганман. Шимолий қутбга фақат апрель - май ойлари бориш мумкин. Кейин музлар эриб, самолёт қуна олмайди. Қишда эса - 60-70 ҳарорат бўлади. Мана шу апрель - май давомида қуёш пасаймайди, айланиб юраверади, қоронғу тушмайди. Қутбда 3-4 минг метр баландликда ҳаво етишмаслиги билан баробар ҳис қиласиз ўзингизни. Биз 6 апрелда ўша ерда бўлдик, 7 апрель куни ортга қайтдик, - дея Шимолий қутбга ўз саёҳатини эслади космонавт Солижон Шарипов.

Суҳбат сўнггида Солижон Шарипов экспедиция иштирокчилари Шимолий қутбда туриб, Ер юзида яшаётган одамларни тинчликка даъват этувчи мурожаатнома қабул қилганликларини ҳам айтди.

-----------------------

Ўзганлик Солижон Шарипов 1998 ва 2004 йилларда космик кемаларда Ер курраси орбитасига учган, икки маротаба очиқ космосга чиққан. Россия ва Қирғизистон Республикалари Қаҳрамони. Ўзбекистонда "Буюк хизматлари учун" ва "Амир Темур" орденлари билан тақдирланган.

Шимолий қутб ва унга туташган минтақа, халқаро шартномаларга кўра, бирор мамлакат ҳудуди саналмайди. Қутбга энг яқин станция – Россиянинг Борнео арктик станцияси шимолий нуқтадан 75 километр жануброқда жойлашган.

Жанубга энг яқин бўлган Норвегияга қарашли Лонгйирда БМТ ташаббуси билан жаҳон миқёсидаги фалокатлардан сақланиш учун Бутунжаҳон уруғ сақлаш омбори тузилган.

Ернинг энг шимолий нуқтасида қутб куни 18 мартдан 26 сентябрга қадар 186 кун давом этади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG