Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:37

Славянскда Украина байроғи кўтарилди


Россияпараст қуролли гуруҳлар Украина шарқидаги Славянск шаҳридан чекинишига мажбур бўлди. Украина матбуотига кўра, Славянскда бир қатор ҳукумат биноларини эгаллаб турган жангарилар шанба куни эрталаб ғойиб бўлишган. Улар Краматорскка кўчиб ўтишгани хабар қилинмоқда.

Россияпараст айирмачи жангарилар Славянск шаҳрини тарк этиши ортидан Укрина президенти Петро Порошенко мамлакат шарқидаги ушбу шаҳар кенгаши биносига украин байроғини тикишни буюрди.

Кўп ўтмай Украина мудофаа вазири Валерий Гелетей Славянск шаҳар кенгаши биноси узра украин байроғи кўтарилгани ҳақда маълум қилди.

Гувоҳларга кўра, шанбага ўтар кечаси россияпараст қуроллилар бир қанча БТР, ҳарбий юк машиналарида Славянскдан чиқиб кетганлар. Бу хабарни Украина ички ишлар вазири Арсен Аваков ҳам тасдиқлади.

Жаноб Аваков Facebook саҳифасида россияпараст жангариларнинг аксар қисми Славянскдан қочгани ҳақида ёзди. Аваков Славянск шаҳридан чиқиб кетишга уринган бир гуруҳ жангарилар Украина қуролли кучларининг ракета ҳужумига учрагани ҳақида ёзди.

-Террорчилар тор-мор этилмоқда, улар тум-тарақай қочмоқда, кўпчилиги асирга олинди, - деб ёзди Аваков.

Аввалроқ Украина мудофаа вазири Валерий Гелетей Славянск бўсағасидаги Николаевка посёлкаси ишғолчилардан озод этилганини маълум қилганди.

Ҳарбий амалиёт пайти айримлари Россия фуқаролари бўлган элликдан зиёд жангари асир олинган. Бир неча кун давомида гаровда ушлаб турилган 150 аёл ва ёш бола озод қилинган.

Украинанинг Донецк вилоятидаги 120 минг аҳоли яшовчи Славянск шаҳри россияпараст айирмачиларнинг асосий қўрғони бўлиб қолаётган эди. Россияпараст қуроллилар бу шаҳарни 6 апрель куни ишғол этган ва ўшандан буён назорат қилиб туришганди.

Жанггариларнинг Славянскдан чиқиб кетиши Киев ҳукуматининг айирмачиларга қарши уч ойдан буён давом эттираётган ҳарбий амалиётидаги муваффақиятли бурилиш сифатида кўрилмоқда.

XS
SM
MD
LG