Линклар

2014 йилнинг биринчи чорагида Россиядан Ўзбекистонга 910 миллион доллар пул ўтказилган, бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 11,73 фоизга камдир. Бу ҳақда UzDaily нашри Россия Марказий банки маълумотларига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг дастлабки чорагида юборилаётган ўртача пул чўғи ҳам озайиб, 492 АҚШ долларини ташкил қилган. Ваҳоланки, 2013 йилнинг бу даврида мазкур сумма 513 долларни ташкил қилган. Бу эса юборилаётган ўртача сумма 4,1 фоизга қисқарганини англатади.

Айни пайтда Ўзбекистондан Россияга ўтказилаётган пул ҳажми ошгани айтилмоқда. Агар 2013 йилнинг биринчи чорагида Россияга 127 миллион АҚШ доллари юборилган бўлса, бу йилниг дастлабки чорагида бу сумма 137 миллион долларни ташкил қилди. Бу эса Ўзбекистондан Россияга кетаётган пул ҳажми 7,87 фоизга ошганини билдиради.

Бироқ, Россия Марказий банки маълумотларига кўра, Ўзбекистондан Россияга келаётган маблағларнинг ўртача суммаси ҳам камайган. Дейлик, ўтган йили битта банк операцияси учун ўртача сумма 1816 долларни ташкил қилган бўлса, бу йил бу кўрсаткич 1750 долларга тенг бўлиб турибди.

Россия МБ бу пул ўтказмалари Anelik, BLIZKO, Coinstar Money Transfer, Contact, InterExpress, Migom, MoneyGram, PrivatMoney, UNIStream, Western Union, АзияЭкспресс, АЛЛЮР, Блиц, Быстрая Почта, Золотая Корона, ЛИДЕР ва Россия почтаси орқали амалга оширилганини қайд этган.

XS
SM
MD
LG