Линклар

logo-print

Ўзбекистонлик боксчи Руслан Чагаев Жаҳон бокс ассоциацияси (WBA) йўналиши бўйича энг оғир вазн тоифасида “мунтазам” жаҳон чемпиони унвони учун ўтказилган жангда пуэрто-риколик Фрес Окендони мағлубиятга учратди.

6 июль куни Грознийдаги “Аҳмад-Арена” спорт мажмуасида бўлиб ўтган 12 раундли жангда Чагаев очколар (114-114, 115-113 ва 115-113) ҳисобидан ғалабага эришди.

Профессионал рингда 36 та жанг ўтказган Руслан Чагаев улардан 33 тасида ғалаба қозонган, бир марта дуранг натижага эришган ва икки марта мағлуб бўлган. Унинг 45 та жанг ўтказган рақиби Окендо эса 37 та жангда ғолиб, 8 та жангда мағлуб бўлган.

Ўзбекистоннинг Андижон шаҳрида туғилган Руслан Чагаев 2007 йилда "россиялик дев" лақабли Николай Валуевни енгиб, илк бор профессионал бокснинг WBA йўналиши бўйича энг оғир вазн тоифасида Жаҳон чемпиони бўлган ва ўшанда Ўзбекистонда чемпионни миллионлаб ишқибозлари олқишлар билан кутиб олган эди. Бироқ 2010 йилда украиналик Владимир Кличко билан жангда мағлубиятга учраган Чагаев энг оғир вазн тоифасидаги чемпионлик камарини бой бериб қўйганди.

WBA йўналиши бўйича “мунтазам” жаҳон чемпиони камари ўтган йили россиялик спортчи Александр Поветкин украиналик боксчи Владимир Кличкодан калтак еб, мағлуб бўлганидан кейин соҳибсиз қолганди.

Жаҳон бокс ассоциацияси мазкур камар учун жанг энг оғир вазндаги боксчилар рейтингида 3-ўринда турган Руслан Чагаев ва 4-ўринда турган Фрес Окендо ўртасида бўлиб ўтиши кераклигига қарор қилган.

Чагаев-Окендо жанги дастлаб шу йилнинг 7 июнига белгиланган, бироқ айрим сабабларга кўра бир ойга кечиктирилганди.

Жангдан бир неча кун аввал америкалик боксчи Окендо Чеченистон пойтахтига белгиланган муддатда келмагани учун ўтмай қолиш эҳтимоли туғилган, ҳатто 3 ва 4 июлга белгиланган матбуот анжумани ва очиқ машқ бекор қилинган. Шундан сўнг ташкилотчилар Окендони бошқа боксчи билан алмаштириш ҳақида бош қотира бошлагандилар. Бироқ америкалик боксчи шанбага ўтар кечаси Грознийга етиб келди. Кейинроқ жанг ташкилотчилари Окендонинг кечикиши сабабини унинг оиласида фарзанд туғилгани билан изоҳладилар.

35 ёшли Руслан Чагаев ўтган йилдан буён бокс жангларида Чеченистондаги Аҳмад ҳожи Қодиров номли бокс клубини тамсил этиб келмоқда.

Чагаев чемпионлик камарини қўлга киритса, украиналик Владимир Кличкога қарши рингга тушиш режаси борлигини айтган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG