Линклар

Солиқдан "қарзга ботган" қизилтепалик фермерлар автомобили тортиб олинмоқда


Озодлик билан суҳбатлашган фермер Дамас автомобилини

Озодлик билан суҳбатлашган фермер Дамас автомобилини

Навоий вилояти Қизилтепа тумани ҳокимияти 30дан ортиқ фермернинг автомобили "солиқдан қарздорлиги учун" учун олиб қўйилганини айтмоқда. Аммо, Озодлик суҳбатлашган фермерлар айни ғалла ўримида амалга оширилган бу ҳаракатдан мақсад етиштирилган ғалла ҳосилини тўлиқ давлатга топшириш учун деҳқонларга ўтказилаётган босим сифатида баҳоланмоқда.

Навоий вилояти Қизилтепа туманида фаолият юритаётган 30дан ортиқ фермернинг автомобили туман Суд қарорларини ижро этиш департаменти томонидан олиб қўйилди.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган ва исми сир қолишини сўраган фермерга кўра, автомобиллар "солиқдан қарздорлик" баҳонасида олинмоқда. Унинг айтишича, машинасини қайтариб олиш учун пора беришга мажбур бўлган.

- Менга ҳам солиқдан 26 миллион сўм қарз чиқариб беришди. Бир кунда суд бўлди ва келиб, Дамасимни олиб кетишди. Суд решениеси билан олаяпмиз, дейишди. Мен бунча солиқни тўлолмаслигим аниқ эди. Кейин бордимда, қўлига пулини бериб, машинамни олиб келдим,- дейди исмини сир сақлашимизни сўраган қизилтепалик фермер.

12 йилдан буён ғалла ва пахта экиб келаётган бу деҳқон автомобили олинган 30дан ортиқ ҳамкасбини билишини айтмоқда.

- Ҳаммасининг машинаси район суднинг ҳовлисида турибди. Биринчи кун борганимда 30тадан ошиқ машина бор эди. Кеча борсам, 20тача машина қолипти. Баъзиларининг 30-40 миллион сўм солиқдан қарзи бор. Ҳозир ҳеч ким тўлолмайди бунча пулни,- дейди қизилтепалик фермер.

Қизилтепа тумани Суд қарорларини ижро этиш департаментидан бу борада бирор изоҳ олишнинг имкони бўлмади. Аммо, Қизилтепа тумани ҳокимининг Иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Насриддин Ҳайитов Озодлик мухбирининг баъзи саволларига жавоб берди.

Мухбир билан микрофонсиз суҳбатлашган ҳоким ўринбосарига кўра, айни ғалла ўрими пайтида фермерларнинг ёдига солинган қарздорлик масаласи актуалдир ва автомобиллар қонуний асосда олинмоқда.

"Ғалла ўримига бунинг алоқаси йўқ. Ҳаммасининг солиқдан қарзи бор. 1 миллион - 10 миллион сўм қарзи бор фермерларга тегилаётгани ҳам йўқ. 50-60 миллион қарзи борларнинг машинаси арест қилинган. Мен биламан, бир фермер хўжалигининг солиқдан 60 миллион қарзи бор. Суд қарори асосида қарзи мулкига қаратилган, ҳаммаси қонуний", деди Қизилтепа тумани ҳокими ўрнибосари Насриддин Ҳайитов, Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда.

Ҳокимлик мутасаддиси туманда ғалла эккан фермерларнинг қарийб ҳаммаси бу йилги режани ошиғи билан бажаргани, Қизилтепада бу йил ғалла яхши ҳосил берганини айтиб ўтди.

Унинг яна айтишича, солиқдан қарзини узолмаётган фермерлар автомобилини пора эвазига олаётганига оид маълумотни қатъиян рад этди.

"Солиқдан қарзини тўласа ёки бож тўловини тўласа, кейин олиши мумкин. Унақа пора эвазига олдим, дегани бўлмаган гап", деди ҳоким муовини.

Ҳокимият расмийси фермерлар нега бу қадар катта миқдорда қарз бўлиб қолгани ва бу масала нега айнан ҳозир кўтарилгани ҳақидаги саволларга шундай жавоб берди:

"Давлат фермернинг 60 фоиз маблағини молиялаштирадида. Шу пул келганда, солиқдан қарзни тўлмасадан, бошқа мақсадда ишлатворган бўлиши мумкинда. Ё бир техника олиб юборган бўлиши мумкин, катта фермер бўлса. Энди қарзини тўлайдида. Ҳаммасининг ўзига олиб қолган ғалласи бор, мол-холи бор, машинаси бор. Қарзи мулкига қаратилади", деди ҳоким муовини.

Қизилтепалик фермерлар эса ҳоким муовинининг бу айбловларни инкор қилмоқда.

Ғалла ўрими ва пахтани суғориш зарур бўлиб турган пайтда уловсиз қолган қизилтепалик фермер 26 миллион сўмлик қарз йиғилиши сабабларини шундай изоҳлади:

- Ёқилғи қиммат. Биз етиштирган буғдойнинг пули ёқилғини қопламайди. Давлат биздан буғдойнинг килосини 418 сўмдан оладими? Кейин унинг келган пули ўғит билан соляркани ҳам тўлиқ қопламайди. Шу ҳамма пул ўша пайтда зарур ўғит ва ёқилғига кетиб қоладида,- дейди қизилтепалик фермер.

Унинг даъвоси қилишича, агар экин-тикин учун зарур ҳаражатларни бир четга суриб, солиқдан қарзини тўлаш истаги бўлган тақдидар ҳам фермерда бунинг имкони йўқ.

- Ғалланинг пули ҳисобга тушди, дегунча ҳокимиятдан битта-иккитаси банкага ўтириб оладида, пулни тақсимлайди. Кейин банкадан телефон қилиб: "Пулингиз Қишлоқ тараққиётига тушди, Маҳалла жамғармасига тушди, поручениега қўл қўйиб беринг", дейди. Нега сўроқсиз олдингиз, десангиз: "Ҳокимга боринг!" дейди. Ҳокимга борсанг: "Нега давлат сиёсатига қаршилик қилаяпсан!" деб гап бошлайди. Юрак безиллаб қолганда, хуллас,- дейди исми сир қолиши шарти билан Озодликка сўзлаган фермер.

Натижа шуки, Қизилтепа туманида фермерлар автомобили солиқдан қарздорлиги боис "арест" қилинаётган бўлсада, охир-оқибат, бу қарзнинг катта қисми ҳозир тўланмаслигини фермер ҳам, суд ижрочиси ҳам, ҳокимият мутасаддиси ҳам билади.

- Натижада, яна пул ундирилаяптида биздан. Биров 600 минг, биров 1 миллион бериб машинасини олаяпти. Солиқдан қарз турибди, уни мен ҳали бери тўлай олмайман,- дейди қизилтепалик фермер.

Навоий вилоятининг Қизилтепада ғалла ва пахта етиштириш билан 450га яқин фермер хўжалиги шуғулланади ҳамда тумандаги фермерларнинг айтишича, қайсидир кўринишдаги қарздорлик учун хусусий мулк - автомобилнинг олиб қўйилиши илк бор учрамоқда.

Бунга қадар Қорақалпоғистоннинг Қанликўл туманида фермерлар автомобили олиниши қайд этилган ва туман ҳокимлиги мутасаддилари бунинг ғалла режаси бажарилмаган фермерларга кўрилаётган чора эканини тасдиқлаган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG