Линклар

Қирғизистон ва Россия Қаҳрамони Солижон Шарипов оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда шимолий қутбга байроқ тикиш масаласига ойдинлик киритди. Озодлик билан суҳбатда космонавт “Нима учун Шимолий қутбда у фақат Ўзбекистон байроғинигина тикди?” қабилида берилаётган саволларга Арктикага Қирғизистон байроғини ҳам олиб чиққани, фақат уни тикмагани сабабларини тушунтирди.

Ўтган ҳафтада Озодлик билан суҳбатда космонавт Солижон Шарипов Ер куррасининг шимолий қутбига бир нечта байроқ, жумладан, Ўзбекистон байроғини тиккани тўғрисида гапириб берган эди.

- У ерда нафақат Ўзбекистон байроғи, балки Россия Қуролли Кучларининг қўшин турлари байроқлари ҳам ўрнатилди. Шунингдек, муфтият, МЧС байроқларини олиб бордим. Ўзбекистон ва муфтият байроғи – ўзимнинг шахсий ташаббусим эди,- деган эди Солижон Шарипов.

Айни пайтда, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда авж олган баҳсу мунозаралар иштирокчиларини бир савол қизиқтирмоқда: нима сабабдан асли қирғизистонлик илк ўзбек космонавти Солижон Шарипов Қирғизистон байроғини кўтармади?

Озодликнинг бу масалада қилган мурожаатига Солижон Шарипов Арктикага Қирғизистон байроғини ҳам олиб борганини айтади.

- Биринчидан, мен Қирғизистон элчихонасига “Байроқ беринглар, олиб чиқаман” десам, беришмади. Ўзим билан байроқни олиб борган эдим. Мен улар байроқни берса, расман уни тикаман, деган фикрда эдим. Демак бунинг ҳеч кимга қизиғи йўқ экан, ҳеч ким сўрамаяпти ҳам. “Йўқ биттаям, ўзимизда битта байроқ бор”, дейишди. Ваҳоланки бир ҳафта олдин айтилган. Иккинчидан, мен “Эл Ботири” – Қирғизистон Қаҳрамони унвонига эга одамман, бунинг ўзи рамзий маънога, яъни “Қирғизистон Эл Ботири шимолий қутбга қаҳрамонлар билан чиқди” деган маънога эга,- дейди Солижон Шарипов.

Шу билан бирга, ҳозирда Россия фуқаролигига ҳам эга космонавт байроқларни тикиш-тикмаслик масаласи унинг шахсий иши эканини эслатиб қўйди.

Маълум бўлишича, Ер курраси шимолига у Қуръони Карим билан бирга Қирғизистоннинг “Ак Шумкар” орденини ҳам олиб борган.

Шариповга кўра, “Қаҳрамонлар десанти” шимолий қутбдаги ўз тадбирини "СССР Қаҳрамони" унвони таъсис этилганининг 80-йиллиги, Совет қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилишининг 25 йиллиги, Россия Қаҳрамони унвони таъсис этилганининг 22 йиллиги ва Иккинчи Жаҳон урушида эришилган Ғалабанинг 70 йиллигига бағишланган.

Суҳбат сўнггида Солижон Шарипов экспедиция иштирокчилари Арктикада туриб, Ер юзида яшаётган одамларни тинчликка даъват этувчи мурожаатнома қабул қилганликларини ҳам қўшимча қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG