Линклар

logo-print

Олот туман “паспорт столи” – қўлансахонага марҳамат!


Бухоронинг Олот туманидаги "паспорт столи".

Бухоронинг Олот туманидаги "паспорт столи".

Шу кунларда Олот туман "паспорт столи"га бордим. У ердаги аҳволни кўриб, кулишниям, куйишниям билмайсан киши. Юзга яқин одамнинг ҳаммомдек қизиган тор йўлакда соатлаб навбат кутиши ачинарли ҳолат, менимча. Кутиш ўз йўлига, нафас олиш катта муаммо экан. Камига тер ҳидидан ҳам баҳраманд бўласиз.

Бақир-чақир, жанжал, асабий муҳитда ҳолдан тоясиз. Мақсадим мутасаддиларни айблаш эмас, аммо бу аҳволни бартараф қилиш чоралари кўрилмаётгани мени таажжублантирмоқда. Чунки роппа-роса бир йил олдин борганимда ҳам шунақа аҳвол эди.

Биттагина кондиционер қўйиш билан соатлаб кутишга маҳкум олотликлар қўланса ҳид ва чидаб бўлмас иссиқдан халос бўларди. Бу ҳам иложсиздир балки, аммо яна бир вазият борки, буни идора ходимларининг ўзи уюштирганмикин, деган ўйга бордим.

Тасаввур қилинг (ёки бошингиздан ўтган бўлса, эсланг), ҳужжатларни қўлтиқлаб, паспорт столи бошлиғи қабулига кириш учун навбатга ёзиласиз. Омадингиз келиб, 50-60-бўлиб кирдингиз, дейлик. Бошлиқ ҳужжатларингизни текширади. Ҳаммаси тўғри бўлса, қўлингизга анкета беради.

Бошлиқ қабулидан чиққанингиздан кейин ақл билан фикр юритилса, умуман кераксиз расмиятчиликка дуч келасиз. Энди сиз яна навбатга ёзилиб, котиба қизларга анкетани тўлдиртиришингиз керак. Паспорт олиш ёшига етган одам наҳотки ўзи анкета тўлдира олмаса? Битта анкета тўлдириш учун соатлаб навбат ҳосил қилишнинг сабаби котиба қизлар олаётган 2500 сўмда эмасмикан?

Сабаб пулда бўлмаган тақдирда ҳам, бошлиқ қабулидан тўғри котибаларга йўналтиришни ташкил қилиб, навбатбозликни йўқотса бўлади-ку. Ҳали олдинда расмга тушиш учун навбатга ёзилиш кераклиги ҳисобга олинса, одамларга анчагина қулайлик бўларди бу.

Бухоролик саргардон

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG