Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:28

Россияда ҳибс қилинган ўзбекистонлик қочқин очлик эълон қилди


Сурат Jarayon.com сайтидан олинди.
Сурат Jarayon.com сайтидан олинди.

Россиянинг Самара шаҳрида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ҳибсга олинган фарғоналик 31 ёшли Баҳодир Каримов очлик эълон қилди. Каримов ЕХҲТга аъзо давлатлардан унинг Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши олдини олишда ёрдам сўрамоқда.

“ЕХҲТга аъзо мамлакатларни “Сўз ва фикр эркинлиги” мавзусига бағишланган анжуман кунида менга ёрдам беришлари мақсадида очлик бошлашимни эълон қиламан”, - дейилади ўзбек қочқини Баҳодир Каримовнинг мурожаатида.

Париждаги “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева Озодлик билан суҳбатда Баҳодир Каримовнинг ЕХҲТ давлатларига йўллаган баёноти унинг адвокати орқали етиб келганини айтди.

- Биз Баҳодирнинг адвокати билан ҳам мулоқотда бўлиб турибмиз. Баҳодир Венага боришимни адвокатдан эшитиб, мен расман очлик эълон қиламан, Мўътабар опа баёнотимни ўша ерда тарқатсин, деган экан. Мен Вена шаҳрида “Ким айбдор, навбатдаги ким?” номли ўтказган акциямда Баҳодирнинг баёнотини ҳам ЕХҲТ йиғилиши қатнашчиларига тарқатдим, деди “Ўтюраклар клуби” раҳбари.

Мўътабар Тожибоева ҳибсдаги Баҳодир Каримовнинг баёноти фикр эркинлиги мавзусига бағишлаб Вена шаҳрида уюштирилган ЕХҲТ анжуманининг 300 нафар иштирокчисига тарқатилганини айтди.

“Ўтюраклар клуби” маълумотига кўра, Баҳодир Каримов 2014 йилнинг 10 июнь куни қўлга олинган.

Ўзбекистон расмийлари қочқин Баҳодир Каримовга мамлакат Жиноят кодексининг 159-1 (“Конституциявий тузумга тажовуз қилганлик”) ва 244-1 (“Диний экстремизм, айирмачилик ва фундаментализм ғоялари акс этган ҳар қандай шаклдаги маълумот ва материалларни тарқатганлик”) каби моддалари бўйича айблов эълон қилган.

“Ўтюраклар клуби”нинг Интернетдаги Jarayon.com саҳифасида эълон қилинган маълумотга кўра, 1999 йили Тошкентда содир бўлган портлашлардан сўнг ўзбек махсус хизматлари Баҳодир Каримовнинг уч акасини диний экстремизм ва террорчиликка алоқадорлик каби айбловлар билан қамоққа олган.

2005 йилда Баҳодир онасининг қистови билан Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган.

Дастлаб Россиянинг Екатеринбург шаҳрида яшаган Баҳодир Каримов 2010 йилда Самара шаҳрига борган.

2013 йилда у Россия фуқароси бўлган Татьяна исмли қизга уйланган.

Татьяна Каримова “Ўтюраклар клуби” билан суҳбатда ўзбек расмийларининг турмуш ўртоғига нисбатан билдирган барча айбловлари уйдирма экани ва эри ҳеч қачон диндор бўлмагани, намоз ўқимагани ва масжидга бормаганини урғулаган.

Татьяна Каримовага кўра, жорий йилнинг июнь ойида Самара шаҳар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Баҳодир турмуш ўртоғи билан яшаб турган уйда икки маротаба тинтув ўтказган.

Самара шаҳар суди 10 июнда ҳибсга олинган Баҳодир Каримовни 9 июлгача, яъни унинг Ўзбекистонга экстрадицияси бўйича қарор қабул қилингунига қадар ҳибсда сақлаш ҳақида қарор чиқарган.

Ҳозирда ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари Баҳодир Каримов Ўзбекистонга экстрадиция қилинган тақдирда унга нисбатан қийноқ қўлланиши, сохта жиноий иш очилиши ва узоқ муддатга қамалиши юзасидан хавотир билдирмоқдалар.

XS
SM
MD
LG