Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:25

Ироқ парламенти августга қолдирилган йиғилишни июлга кўчирди


Ироқнинг янги парламенти янги ҳукумат тузиш муҳокамасига қаратилган сессия санасини яна ўзгартирди. Аввалига 12 августга қолдирилган йиғилиш 13 июлга кўчирилди. Ироқ парламентидаги сиёсий гуруҳлар янги ҳукумат туза олмаётган бир пайтда Курдистон пойтахти Эрбилда йиғилган сунний қабила раҳбарлари Бағдоддаги бу жараёнларни қувватламаслиги, янги-эски парламентни тан олмаслигини билдирди.

Ироқнинг янги парламенти кейинги ҳафта учрашиб, янги ҳукумат тузиш бўйича музокараларни давом эттиришга келишди.

Ироқ парламенти спикери вазифасини бажараётган Меҳди ал-Ҳафид 8 июль куни тарқатган баёнотда "халқ манфаатлари ҳамда конституционал процедуралар доирасида" парламент аъзолари муҳокама санасини тезлаштиргани айтилди.

Аввалига бу музокаралар 12 августга қолдирилган ва бу сусткашлик мамлакат ичкариси ҳамда ташқарисида норозиликларга сабаб бўлган эди.

Ҳозирча Ироқ парламенти аъзолари мамлакатдаги сунний, шиа ва курд сиёсий гуруҳлари ўртасига раҳна солиб келган масала - ҳукуматдаги асосий лавозимларни тақсимлаш бўйича келиша олмади.

Ўтган ҳафтадаги илк йиғилиш ҳеч бир натижасиз тугаган эди.

Мамлакатдаги сиёсий гуруҳлар етакчилари лавозимлар бўйича тортишувларини давом эттираётган бир пайтда собиқ ИШИД, ҳозирда ўзини "Исломий давлат" деб номлаган гуруҳ жанг ҳаракатларини давом эттирмоқда.

Ироқ қўшинлари 8 июль куни "Исломий давлат" жангариларининг Ироқдаги энг йирик Байжи нефт заводига яқинлаётган каттагина гуруҳига ҳаводан зарба берганини маълум қилди.

Жанг ҳаракатлари бораётган мамлакатни ташлаб қочаётган қочқинлар сони ҳам ортмоқда. БМТнинг Ироқдаги миссияси шу кеча-кундузда Ироқнинг Синжар вилоятидан қочиб, Курдистон чегарасига борган 8 мингдан ортиқ оила сарсон қолаётганини маълум қилди.

Қочқинликка маҳкум жами ироқликларнинг 35 минги эса 5 ёшга тўлмаган болалар экани маълум қилинди.

Ироқнинг Фаллужа, Тал-Афар, Мосул, Бакууба каби йирик шаҳарларда халифалик байроғини тиккан "Исломий давлат"нинг етакчиси ва дунё мусулмонлари халифаси, деб даъво қилинган Абу Бакр ал-Бағдодий эса, гуруҳ иддаосича, шу кунларда Мосулда қолмоқда.

5 июль куни Интернет тармоғида тарқатилган видеомурожаатда қора жубба ва саллада кўринган шахснинг ҳақиқий Бағдодийми ёки йўқлигига оид савол ҳануз очиқ қолмоқда.

Бу иш суриштирувига киришган АҚШ махсус хизматлари унинг Бағдодий эканини тахмин қилаётгани ғарб матбуотида норасмий манбаларга таянган ҳолда хабар қилинди.

Муҳими, 7-8 июль куни ижтимоий тармоқларда видеотасмада "Исломий давлат" қурганини даъво қилган шахснинг қўлидаги соат муҳокамаларга сабаб бўлди.

Кўринишидан қимматбаҳо Rolex, Sekonda ёхуд Omega Seamaster русумидаги соат, деб баҳоланган бу матоҳнинг нархи, агар у асл мол бўлса, 3 ярим минг АҚШ долларидан 6 ярим минг долларга қадар баҳоланади.

Ижтимоий тармоқларда дунёга илк кўриниш берган халифанинг қимматбаҳо буюмга ихлоси айрим фойдаланувчилар томонидан танқид қилинса, айримлар томонидан киноя ва мазах остига олинди.

Дарвоқе, 43 ёшга кирган Бағдодий Ироқнинг Самарра шаҳрида туғилган ва АҚШ қўшинлари Ироқда бўлган даврда масжидда муллалик қилган. Бағдодий Бағдод университетида исломий илмларни ўрганган ва докторлик даражасига эришган.

Шу тариқа, бир ойга қолмасдан Ироқнинг йирик шаҳарларини эгаллаб олиб, кутилмаганда халифалик эълон қилган ва бутун дунё мусулмонларига ўз халифасини кўрсатган бу гуруҳнинг ҳаракатлари эса дунё сунний мусулмонлари томонидан ҳам қувватланмаётир.

Куни кеча Ислом уламолари халқаро иттифоқини тан олмаслигини олмаслигини маълум қилди. 8 июль куни эса Ироқдаги сунний қабилалар раҳбарлари Курдистон пойтахти Эрбилда йиғилиб, бу гуруҳни қувватламаслигини билдирди.

Айни пайтда, унга қарши ҳам гапирмаётган ироқликлар сунний қабилалар етакчилари Бағдоддаги жараёнлардан норозилигини кескин билдирди ва Бағдоддаги янги ҳукуматни тан олмаслигини баён қилди.

Туркиядаги норасмий манбалар бу жангарилар сафида ўзбекларнинг ўзларини "Сабрийлар" деб атаган гуруҳи ҳам қўшилгани, гуруҳ сафида Марказий Осиёдан борган 3 мингга яқин ўзбек борлигини айтиб келади.

XS
SM
MD
LG