Линклар

logo-print

“Эгаси” йўқ ўзбек муҳожирларини Пулковода тиббий суғурта олишга мажбурлашмоқда


"Пулково" аэропорти

"Пулково" аэропорти

Озодликка Санкт Петербургдан боғланган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири шаҳарнинг “Пулково” аэропортига учиб борган ўзбекистонликларни маҳаллий маъмурлар тиббий суғурта сотиб олишга мажбурлаётганидан шикоят қилди.

Мавзуни ўрганар эканмиз, Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари ўртасида фуқароларнинг ўзаро борди-келдиларига оид 2000 йили имзоланган келишувда белгилаб қўйилган ҳужжатлар орасида тиббий суғурта тилга олинмаганини аниқладик.

Пулководаги тиббиёт суғуртаси билан боғлиқ муаммога бундан 5 – 6 ой муқаддам қирғизистонлик муҳожирлар ҳам дуч келган, лекин масала Қирғизистоннинг консули аралашуви билан ҳал бўлган эди.

Озодликка Санкт Петербургдан боғланган хоразмлик Русланнинг айтишича, бундан бир ой муқаддам хотини Ўзбекистондан “Пулково” аэропортига учиб борган.

- Паспорт назоратидан ўтиб, багажини олганидан сўнг уни милиция ва аэропорт ходимлари битта хонага киритган ва 1345 рублга суғурта сотиб олишга мажбурлашган, деб хабар қилди Руслан.

Унинг айтишича, аэропортда муҳожирга сотилган 1345 рублли суғуртани "Росгосстрах" ширкатининг шаҳардаги идораларидан 495 рублга олиш мумкин.

Руслан ўзининг яна бир муҳим кузатиши билан ҳам ўртоқлашди:

- Мен Ўзбекистондан келадиган самолётни кутиб турганимда Қирғизистондан самолёт учиб келди. Суғурта билан боғлиқ муаммо борлигини билганим учун қирғизлардан шуни сўрадим. Йўқ уларни ҳеч ким мажбурламапти. Мен ўзим тожикистонликлар билан ишлайман. Уларда ҳам бундай проблема йўқ, деди Руслан.

Масаланинг айнан шу жиҳатига бироздан сўнг қайтамиз.

Ҳозир эса, “Россгосстрах”нинг жавоби билан танишинг.

Ширкат бош оффисининг ўзини таништирмаган ходими “Пулково” аэропортида “Росгосстрах”нинг офиси йўқ, лекин брокерларимиз бўлиши мумкин”, деди.

Озодликнинг яна бир саволига жавобан “Россгосстрах” вакили “у ёки бу шахсга қайси давлат фуқароси эканлигидан келиб чиқиб муомала қилиш тўғрисида ҳеч қандай расмий кўрсатма йўқ”, деб жавоб берди.

“Пулково”даги суғуртачи брокерни излаш жараёнида бошқа, брокердан ҳам муҳимроқ информацияга дуч келдик.

Маълум бўлишича, Россияда чиқадиган “Новая газета” ўрганаётганимиз мавзуни бундан 6 – 7 ой муқаддам биздан кўра чуқурроқ ўрганган.

Газетанинг 2013 йил, 13 декабрь кунги сонида “В Петербурге гастарбайтеры попадают в “экспериментальную зону” сарлавҳаси остида эълон қилинган мақолада айнан Озодлик тингловчиси Руслан айтган ҳодиса ўрганилган.

“Новая газета”нинг мақоласи билан мана бу ишора орқали ўзингиз танишиб оларсиз.

Биз эса, газета ўз сўровига жавобан Россия ташқи ишлар вазирлигидан олгани жавоб билан таништириб қўймоқчимиз.

Вазирлик жавобида Россия Федерацияси ҳукумати ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида 2000 йил, 30 ноябрида фуқароларнинг ўзаро борди-келдилари тўғрисида келишув имзолангани, ҳужжатда ҳар иккала давлат фуқароларининг борди-келдиларини тартибга солувчи ҳужжатлар рўйхати берилгани, ўша рўйхатга тиббий суғурта полиси киритилмагани айтилган.

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг жавоби ёзилган 2013 йил, 5 ноябрдан бери бу масалада Россия ва Ўзбекистон ўртасида бирон бир янги ҳужжат имзолаганига оид хабар пайдо бўлган эмас.

Озодликка мурожаат қилган хоразмлик Руслан бояроқ “Пулково” аэропортида тиббий суғурта олишга фақат ўзбекистонликларни мажбурлашаяпти, қирғиз ва тожикларни суғурта сотиб олишга ҳеч ким мажбур қилмаяпти, деган эди.

Хўш, нега?

Бу саволнинг ҳам билвосита жавобини “Новая газета”нинг 2013 йил, 13 декабрь кунги сонидан топгандай бўлдик.

Мақола муаллифи бу мавзуга нима учун қизиқиб қолганини тушунтирар экан, мана бундай ёзган:

“Бу масалани ўрганишга уринишларимиз “Новая газета”га Қирғизистоннинг Петербургдаги фахрий консули Таалайбек Абдиевнинг мурожаатидан бошланди. Унинг айтишича, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларини “Пулково-1”дан чиқаверишда ушлаб олиб, тиббий суғурта расмийлаштиришга мажбурламоқдалар...”

Қирғизларни "Пулково"да тиббий суғурта сотиб олишга мажбур қилишмаётгани сабаби мана шу нуқтада, яъни Қирғизистоннинг фахрий консули ўз ватандошлари ҳуқуқларини ҳимоялаб елиб-югурганидадир?

Тожикистон ҳукуматининг ҳам ўзнинг Россияда юрган фуқаролари ҳимояси йўлида қиладиган ҳаракатлари тўғрисида хабарлар пайдо бўлиб туради.

Лекин Ўзбекистон дипломатларининг бу соҳада қилган ишлари тўғрисида, юмшоқроқ айтганда, шу пайтгача ҳеч ким хабар қилган эмас.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG