Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:23

OzodNavigator: Рамазон амалларини қандай адо этяпсиз?


Татаристон пойтахти Қозонда Ёрдам масжидида 3 июль кунги ифторга ўзбекистонлик муҳожирлар ҳам келди.
Татаристон пойтахти Қозонда Ёрдам масжидида 3 июль кунги ифторга ўзбекистонлик муҳожирлар ҳам келди.

OzodNavigator дастурининг 9 июль, чоршанба куни – Рамазон ойининг 12 кунида – Тошкент вақти билан соат 19:05 да эфирга чиққан сонида муҳожиратда юрган ўзбекистонлик мусулмонлардан “Рамазон амалларини қандай адо этяпсиз?” деган саволга жавоб қидирдик.

Дунё мусулмонлари учун муқаддас Рамазон ойининг учдан бири ўтди. Муқаддас ой ибодати ва фарз амалларини мусулмонлар, ўз шароитидан келиб чиққан ҳолда, кимдир уйида, яна кимдир жамоа бўлиб, адо этмоқда.

Айниқса, муҳожиратда юрган мусулмонлар қаторида, жаҳонгашта ўзбекистонликларнинг кўпчилиги оғизочар пайт яқинлашгач ҳалол емак тортиладиган ресторану ошхона қидиради. Ёки, масалан, Прагадаги бешта масжиднинг ҳар бирида ҳар куни рўзадор муҳожирлар учун ифторлик уюштирилмоқда. Ифторликдан кейин таровеҳ ўқилади.

Ўзбекистонда мусулмонларнинг Рамазон ойи фарз амалларини ўзлари истаганларича адо этишларига шароит йўқлигини айтиш мумкин, чунки сўнгги беш-олти йил давомида жамоат жойларида ифторлик уюштириш, ҳукуматнинг оғзаки кўрсатмасига кўра, тақиқланган. Ўтган ҳафта бу тақиқни бузиб, 250 киши учун ифторлик ўтказган “Султон” ресторани жазолангани ҳақида Озодлик хабар қилди.

Ўзбекистон президентининг “Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорига қрамасдан, нафақат умумий овқатланиш шохобчалари, балки мусулмонларнинг бошқа ибодатларига ҳам чекловлар жорий қилинган. Масалан, таровеҳни ҳар қандай масжидда ўқиб бўлмайди, бунинг учун мусулмонлар фақат жоме масжидга боришлари керак. Жоме масжидларга ҳам ҳаммани қўйишмайди, бу йил 18 ёшга кирмаганлар таровеҳда қатнашгани учун бир миллион сўмгача жаримага тортилмоқда.

​OzodNavigator дастурининг навбатдаги сонида муҳожиратда юрган, хорижда яшайдиган ва хорижда бўлиб қайтган ўзбекистонликлар ёрдамида “Рамазон амалларини қандай адо этяпсиз?” деган саволга жавоб изладик.

Хорижда ҳам давлат раҳбари, ҳукумат Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида буйруқ берадими? Бундай буйруққа эҳтиёж борми?

Сиз яшайдиган мамлакатда ифторликни қаерда қилмоқдасиз? Жамоат жойларида мусулмонлар учун хайрия ифторликлар уюштирилмоқдами?

Ресторан ёки кафеларда ифторлик ўтказиш мумкинми? Мусулмонлар бир жойга тўпланиб, ифторлик, ибодат қилганда, полиция ёки бошқа давлат идораси вакиллари бунга тўсқинлик қиладими?

Таровеҳ намозини қаерда ўқияпсиз? Сиз яшаб турган мамлакатда масжидлар кўпми? Таровеҳни масжидларнинг ҳаммасида ҳам ўқиш мумкинми?

Сиз яшайдиган мамлакатда ҳам масжидга мусулмонлар ёшига кўра киритиладими?

Бу саволлар атрофидаги фикрларингизни ёзиб юборишингиз, эшиттиришни виртуал давом эттиришимиз мумкин.

OzodNavigator билан саёҳатга марҳамат!

XS
SM
MD
LG