Линклар

Абдулла Афғонистон президентлик сайловида ғолиб бўлганини иддао қилди


Афғонистон президенти лавозими учун номзод Абдулла Абдулла мунозарали президентлик сайловида ғолиб чиққанини иддао қилди. 8 июль куни ўз тарафдорлари олдида чиқиш қилган Абдулла сайловнинг дастлабки натижалари соҳталаштирилиб, сиёсий рақиби Ашраф Ғанидан ортга қўйилганини иддао қилди.

Афғонистон президенти лавозими учун ўтказилган сайловнинг биринчи даврасида сайловчиларнинг энг кўп овозини олган Абдулла Абдулла сешанба куни пойтахт Кобулда минглаб тарафдорлари олдида қилган чиқишида сайловнинг якуний босқичида ғолиб чиққанини иддао қилди.

- Биз сайловнинг бу даврасида ғолиб бўлганимизга ҳеч шубҳа йўқ. Биз сохтакор ҳукуматнинг мамлакатни бир кун ҳам бошқаришига йўл қўймаймиз, дея баёнот берди.

Президентликка даъвогар Абдулла Абдулла "сохталаштирилган сайлов натижаларини на бугун, на эртага, ҳеч қачон қабул қилмаймиз", дея қўшимча қилди.

Абдулла сайлов бўҳрони хусусида АҚШ Президенти Барак Обама ва Давлат Котиби Жон Керри билан телефон орқали сўзлашганини билдирди.

Абдулла сайловни муҳокама қилиш учун 11 июль куни Жон Керри Кобулга ташриф буюришини маълум қилди.

8 июль кунги тадбирда Абдулла Абдулланинг тарафдорлари “Карзайга ўлим!” деб қичқирдилар. Улар президент лавозимини тарк этаётган Ҳамид Карзайнинг катта портретини йиртиб, ўрнига Абдулланинг суратини ўрнатдилар.

Айни пайтда, Абдулла Абдулланинг ўнлаб тарафдорлари Кобул халқаро аэропортида ҳам Ҳамид Карзайнинг портретини йиртиб ташлади.

Афғонистон собиқ молия вазири, президентликка номзод Ашраф Ғани ва Абдулла Абдулла бир-бирини сайлов натижасига таъсир этишга уринганликда айблаб келмоқда.

8 июль куни Жон Керри Афғонистонда ҳокимиятни ноқонуний тарзда эгаллаб олиш, бу мамлакатга халқаро ёрдамларнинг камайишига олиб келишидан огоҳлантирди.

Абдулланинг айрим тарафдорлари у сайловда ғолиб чиққани ва ўзининг янги ҳукуматини эълон қилиши кераклиги таклифини илгари сурди.

7 июль куни Афғонистон мустақил сайлов комиссияси 14 июнда ўтказилган президентлик сайлови иккинчи босқичининг дастлабки натижаларни эълон қилди.

Расмий натижаларга кўра, Ашраф Ғани сайловчиларнинг 56,44 фоиз, Абдулла Абдулла 43,56 фоиз овозини олган.

Сайлов комиссияси раҳбари Аҳмад Юсуф Нуристоний овозлар сохталаштирилгани тўғрисидаги иддаолар тасдиқланса, бюллетенларнинг бир қисми яроқсиз деб эълон қилиниши ва овозлар нисбати ўзгариши мумкинлигини айтди.

Афғонистондаги президентлик сайловининг якуний расмий натижалари 22 июлгача эълон қилиниши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG