Линклар

logo-print

Ўзбекистонда 10 мингдан ортиқроқ одам ишлайдиган йирик Халқ банки ходимлари орасида “5 мингга яқин иш ўрни қисқартирилармиш”, деган гап-сўзларнинг тарқалиши, мазкур банкнинг ёш мутахасисларини ташвишга солмоқда. Ёш ходимлар фикрича, иш ўринлари қисқартирилса, калтак биринчи бўлиб уларнинг бошида синиши мумкин.

"Биринчи бўлиб ёшлар ишсиз қолиши мумкин

Озодликка WhatsApp тизими орқали келган хабарда Халқ банкининг ўз номини айтишимизни истамаган ёш мутахасиси қуйидагиларни ёзади:

“Республика Халқ банкига янги раис келиб, 5 мингга яқин банк ходимлари иш ўрнини қисқартириб, шунча одамни кўчага ҳайдамоқда! Нима эмиш, ойлик маошни оширармиш! Ойлик маошни ходимларни қисқартириш эвазига оширадими? Бу тушунарсиз ҳолатга ҳеч ҳам тушуниб бўлмаяпти”.

Ўзбекистон Халқ банкининг Озодлик мухбирига овозини ёзмаслик ва исмини айтмаслик шарти билан суҳбат берган ёш мутахасисларидан бири, иш ўринлари қисқариши тўғрисидаги хабар ёшларни ташвишга солиб қўйганини айтди:

“Масалан, мен ўқишни битириб, Халқ банкига ишга кирганимга ҳали бир йил бўлгани йўқ. Шу орада “штатлар қисқарармиш”, “5 мингга яқин одам ишдан кетармиш” деган гаплар пайдо бўлиб қолди. Агар иш ўринлари қисқарса, биринчи навбатда ёшлар ишдан кетишидан хавотирдамиз. Чунки бизнинг тажрибамиз ҳали етарли эмас. Тажрибали, малакали ходимлар ўз –ўзидан ишда қолиши аниқ, ҳали тажрибага эга бўлмаган ёки орқасида қўллаб турган одами бўлмаган ёш мутахасислар биринчи бўлиб ишдан бўшатилиши бизни ташвишга солаяпти”, деди Халқ банкининг Тошкентдаги марказий аппаратида ишловчи ёш ходимлардан бири.

"Қисқартириш эмас, оптимизация"

Халқ банкининг ўзини Тохир деб таништирган расмийси мазкур ташкилотда иш ўринлари кескин қисқариши ҳақидаги гаплар ҳозирча асоссиз эканини айтди:

-Ходимларимизнинг сони ўзи ўн минг атрофида. Шунинг учун 5 минг иш ўрни қисқариши ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Агар 5 минг одам қисқартирилса, банкни ёпишга тўғри келади.

Унга кўра, гап иш ўринларининг қисқартирилиши ҳақида эмас, банк фаолиятини оптимизациялаш ҳақида бормоқда:

-Ҳозир қисқартириш эмас, банк фаолиятини оптимизациялаш масаласи ўрганилаяпти. Яъни даромад келтирувчи йўналишларга кўпроқ урғу бериб, даромад келтирмайдиган йўналишларни сал камайтириш ҳақида гап бўлаяпти. Ҳали кимни ишдан олиш, қанча одамни қисқартириш ҳақида аниқ маълумот йўқ. Оптимизация жараёни Халқ банкини даромадга олиб чиқиш, ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, яъни ойликларни ошириш устида ишланаяпти.

Суҳбатдан ойдинлашдики, оптимизациялаш жараёнида Халқ банкининг даромад келтирмайдиган ёки кам даромадли тузилмалари бекор қилинади ва бундан тежаб қолинган маблағлар бошқа ходимларнинг ойликларини кўтариш учун сарфланади.

Ким ишдан кетади, кимга тавон пули тўланади? Жавобсиз саволлар

Халқ банкининг Маркетинг департаменти ва Кадрлар департаменти раҳбарлари банкининг қайси тузилмалари ёпилиши ва бунинг ортидан қанча одам ишдан кетиши мумкинлиги, иш ўринлари қисқариши ортидан ишсиз қолган ходимларга қай тарзда ва қанча миқдорда товон пули тўланиши юзасидан берган саволларимизни жавобсиз қолдирди:

-Сиз керакли адресга мурожаат қилдингиз, лекин бу ҳақда сизга ҳеч ким маълумот бермайди, -деди Халқ банки Маркетинг департаменти расмийси.

Ўзбекистон Республикаси Халқ банки бугунги кунда мамлакатдаги энг кўп тармоққа эга бўлган йирик банк ҳисобланади. Ҳалқ банкининг 14 ҳудудий, 184 туман ва шаҳар филиали, 240 мини банки ва 3500 дан ортиқроқ ихтисослашган бўлимлари бор.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG