Линклар

logo-print

И. Каримов: Туркия ва Ўзбекистон орасида ўтмишда йўл қўйилган хатолар такрорланмаслиги керак


Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмад Довудўғли билан.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмад Довудўғли билан.

Аҳмад Довудўғли Тошкентда ТРТ мухбирига берган интервюсида бу ташрифни “лавозимга келганимдан бери буюк ҳасрат билан кутганим зиëрат” деб таъкидлади. “Туркия ва Ўзбекистон жипслашиб қудратли бўлсагина¸ Осиëда барқарорлик бўлади"¸ дея баëнот берди Анқара дипломатлари раҳбари жумладан.

Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмат Довутўғли 10 июль куни Тошкентга келди. Тошкент халқаро аэропортида Туркия ташқи ишлар вазирини Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов кутиб олган.

Туркия дипломати Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан 10 июль куни учрашди. Туркия Ташқи ишлар вазири билан учрашувда Ислом Каримов: "Икки ўлка орасида ўтмишда йўл қўйилган хатолар такрорланмаслиги керак" деди.

ТРТ хабар агентлиги бу ташрифни “Икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичи” деб таърифлади.

Туркия ташқи ишлар вазири Аҳмад Довутўғли Тошкентда Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев билан.

Туркия ташқи ишлар вазири Аҳмад Довутўғли Тошкентда Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев билан.

Туркия Ташқи ишлар вазирлигидаги Озодлик манбаларига кўра¸ 10 июль куни бошланган расмий ташриф давомида ўтказилган музокараларда, жумладан, Ўзбекистон-Туркия иқтисодий муносабатлари ва турк ишбилармонлари юз тутган муаммолар ечими муҳокама қилинди.Аҳмад Довудўғлининг ўзи Тошкентда ТРТ мухбирига берган интервюсида бу ташрифни “лавозимга келганимдан бери буюк ҳасрат билан кутганим зиëрат” деб таъкидлаган ва сўзида давом этиб, “Туркия ва Ўзбекистон жипслашиб қудратли бўлсагина¸ Осиëда барқарорлик бўлади. Бу эса бутун дунë учун муҳим муждадир” дея билдирган.

Яна бир манбалар таъкидича¸ Довудўғли Ўзбекистон президенти билан суҳбатда дунëда юзага келган геосиëсий вазият муҳокама қилинади.

Ташрифнинг иккинчи куни Довутўғлининг Самарқанд¸ Бухорони ва Хоразмни ҳам зиёрат қилиши билдирилди.

Истанбулдаги “Ўзбеклар бирлиги” жамияти вакили Одам Чевикнинг Озодликка айтишича, Туркия билан ҳам сиёсий мулоқотни яхшилаш ташаббуси Ўзбекистон президентидан чиққан.

Тошкент ва Анқара ўртасидаги муз тоғлари

Туркия 1991 йилда Ўзбекистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган. Лекин шунга қарамасдан, 90-йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб Тошкент-Анқара муносабатлари совуқлашган.

Аммо бу совуқликка қарамасдан¸ ўзбекистонликлар Туркияга визасиз кириш имкониятига эга бўлдилар.

Масалан¸ бу йил Туркияга турист сифатида келган ўзбеклар сони 130 мингни ташкил қилган. Туркия Иқтисод вазирлигидан олинган маълумотларга кўра¸ Туркияга туризм мақсадида келганлар сони бир йилда 15 мингга кўпайган.

Ўтган асрнинг 90-йиллар бошида икки мамлакат ўртасида муносабатлар бир қадар илиқ бўлгани эсланади.

Президент Ислом Каримов ривожланишнинг "Туркия модели"ни Ўзбекистонга татбиқ қилиш орзусини кўп бора такрорлаган эди.

Ўша йилларда Ўзбекистон Турк сармоядорларининг пахтани қайта ишлаш ва деҳқончилик каби соҳаларга, савдо-тижоратга улкан сармоялар киритган мамлакатига айланди.

Турк лицейлари қатор чет тилларни биладиган истеъдодли ўзбек ёшларини етиштириб чиқарадиган ўқув масканлари сифатида танилди.

Аммо сал ўтмай лицейлар ëпилди ва Туркияга кетган ўқувчилар Ўзбекистонга қайтариб олинди.

Икки томонлама муносабатларнинг ёмонлашувига Туркия Ўзбекистон мухолифати етакчиларига бошпана бергани асосий сабаблардан бири, деб кўрилади.

Расмий Тошкентнинг 1999 йилги портлашларда Туркияда истиқомат қилган ўзбек мухолифати етакчиси Муҳаммад Солиҳни айбдорга чиқаргани ҳам Туркия билан муносабатларини совуқлаштирган омил сифатида кўрилади.

Ўтган йилларда Ўзбекистонга сармоя ётқизган турк тадбиркорлари Тошкент ҳукумати томонидан таъқибга учраган ва ўнлаб турк сармоядори солиқлардан бўйин товлаганлик ва экстремистларга ҳомийлик қилганлик айблари билан қамоққа ташланган.

Бунинг баробарида Ўзбекистон туркий давлат раҳбарлари саммитида ҳам иштирок этмасдан келади.

Туркиянинг туркий давлатлар бўйича собиқ вазири, таниқли сиёсатшунос Аҳад Андижонийга кўра¸ ўзбек-турк муносабатларининг яхшиланиши Ислом Каримовнинг лавозимдаги умри қачон тугашига боғлиқ.

Президент Ислом Каримов Туркияга охирги марта 1999 йили Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти саммитида қатнашиш учун борган эди.

Туркия Бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг Тошкентга ташрифи 2003 йилда амалга ошган эди.

Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги тижорат ҳажми 1,37 миллиард доллар. Бу кўпми ë оз ?

Туркия Иқтисод вазирлиги матбуот хизматининг Озодликка билдиришича¸ 2013 йилда Туркиядан Ўзбекистонга 563 миллион долларлик мол жўнатилган; Ўзбекистон эса Туркияга 815 миллион долларлик мол сотган.

Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги 1,37 миллиард долларлик тижорат ҳажми кўпми ë оз¸ деган саволимизга Туркия иқтисод вазирлиги мулозими “Ўзбекистон Туркия тижорат қиладиган мамлакатлар орасида 50- ўринда туради" дея жавоб берди.

Айни кунларда¸ расмий манбаларга кўра¸ Ўзбекистонда 400 та турк ширкати фаолият юритмоқда.

Туркияда эса ўзбек сармояси асосида 114 ширкат мавжудлиги айтилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG