Линклар

logo-print

“Акамни машинасида уриб кетган қиз яқини амалдор бўлгани учун жазосиз қолмоқда”


Самарқанд вилояти, Жомбой туманидан боғланган йигит 26 га кирган акасини бундан икки ярим ой муқаддам машина уриб кетгани, лекин айбдор ҳануз жазосиз қолаётганидан шикоят қилди.

Тингловчимизнинг айтишича, шу пайтгача унинг арз қилмаган идораси қолмаган, лекин акасини уриб кетган қизнинг яқини вилоят ҳокимиятида раҳбарлик лавозимида ишлагани учун унинг аризалари жавобсиз қолмоқда.

Ўзини Расулжон Тошматов, деб таништирган 23 яшар йигитнинг айтишича, Жомбой тумани, Аҳмаджон Қурбонов қишлоғида яшовчи акаси, 1988 йилда туғилган Ғайратни шу йилнинг 7 майида Самарқанд шаҳрида машина уриб кетган.

Расулжоннинг айтишича, акасини уриб кетган машина рулида 1986 йилда туғилган Гулноза Нурқулова бўлган.

Ғайрат Тошматов оғир тан жароҳатлари олган.

- Икки оёғи синиб кетган, боши жуда қаттиқ лат еган, бадани шишиб кетаверади, 3-4 кунда бир касалхонага олиб борамиз, деди Расулжон Тошматов.

Унинг айтишича, акаси йўл-транспорт ҳодисаси туфайли тан жароҳати олганини тасдиқловчи тиббий маълумотнома мавжуд.

Ҳодиса Самрқанд шаҳрининг тегишли маъмурлари томонидан дарҳол қайддан ҳам ўтказилган.

- ДАН ходимлари протокол тузган. Ўша куниёқ ҳамма иш битгандай бўлувди, деди Расулжон.

Лекин бошланган иш, Расулжоннинг айтишича, бирдан тўхтаб қолган. Чунки

- Нурқулова Гулноза Нурқулов Аллаёр аканинг ё ўзининг қизи ёки акасининг қизи. Нурқулов Аллаёр ака вилоят ҳокимининг ўринбосари бўлиб ишлайди, деди Расулжон Тошматов.

Унинг айтишича, айбдор қиз ёки унинг яқинлари жабрланувчидан шу пайтгача бирон марта ҳам хабар олмаган.

Акасини уриб юборган шахс жавобгарликка тортилавермагач, Расулжон ҳуқуқ-тартибот идораларига арз қила бошлаган.

- Вилоят ички ишлар бошқармасига ёздим. Ариза қабул қиладиган киши, ҳозир адашмаётган бўлсам, Сафаров Одил эди. Ўша кишига ёздим, жавоб бўлмади. Самарқанд вилоят прокуратурасига, Ўрол ака Ибрагимов, деган одамга арз қилдим, ундан ҳам ҳеч қандай жавоб бўлгани йўқ, деди Расулжон Тошматов.

Унинг айтишича, прокуратура вакили ишни ўрганишни бошлаган, лекин Гулноза Нурқулованинг яқини ҳоким ўринбосари эканлигини билгач, иш тўхтаб қолган.

Биз Самарқанд вилоят ҳокимлиги билан боғландик. Телефон гўшагини кўтарган ходиманинг айтишича, ҳокимликда Нурқулов фамилияли мулозим бор, лекин унинг исми Абдумажид ва у вилоят ҳокимининг ўринбосаридир. Аллаёр исмли мулозим ҳам бор, лекин унинг фамилияси Қиличевдир, у котибият мудиридир.

Расулжон Тошматовнинг айтишича, акасини уриб юборган қизнинг фамилияси Нурқулова бўлгани учун Абдумажид Нурқуловнинг қабулхонаси билан боғландик.

Ҳоким ўринбосарининг ёрдамчиси биз сўраётган воқеадан хабари йўқ эканлигини, бошлиғининг қизлари борлигини, лекин Гулноза исмли қизи ёки жияни борлиги тўғрисида билмаслигини айтиш билан чекланди.

Ҳодиса қайд этилганми-йўқлигини билиш учун туман ДАН бўлими билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG