Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:04

ЖЧ-2014: Бразилия финалда қўшниси ғолиб бўлишини истамайди


Аргентиналик футболчилар ярим финалда Ҳолландия устидан эришилган ғалабани нишонлашмоқда. Сан-Паулу, 9 июль, 2014.
Аргентиналик футболчилар ярим финалда Ҳолландия устидан эришилган ғалабани нишонлашмоқда. Сан-Паулу, 9 июль, 2014.

Якшанба куни футбол бўйича Жаҳон чемпионати финалида 1986 ва 1990 йилларда тўқнаш келган Аргентина ва Германия терма жамоалари яна дунё биринчилиги учун беллашади.

Кеча Лионель Месси жамоаси Ҳолландияни пенальтилар сериясида 4-2 ҳисобида мағлуб этди. Дастлабки ярим финал учрашуви Германия ижросидаги голлар ёмғири билан эсда қолган бўлса, ёмғир остида ўтган Аргентина-Ҳолландия учрашуви "қуруқ" ҳисоб билан (0:0) якунланди.

Пенальтилар сериясида рақиб зарбасини икки марта қайтариб, жамоаси ғалабасига улкан ҳисса қўшган аргентиналик дарвозабон Ромеро иккинчи ярим финал учрашувининг энг яхши ўйинчиси, деб танланди.

Энди 1978 ва 1986 йиллари дунё биринчилигини қўлга киритган "Альбиселесте" (Аргентина жамоаси) учинчи бор жаҳон чемпиони унвони учун курашади.

Германиянинг Бразилия устидан 7:1 ҳисобида ғалаба қозониши бутун дунё бўйлаб футбол ишқибозлари ва мутахассисларини қаттиқ таъсирлантирган бўлса-да, аргентиналиклар немис футболчилари устидан ғалаба қозонишларига шубҳа қилмаётир.

Айтиб ўтиш жоизки, Жанубий Америка қитъасида бунгача ўтган 7 та жаҳон чемпионатида бирор марта бўлса ҳам европалик жамоа ғалаба қозонолмаган.

Бразилия ҳасад ўтида ёнмоқдами?

Чемпионатга мезбонлик қилаётган бразилияликлар қўшниларига "болеть" қилади, деб ўйласангиз янглишасиз. "Аргентина ютса, бу мен учун қайғули кун бўлади. Улар кейин биз футболда энг зўрмиз, дем мақтана бошлайди. Ўзлари эса фақат икки мартагина жаҳон чемпиони бўлган", - дейди Флавио исмли бразилиялик футбол мухлиси.

Сан-паулулик Рената эса: "Учинчи ўрин учун бизникилар Аргентина билан ўйнайди, деб умид қилган эдик", - деди ҳолландияликларнинг мағлубиятидан ранжиганини яширмай.

Бразилия оммавий ахборот воситалари ҳам мухлислардан қолишмайди. "Ёмон туш давом этмоқда! Аргентина Ҳолландияни пенальтиларда енгиб, финалга чиқди!" - деб ёзади "Рио О'диа" нашри.

Спорт дунёсини ёритувчи "Ланс" веб-сайти эса SomosTodosAlemanha! - "Биз барчамиз немисмиз!" деб сарлавҳаланган мақоласида "... якшанба куни Аргентина Бразилия тупроғида чемпион бўлиб қолса, Селесаонинг (Бразилия жамоаси) немисларга енгилиши иккинчи планга ўтиб қолади", деб ёзади.

Финалга йўлланма олган жамоалар бунгача икки бор - 1986 ва 1990 йилларда Жаҳон чемпионати финалида беллашишган.

28 йил аввал Аргентинанинг ўша даврдаги терма жамоаси биринчи навбатда юлдуз ҳужумчи Диего Марадонага таянган эди. Футболчи ўшанда жамоаси ишончини оқлаб, Аргентинани иккинчи бор жаҳон чемпиони бўлишига улкан ҳисса қўшган.

Ўшанда кўпчилик учрашувнинг асосий вақти 2:2 ҳисоби билан якунланиши ва қўшимча таймлар ўйналишини кутаётган бир пайтда Марадонанинг жамоадоши Буручагага оширган тўпи Аргентинага ғалаба олиб келган.

Кейинги чемпионатда - 1990 йилнинг 8 июлида Римдаги Олимпиада стадионида немислар ниҳоят реванш олиш имкониятига эга бўлганлар. Бироқ Римдаги финалда жамоалар 4 йил аввалги каби муросасиз ўйин намойиш эта олишмаган.

85-дақиқада Адреас Бреме 11 метрлик жаримадан ўйиндаги ягона голни киритиб, "Маншафт"ни чемпион қилган эди.

Ўшанда Марадона кўз ёшларини яширмай, ҳўнграб йиғлагани ҳалигача футбол мухлисларининг эсидан чиққани йўқ.

Чемпионлик ўйинидан сўнг немисларнинг бош мураббийси, германиялик собиқ жаҳон ва Европа чемпиони Франц Беккенбауэр: "Германияни энди ҳеч ким енга олмайди", деб айтганди.

Уч мартадан жаҳон ва Европа чемпиони бўлган немислар жамоаси, бундан ташқари, мундиалда 4 марта кумуш, 4 марта бронза медалини қўлга киритганлар.

Бразилияда эса Германия терма жамоаси ўз тарихида саккизинчи бор мундиал финалига йўллaнмa олиб, бу борада янги рекорд ўрнатди.

Германия ва Аргентина ўртасидаги финал учрашуви 13 июль куни Тошкент вақти билан тунги соат 12:00 да бошланади.

XS
SM
MD
LG