Линклар

Бугун Ўзбекистондаги Интернет фойдаланувчилари FIFA рефереси Равшан Эрматовни Twitter трендига олиб чиқиш акциясини бошлашди.

Эрматовни Twitter трендига олиб чиқиш учун #IrmatovBest (Эрматов зўрларнинг зўри) хештегини қўллаш кифоя.

Агар ўзбекистонликлар акцияда фаол иштирок этишса, Twitterда #IrmatovBest хештеги жаҳон трендига чиқарилиши мумкин.

Равшан Эрматов жаҳон чемпионатида тўққизта ўйинни бошқарган ҳакам сифатида рекорд ўрнатди. Бунга қадар уч нафар ҳакам жаҳон чемпионатида саккизтадан ўйинни бошқариб рекорд ўрнатганди.

Бразилияда ўтаётган жаҳон чемпионатида Равшан Эрматов бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси 5 июлга қадар жами тўртта ўйинни, Швейцария-Эквадор, Хорватия-Мексика, АҚШ-Германия ҳамда Ҳолландия–Коста-Рика жамоалари ўйинларини бошқарди.

Равшан Эрматов 2003 йилдан бери ФИФА рефериси бўлиб, халқаро ўйинларни бошқариб келмоқда.

Равшан Эрматов ўзбекистонлик Абдуҳамидулло Расулов ва қирғизистонлик Баҳодир Қўчқоров билан бирга жаҳон, Осиё, Олимпиада ва бошқа халқаро мусобақаларда ҳакамлик қилиб келмоқда.

2011 йилда ФИФА Равшан Эрматовни “йилнинг энг яхши ҳаками” деб эълон қилган.

Эрматов Осиё Футбол конфедерацияси томонида тўрт марта “энг яхши ҳакам” деб элон қилинган ягона ҳакамдир.

XS
SM
MD
LG