Линклар

logo-print

Озодлик қабул жараëнига оид шикоятларни Вазирликка етказди


Самарқанд давлат университети қабул комиссияси олдидаги навбат.

Самарқанд давлат университети қабул комиссияси олдидаги навбат.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг юқори даражали мутасаддиси мамлакат олийгоҳларида бораëтган ҳужжат қабул қилиш жараëнига оид Озодликка келаëтган шикоятларга муносабат билдирди. Вазирлик расмийсига кўра¸ бундай шикоят ва мурожаатлар жиддий ўрганилади ва абитуриентлар учун шароитни яхшилаш борасида зудлик билан чора кўрилади.

Шу кунларда ижтимоий тармоқлар орқали Озодликка келаëтган аксар шикоятлар олий ўқув юртларига ҳужжат топшириш жараëнидаги аянчли вазиятга оид.

“Институтларга топшириш жараëни жуда оғир кечмоқда. Ҳужжат учун абитуриентлар ўша жойнинг ўзида суратга тушиб¸ папкаларни ўша жойнинг ўзида сотиб олишаяпти. Бир эмас¸ 5-6 жойда навбат кутиб¸ рўйхатдан ўтишаяпти. Баъзи олийгоҳларда ҳужжат топширган куни суратга тушиб¸ имтиҳон куни айни шу кийимда бориш шарт¸ деб айтилаяпти. Ҳужжат топшириш учун 2-3 кунлаб навбат кутаëтганлар бор. ТошМИдаги аҳволга бир қараб кўринглар”¸ дейилади Озодликка келган мурожаатлардан бирида.

“СамДУ ихтиëрий пуллик тестни мажбурийга айлантирди”

“Мен самарқандликман. СамДУга ҳужжат топшириш учун борсам¸ қанақадир тестдан ўтиш керак¸ деб қайтаришди. Тест марказини зўрға топиб¸ бир амаллаб кирдим ичкарига. Исм-шарифимни ëзиб¸ мендан 10 000 сўм сўрашди. Пулим йўқ десам¸ нима қилиб юрибсан бу ерда пулсиз¸ деб бақириб кетишди. Шу тестсиз СамДу ҳужжат олмаяпти. Ҳар кимнинг шароити кўтармайди тўлашга. Битта ҳужжат топшириш учун 086-форма ни поликлиникадан бориб 12 минг сўмга олдим¸ расм 6 дона 4000 сўм¸ қанақадир папка учун 5000 сўм¸ яна бир тест учун 10 минг сўм¸ ҳаммаси 31 минг тўлаш керак. Бу қандай адолатсизлик¸ ўн минглаб абитуриентлардан қанчадан қанча фойда қилишаяпти¸ яна ҳужжат олувчилар шунақа қўпол¸ юзинг-кўзинг демасдан сўкади. СамДУда аҳвол шунақа”¸ деб ëзди самарқандлик абитуриент Озодлик почтасига.

Абитуриентнинг бу шикоятига жавоб берган Самарқанд давлат университети Қабул комиссияси масъулларидан бири¸ мажбурий тест ва уни топширмасдан ҳужжат олинмаслиги ҳақидаги хабарни инкор қилди:

- Унинг сметаси ишлаб чиқилган. Бу ҳеч қанақа мажбурий тест эмас. Тест маркази билан бизнинг университет қошидаги тайëрлов маркази ўртасида шартнома бор. Тайëрлов бўлими тест топшириқларини Тест марказидан олиб келадида¸ репетецион тест ўтказаяпти. Янги тест материаллари билан бойитилган тест ўтказаяпти. Лекин бу ҳеч қанақа мажбурий тест эмас. Бизга кунига 1450 та ҳужжат тушаëтган бўлса¸ шулардан 300-320 таси тест топшираяпти. Ундан ошгани йўқ. Кимнинг имкони бўлса топшираяпти. Бунинг СамДУ қабул комисиясига алоқаси йўқ. Бу тайëрлов бўлими ва Тест марказининг иши. Бу абитуриентнинг ўзига фойда¸ тестга тайëрланиб олади¸ деди Озодлик билан телефон суҳбатида СамДУ Қабул комиссияси расмий ходими.

Ўзбекистон олийгоҳларига ҳужжат топшириш учун бу каби тестлардан ўтишнинг мажбурий экани ҳақидаги иддаоларни Олий таълим ва ўрта махсус таълим вазирлиги расмийси ҳам инкор этди:

- Журналистика¸ архитектура ва рассомлик каби айрим йўналишларда ижодий имтиҳон деган нарса бор. Бунда абитуриентнинг касбий муносиблиги аниқланади. Буни топшириш шарт¸ лекин бу тест бепул ўтказилади. Қолган бошқа йўналишларга ҳужжат топшириш учун қандайдир мажбурий тест топшириш керак¸ деган талаблар мутлақо асоссиз. Сурат ва папкаларни мажбурий ўша жойда олиш ҳақида ҳам қоида йўқ. Хоҳласа ўзи расмга тушиб олиб келсин¸ хоҳласа¸ папкасини бозордан ўзи олиб келсин. Бунинг фарқи йўқ¸ деди вазирлик расмийси.

Охирги ўн кунликда абитуриент сони бир неча баробарга кўпаяди

Олийгоҳларга ҳужжат топшириш учун кунлаб навбат кутишлар¸ ҳар хил мажбурий тўлов ва шартларга оид Озодликка келаëтган шикоятларга жавоб берган Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг айнан қабул жараëни учун масъулларидан бири¸ муаммолар борлигини эътироф этган ҳолда¸ уларни бартараф этиш учун жиддий ишлар бораëтганини билдирди:

- Бизнинг асосий вазифамиз абитуриентлар¸ уларнинг ота-оналарига ҳамма қулайликларни яратиш. Ҳеч қанақа навбат бўлмаслигига эришиш. Бунинг учун олдиндан тайëрланганмиз. Одам кўпайса¸ техник ходимлар сони дарров оширилиши керак. Бу вазиятни ҳар кун кузатиб турибмиз. Шахсан ўзим олийгоҳларга ҳар кун бориб¸ аҳволни кўриб келаяпман. Шикоятлар бўлса¸ уларни дарҳол ўрганиб¸ муаммони ҳал қилишга ҳаракат қилаяпмиз¸ дейди вазирлик расмийси Озодлик билан суҳбатда.

Озодликка келаëтган шикоятларни бирма-бир ўрганиб чиқишини таъкидлаган бу мулозимга кўра¸ 20 июль куни ҳужжат қабул қилиш жараëни якунига етади ва ҳозирга қадар қайга ҳужжат топшириш борасида бир тўхтамга кела олмаган абитуриентлар айнан сўнгги кунларда ҳужжат топширишга бошлайдилар. Кўп жойларда навбатларнинг узайиб бораëтгани шу билан боғлиқ¸ деб давом этади вазирлик мулозими:

- Мана ҳозир жуда кўп абитуриент пойлаб ўтирибди¸ қаерда одам кам бўлса¸ ўша жойга топшираман¸ деб. Биз буни биламиз ва унга ҳамма тайëргарликни кўриб қўйганмиз. Охирги кунлар ичида абитуриент сони кескин кўпайиб кетади. Уларнинг ҳаммасини қабул қилиш учун техник ходимлар сони оширилади¸ охирги абитуриент ҳужжати қабул қилинмагунча¸ иш тугамайди. Керак бўлса¸ тунги 12 да бўлса ҳам ҳужжат қабул қилинади¸ деди Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги расмийси Озодлик билан суҳбатда.

Ҳужжат топшириш нега электрон шаклга ўтмаяпти?

Ўзбекистон ҳукумати бошқарув тизимлари фаолиятини электрон шаклга ўтказиш жараëни бошлангани ҳақида тез-тез хабар ва рекламалар тарқатади.

Олий таълимда кенг тарқалган порахўрлик ва таниш-билишчилик олдини олиш мақсадида нега ҳужжат қабул қилиш ва тест имтиҳонлари топшириш ҳам электрон шаклга ўтмаëтир¸ деган савол шу кунларда тез-тез жамоатчилик муҳокамалари марказига тушмоқда.

Бу саволга жавоб берган Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги расмийси¸ бу жараëннинг бошлангани¸ аммо уни тўлиқ амалга кўчириш учун вақт лозимлигини таъкидлади:

- Секин-секин бўлаяпти. Ҳаммаси бирданига бўлолмайди. Мана ҳозир абитуриентлар олиб келган ҳужжатларни қабул комиссияси ходимлари тўғридан-тўғри Тест марказининг онлайн маълумотлар базасига киритаяпти. Яқин йилларда биз ҳам шунга эришамиз. Ҳаракат бўлаяпти шунга¸ деди Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мутасаддиси Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистон олий ўқув юртларига ҳужжат қабул қилиш 20 июль куни тугайди; тест синовлари эса¸ 1 август куни ўтказилади.

Жорий йил 26 июнь куни Ислом Каримов “2014/2015 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида”ги қарорга имзо чекди.

Ушбу қарорда олий таълим муассасаларига талабаларни қабул қилиш квотаси белгиланди.

Унга кўра 2014/2015 ўқув йилида бакалавр таълим йўналишига 57 907 нафар талаба қабул қилинади. Шуларнинг 19 120 нафари давлат грантида ва 38 787 нафари тўлов-контракт бўйича таҳсил олади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG