Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:26

“Каримов режими тугамагунча Туркия –Ўзбекистон муносабатлари ривожланмайди”


Аҳмад Довутўғли Ўзбекистонда
Аҳмад Довутўғли Ўзбекистонда

Турк расмийсининг 11 йиллик танафусдан сўнг Тошкентга расмий ташрифи ортидан Озодликнинг Қурултой эшиттиришида Ўзбекистон Туркия муносабатларининг ўтмиши ва бугуни муҳокама қилинди.

Туркия ташқи ишлар вазири Аҳмад Довутўғли ўзининг Ўзбекистонга ташрифини “Икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичи” деб таърифлади.

Ўз навбатида Туркия Ташқи ишлар вазири билан учрашувда Ислом Каримов: "Икки ўлка орасида ўтмишда йўл қўйилган хатолар такрорланмаслиги керак" деб таъкидлади.

Озодлик манбаларига кўра¸ расмий ташриф давомида ўтказилган музокараларда, жумладан, Ўзбекистон-Туркия иқтисодий муносабатлари ва турк ишбилармонлари юз тутган муаммолар ечими муҳокама қилинган.

Аҳмад Довутўғлининг ўзи Тошкентда ТРТ мухбирига берган интервьюсида бу ташрифни “лавозимга келганимдан бери буюк ҳасрат билан кутганим зиëрат” деб таъкидлаган ва сўзида давом этиб, “Туркия ва Ўзбекистон жипслашиб қудратли бўлсагина¸ Осиëда барқарорлик бўлади. Бу эса бутун дунë учун муҳим муждадир” дея билдирган.

Яна бир манбалар таъкидича¸ Довутўғли Ўзбекистон президенти билан суҳбатда дунëда юзага келган геосиëсий вазият муҳокама қилинган.

Туркия 1991 йилда Ўзбекистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган. Лекин шунга қарамасдан, 90-йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб Тошкент- Анқара муносабатлари совуқлашган.

Икки томонлама муносабатларнинг ёмонлашувига Туркия Ўзбекистон мухолифати етакчиларига бошпана бергани асосий сабаблардан бири, деб кўрилади.

Расмий Тошкентнинг 1999 йилги портлашларда Туркияда истиқомат қилган ўзбек мухолифати етакчиси Муҳаммад Солиҳни айбдорга чиқаргани ҳам Туркия билан муносабатларини совуқлаштирган омил сифатида кўрилади.

Ўтган йилларда Ўзбекистонга сармоя ётқизган турк тадбиркорлари Тошкент ҳукумати томонидан таъқибга учраган ва ўнлаб турк сармоядори солиқлардан бўйин товлаганлик ва экстремистларга ҳомийлик қилганлик айблари билан қамоққа ташланган.

Бунинг баробарида Ўзбекистон туркий давлат раҳбарлари саммитида ҳам иштирок этмасдан келади.

Озодликнинг Қурултой эшиттириши меҳмонлари Ўзбекистон Туркия муносабатларнинг ўтмиши ва истиқболини муҳокама қилишди.

XS
SM
MD
LG