Линклар

11 июль – Жаҳон аҳоли куни бу йил “Ёшларни қўлланг”, шиори остида нишонланмоқда. БМТ аҳолишунослик жамғармаси Ер курраси аҳолисининг қарийб учдан бир қисми 14 ёшгача бўлган болаларни ташкил қилади, дея эълон қилди. Жумладан, Ўзбекистон ҳам аҳолиси энг ёш бўлган мамлакатлар қаторига киради. Лекин иқтисодий ва ижтимоий муаммолар йилдан-йилга кескинлашиб бораётгани ёшлар ўйлаш имконини қолдирмаяпти, дейди жамиятшунослар. Натижада ўзбекистонлик миллионлаб ёшлар эртанги куни нима бўлишини билмайди.

Жаҳоннинг 7 миллиард аҳолисидан қарийб 2 миллиарди 14 ёшгача бўлган болаларни ташкил қилиши инсоният учун эртанги куннинг вазифаларини бажаришда янги имкониятлар яратиш билан биргаликда муаммоларни ҳам туғдирмоқда, дейди аҳолишунослар.

БМТ Аҳолишуносалик идораси (UNFPA)га кўра, катта қисми ривожланаётган мамлакатлар ҳиссасига тўғри келаётган ёшларнинг жуда кўпчилиги сифатли таълим олиш, яхши ишга жойлашиш ва ўз жамиятлари сиёсий ҳаётида иштирок этиш имкониятидан маҳрум бўлиб қолмоқда.

UNFPA ташкилотининг Марказий Осиё дастурлари директори Николай Ботевнинг Озодликка айтишича, ёш медианаси 25 ёшлар атрофида бўлган Ўзбекистон бу кўрсаткич бўйича жаҳон аҳолисининг ўртача ёш медианасидан (28,5 ёш атрофида) ёшроқ бўлгани уни аҳолилалари энг ёш бўлган мамлакатлар қаторига қўяди.

Бундай мамлакатлар, дейди UNFPA мутахассиси, давлатчилик ва жамият тараққиётини таъминлай олиши учун ёшлар ўз потенциали, энергияси ва ғояларини амалга тадбиқ қила олишларига имкон беришлари керак.

- Ўзбекистон каби, демокрафик жиҳатдан ёш бўлган мамлакатлар тегишли сиёсатни амалга оширишга катта эътибор қаратишлари керак. Тегишли сиёсат деганимда, макроиқтисодий ва инсон капитални ривожлантириш, очиқ жамият каби соҳаларга доир сиёсатни назарда тутяпман. Яъни ёшларнинг ўз потенциалини англаб етиши ва уни амалда қўллай олишига имкон берувчи сиёсатни олиб бориш керак,- дейди UNFPA Марказий Осиё бўлими раҳбари.

Николай Ботев Ўзбекистон тегишли сиёсат тадбиқ этяптими, деган савол хусусида фикр билдиришдан тийилди. Лекин ўзбекистонлик жамиятшунос Баҳодир Мусаев ҳар қандай соҳада бўлгани каби, ёшларга оид сиёсат қай даражада экани тўғрисида хулоса чиқариш учун мураккаб таҳлил ўтказиш шарт эмас, дейди.

- Бугун атрофимизда бўлиб турган нарсаларни ўз кўзимиз билан кўриб, бизда ёшлар учун ҳеч қандай истиқбол қолмади, деб айтиш мумкин. Ўртаҳол оила, ота-онаси бадавлат бўлмаган ўртача ўзбек йигити ёки қизи омади чопиб, олий маълумотлли бўладиган тақдирда ҳам, жамиятда ўз ўрнини топиши ёки тирикчилига етадиган иш топиши эҳтимолдан жуда йироқдир. Таълим сифатини ўзингиз яхши биласиз, ҳаммаси коррупцияга асосланган. Диплом сотиб олинади, имтиҳондан ўтиш учун пора беради. Ўзбекистонда бу ҳеч ким учун сир бўлмай қолди. Уни ҳам қўйинг, ҳатто ривожланган давлатларида ўқиб қайтган ёшлар ҳам Ўзбекистонда ўз билими ва малакасига лойиқ иш тополмаяпти ҳозир,- дейди Баҳодир Мусаев.

Ўзбекистонлик 25 ёшли Камолиддин жамиятшуноснинг бу фикрларига қўшилади. Ўзбекистон мустақилликка эришган пайтда ҳукумат кўтариб чиққан “ёшлар келажагиммиз” қабилидаги шиорлар шиорлигича қолиб кетди, дейди Камолиддин.

- Мустақиллик йилларидан бери олиб қарайдиган бўлсак, ëшларга эътибор бошида жуда катта даражада бўлди. Яъни иқтидорли ëшларни чет эл олий даргоҳларига ўқишларга юбориш ва шунга ўхшаш нарсалар бўлган эди. Умид жамғармасини айтсак бўлади. Мутлақ эътиборсизлик бўлди десак нотўғри бўлади. Лекин тенденцияни олиб қарайдиган бўлсак, олдинги 10 йилликка нисбатан ҳозир озгина сусайиш бордай кўринаяпти. Сабаби 2-3 йил олдин бўлган тақдирда ҳам Фонд Форум ва шунга ўхшаш ташкилотлар бўлган маҳалда ҳам ëшлар қайси соҳада бўлмасин қалқиб чиқаëтганини кўрсак бўларди. Ҳозирги кунда бу тенденция сал сусайганга ўхшаб турибди,- дейди 25 ёшли Камолиддин.

Суҳбатдошларимизнинг бу фикрларига шу ҳафта бошида нуфузли Foreign Policy нашри эълон қилган “Лаёқатсиз давлатлар индекси” ҳам чизги бўлади. Foreign Policy тадқиқотчиларига кўра, Ўзбекистон бошқа мамлакатларга малакасиз ишчи кучи етказиб бераётган давлатлардан бирига айланмоқда. Юқори малакали мутахассисларнинг Ўзбекистонни тарк этиши жараёни йиллар давомида мутазам сақланиб қолмоқда, дейилади бу ҳисоботда.

UNFPA мутахассиси Николай Ботев ҳам малакали мутахассисларни йўқотиш Ўзбекистон учун далзарб муаммога айланганини эътироф этади. Лекин, дейди у, ҳукуматлар сиёсий ирода кўрсатиб, бундай тенденцияни тўхтатмаса давлатчилик келажаги савол остида қолиши мумкин.

- Малакали мутахассисларнинг кетиб қолиши Ўзбекистон ва Тожикистон каби мамлакатлар учун жиддий муаммога айланган. Бу мамлакатлар ёшларни муносиб иш билан таъминлай олмаётгани боис, ёш мутахассислар иш излаб хорижга кетиб қолмоқда. Ҳозир бу мамлакатлар сиёсатчилари учун дарҳол ҳал этилиши керак бўлган масала жараённи ортга қайтаришдир. Яъни малакали мутахассисларни ортга қайтишга рағбатлантиришлари керак. Агар бу мамлакатлар ўз муҳожирлари билан алоқани сақлаб қололса, маданий жиҳатдан уларни ўз ватанлари билан боғлаб туришга эриша олса, улар охир-оқибат ўз ватанларига қайтиши эҳтимоли сақланиб қолади. Масалан, Италия бунга эриша олган, малакали мутахассислар мамлакатни тарк этиши жараёнини, улар малакали мутахассисларни қўлга киритиш жараёнига айлантира олган. Акс ҳолда, бундай мамлакатлар бугунги ёшлар потенциалидан фойдаланиш имкониятини йўқотадилар,- дейди UNFPA Марказий Осиё бўлими директори Николай Ботев Озодлик билан суҳбатда.

Лекин амалда ҳозирча Ўзбекистон ҳукумати малакали мутахассисларни ортга қайтариш борасида амалий чора кўраётгани кузатилгани йўқ. Масалан, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка мамлакатларида уч мингдан ошиқ тиббиёт ходими ишлайди, Россияда малакасиз иш билан шуғулланаётган миллионлаб ўзбекистонлик орасида, олий маълумотлилари кўпчиликни ташкил қилади. Ўзбекистон ҳукумати улар билан алоқаларни сақлаб қолиш у ёқда турсин, муҳожирлар хориждаги Ўзбекситон элчихоналарига ёрдам сўраб мурожаат қилишга ботина олмайди.

Россия расмийларига кўра, бугун ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сони 2,5 миллионга етган. Норасмий манбалар эса Россияда 5 миллиондан 8 миллионгача ўзбекистонлик меҳнат қилишини айтади.

UNFPA маълумотларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 29 фоизи 14 ёшгача бўлган болаларни ташкил этади. 24 ёшгача бўлганлар сони эса 50 фоиздан ортиқроқдир.

АҚШ Марказий разведка бошқармаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон ёшларининг 42 фоизидан ошиғи моддий жиҳатдан мустақил эмас.

UNFPA 11 июль куни эълон қилган маълумотларга кўра, Нигер, Чад ва Уганда каби мамлакатлар аҳолиларининг ярми 14 ёшгача бўлган болалар ҳиссасига тўғри келади.

Тарозининг бошқа палласида эса, Япония, Германия ва Болгария каби мамлакатлар туради. Бу мамлакатларда 14 яшгача бўлганлар аранг 13 фоиздан ошади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG