Линклар

Арманистонлик Артур Гаспарян Украинада бўлаётган жангларда Донецк айирмачилари тарафида кўнгилли сифатида жанг қилган. Озодлик Радиоси билан суҳбатда у Украинадаги жангларда иштирок этгани ва у ердан тирик чиқа олгани ҳақида ҳикоя қилиб берди.

24 яшар Артур Гаспарян асли Арманистоннинг Спитак шаҳридан. 2008- 2010 йилларда у Тоғли Қорабоғ ҳудудидаги махсус ҳарбий амалиётларда иштирок этган. 2011 йилда Москвага меҳнат муҳожири сифатида келган.

Ғоявий принципларига содиқ қолганини Озодлик радиосининг рус хизмати билан суҳбатда гапирган Артур, Қримдаги ҳодисалар вақтида "Одноклассники" тармоғи орқали яриморолга кетаётган кўнгиллар сафига қўшишни сўраган. 2 май куни Одессада ўнлаб одамлар ўлдирилишини кўрган арманистонлик меҳнат муҳожири бу сафар "ВКонтакте" тармоғида кўрсатилган телефон рақамлари орқали Донбассга уруш ҳаракатларида иштирок этиш рухсатини олади:

- Москванинг ВДНХ туманида белгиланган учрашувга 10тача одам йиғилди. Биз билан кўринишидан славян бўлган, лекин ўзини таништирмаган одам суҳбатлашди. У энг аввало қурол ишлатишни билишимиз ҳақида сўради, Славянск шаҳрига боришимизни, ўлимга кетаётганимизни маълум қилди. У талончилик учун ўлим жазоси белгиланганини гапирди: бунга Украинадаги уруш пайтида амин бўлдик. Икки киши ўша жойида ортга қайтиб кетди, - дейди Артур Гаспарян.

Тан олинмаган Донецк Республикаси тарафида урушган бу шахс кўнгилли жангчиларга на пул, на бошқа мукофот берилгани, улар халок бўлса, жасадлари Ростовга олиб келиниб, яқинларига топширилиши кафолат берилганини айтади. Артур ҳарбий раҳбарлар тармоқлардаги, хусусан, «Одноклассники» ва «ВКонтактедаги» шахсий саҳифалар йўқ қилиниши талабини қўйганини маълум қилди.

- 12 май куни гуруҳимиз Ростовга етиб келди ва биз базага жойлаштирилдик. Биз ҳарбий тайёргарлик ўтказилган «база»да икки ҳафтача бўлдик, охирига бориб юзга яқин кўнгилли йиғилди. Бир кун ҳам дам олганимиз йўқ: югуриш, нонушта, машқ, ўрмондаги ҳарбий тайёргарлик, имо-ишора билан гаплашиш. Орамизда руслар, белоруслар, украинлар, кавказликлар, чеченлар, осетинлар бор эди, дейди Артур Гаспарян.

У ҳарбий базага келганларнинг барчасига муайян лақаб берилганини ҳам эслади.

Суҳбат давомида ДНР собиқ жангчиси Донецк аэропортини эгаллашда иштирок этгани, Украина ҳарбийлари аэропортни бомбардимон қилганидан кейин тирик қолган жанггарилар билан шаҳар томон КАМАЗларда қочганини айтиб берди. Артур Гаспарян "донецклик айирмачилар раҳбариятининг ҳарбий малакаси йўқлиги туфайли бир КАМАЗда келаётган айирмачиларни билмасдан ўлдирганларидан кейин Россияга қочишга аҳд қилгани"ни айтади:

- Россия телеканалларида гўё айирмачилар Қизил Хоч байроғи остида қуролсиз ярадорларни олиб чиқаётганда украинлар томонидан ўққа тутилгани тўғрисида хабар беришди. Мен у пайтда ўзимизникилар отиб ташланганини билмас эдим. Ҳақиқатни эшитиб қочишга аҳд қилдим ва Горловка шаҳригача етиб бордик. У ерда биз Бес лақабли командир жангчилари сафига қўшилдик. У ерда бироз тартиб бор эди. Асосан, диверсияларни ташкил этардик, портлатардик. Масалан, мен нефт омборини портлатишда иштирок этдим. Мен Донецк Халқ Республикаси аслида йўқлиги, бу тузилма Бородай, Пушилин, Царёв каби кимсаларнинг кабинетларида мавжуд, аслида буйруқлар бошқа жойдан келишига амин бўлдим, - деди Артур Гаспарян.

Арман жанггариси Донецкда урушаётган кўнгиллиларнинг 80 фоизи россиялик, колганлари Шарқий Украина фуқаролари эканига гувоҳ бўлганини айтади.

Украина ҳарбий қўшинларининг аксилтеррорчилик амалиётлари авж олган пайтда Артур Гаспарян Луганск вилояти орқали Россиянинг Ростов вилоятига кириб келгани, уларни ҳарбий кийимда бўлмаган махфий хизмат ходимлари кутиб олганини билдирди.

Озодлик мухбирининг нима сабабдан у Шарқий Украинада жанг қилгани тўғрисида берган саволига:

- Мен Россияни бегона деб ҳисобламайман. Мен совет одами тарбиясини олганман. Менинг ота-боболарим СССР учун жанг қилди, мен ҳам жанг қиляпман, деди.

XS
SM
MD
LG