Линклар

АҚШ давлат котиби Кобулда сайлов билан боғлиқ бўҳронни муҳокама қилди


АҚШ Давлат котиби Ж.Керри (ч) ва Афғонистон Президенти Ҳ.Карзай.

АҚШ Давлат котиби Ж.Керри (ч) ва Афғонистон Президенти Ҳ.Карзай.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Афғонистонда президентлик сайловидан сўнг юзага келган сиёсий инқироз юзасидан Кобулда икки кундан бери учрашувлар ўтказмоқда. 11 июль куни Керри президентликка даъвогарлар Абдулла Абдулла ва Ашраф Ғани ҳамда Афғонистон Президенти лавозимини тарк этаётган Ҳамид Карзай билан учрашди.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Қўшма штатлар Афғонистонда ўтказилган президентлик сайловнинг ғолиби ким бўлишидан қатъий назар унинг легитимлигини таъминловчи жараён яратишга ҳаракат қилаётганини урғулади.

Жон Керри 12 июль куни Ашраф Ғани билан иккинчи марта учрашди ва унинг кечки пайт президент Карзай билан яна музокара ўтказиши режаланган.

Президентлик сайловининг 14 июнь кунги якуний босқичида берилган овозларнинг 7 июлда эълон қилинган дастлабки натижаларига кўра, Ашраф Ғани олдинда бормоқда.

Абдуллоҳ Абдуллоҳ сайлов натижасини тан олмаслигини билдириб, овозлар сохталаштирилганини иддао қилмоқда. Абдуллоҳнинг иддаосича, сайловни халққа қарши “давлат тўнтариши” деб аташ мумкин.

АҚШ Давлат котиби билан учрашув бошида Ашраф Ғани сайловда берилган овозларни “кенг кўламда ва пухта” текширилиши тарафдори эканини билдирди.

Ашраф Ғани айтган фикрни қўллаб-қувватлаган Керри якуний натижа эълон қилинмагунча, ҳеч ким сайловда ғолиб бўлганини иддао қила олмаслиги кераклигини урғулади.

- Душанба куни эълон қилинган натижалар сайловнинг дастлабки натижалари. Бу на ишончли ва на якуний натижа. Ҳозир ҳеч ким ғалаба қозонганини таъкидлаши керак эмас, - деди Жон Керри.

Афғонистон сайлов комиссияси расмийлари президентлик сайловида қутиларга ташланган 8 миллионта бюллетендан уч миллионини қайта санаб чиқиши мумкин.

Айни пайтда, Абдулла Абдулла билан вице-президентликка ўз номзодини қўйган Муҳаммад Муҳақиқ, агар сайлов борасидаги баҳсга ечим топилмаса, бир йиллик муддатга ўтиш даври ҳукумати тузиш таклифини илгари сурди.

Блумберг телевидениесига берган интервьюсида Муҳақиқ “Мустақил сайлов комиссияси ислоҳ қилиниши ва мамлакат бўйлаб сайлов қайта ўтказилиши кераклиги”ни таъкидлади.

9 июль куни АҚШнинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили Жеймс Доббинс афғон сиёсатчиларини Афғонистонда миллий бирлик ҳукуматини тузишга чақирган эди.

Бироқ АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Жен Псаки Доббинснинг чақириғига ойдинлик киритиб, “ҳукумат таркиби қандай бўлишини Афғонистоннинг янги президенти белгилайди”, деди.

Афғонистонда 5 апрель куни ўтказилган президентлик сайловининг биринчи босқичида саккиз номзоддан ҳеч бири сайловчиларнинг 50 фоиздан кўп овозини олишга муваффақ бўлмаган эди.

Шу боис 14 июнь куни сайловнинг иккинчи босқичида биринчи даврада энг кўп овоз олган Абдулла Абдулла (44,9 фоиз) ва Ашраф Ғани (31,5 фоиз) беллашди.

Афғонистон мустақил сайлов комиссияси президентлик сайловининг 14 июнда ўтган ккинчи босқичида олинган овозларни санашнинг дастлабки натижаларини эълон қилар экан, Ашраф Ғани сайловчиларнинг 56,44 фоиз, Абдулла Абдулла 43,56 фоиз овозини олганини эълон қилган эди..

Афғонистон Марказий сайлов комиссияси президент сайловининг якуний натижасини 22 июлда эълон қилишни режалаган.

Афғонистон янги президентни қасамёдга келтириш маросими 2 августга белгиланган.

XS
SM
MD
LG