Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:02

АҚШ Давлат котиби Эрон билан музокараларга қўшилди


АҚШ Давлат котиби Жон Керри.
АҚШ Давлат котиби Жон Керри.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Эроннинг ядровий дастури бўйича давом этаётган музокараларда қатнашиш учун Вена шаҳрига борди. Дунёнинг олти қудратли давлати ва Эрон вакиллари ўртасида 20 июлгача давом этадиган музокараларда Теҳрон атом қуроли тайёрлашда ишлатиладиган уранни бойитиш ишларини тўхтатиши борасида якуний келишувга эришиш режаланган.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри 13 июль куни Венада журналистларга музокаралар мақсади ҳақида қуйидагиларни айтди:

- Эрон ядровий қурол яратмоқчи эмаслиги ва уларнинг ядровий дастури тинч мақсадларни кўзлаганини тасдиқлаш ҳаётий аҳамиятга эга. Биз бу ерда шунга эришишга ҳаракат қиляпмиз. Мен бу борада муваффақиятга эришишимизга умид қиламан, - дея баён қилди Жон Керри.

Вена музокараларида қатнашаётган юқори лавозимли АҚШ расмийси 12 июль кунги сўзлашувда олдинга силжиш бўлганини, бироқ Эрон айрим муҳим масалаларда “ножўя йўл тутаётгани”ни айтди.

АҚШ расмийси бунга шу ҳафтада Эроннинг Олий руҳонийси Оятуллоҳ Али Ҳоманаи Теҳрон уранни бойитишда фойдаланаётган 10 минг дона центрифугани 190 мингтага етказмоқчи экани ҳақидаги баёнотини мисол қилиб келтирди.

Вена музокараларида иштирок этаётган юқори лавозимли АҚШ расмийси, агар 20 июлгача келишувга эришилмаса, АҚШ конгресси ва президенти Эрон борасидаги позициясини ўзгартирмаслиги ва Эронга нисбатан ҳар қандай чора қўлланилиши мумкинлигига очиқ ишора қилди.

Музокараларда иштирок этаётган ғарблик расмийлар бу галги учрашувларда сезиларли муваффақиятга эришилмаса, Эрон билан Женевада эришилган муваққат келишувни янгилаш қийин бўлишини урғулади.

Шанба куни Эроннинг бош музокарачиси Аббос Ароқчи, агар Ғарб давлатларининг “меъёрдан ортиқ” талаблари сабабли музокаралар муваффақиятсизликка учраса, Теҳрон сўзлашувларни тарк этишидан огоҳлантирди.

- Агар биз (Ғарб давлатларининг) меъёрдан ортиқ талаблари давом этаётганини ва келишувга эришиш имконсиз эканини кўрсак, бу фожиа эмас. Биз ядровий дастуримизни давом эттираверамиз, - деди Ароқчи.

Аксар экспертлар фикрича, агар Жон Керри Эронни ёнбосишга кўндира олмаса, у АҚШ Президенти Барак Обамага ноябрда эришилган ва 20 июлда тугайдиган муваққат келишув муддатини узайтиришни тавсия қилади.

Вена музокараларида дунёнинг олти қудратли давлати, яъни АҚШ, Британия, Россия, Франция, Хитой ва Германия вакиллари Эрон билан музокара олиб бормоқда.

13 июль кунги сўзлашувда Жон Керридан ташқари Британия ва Германия ташқи ишлар вазирлари Уильям Ҳейг ва Франк-Уольтер Штанмайер ҳам қатнашади. Россия ТИ вазири Сергей Лавров эса иштирок этмайди.

XS
SM
MD
LG