Линклар

logo-print

Афғонистон: Президентлик сайловида берилган миллионлаб овоз қайта саналади


Афғонистон Мустақил сайлов комиссияси раҳбари Юсуф Нуристоний.

Афғонистон Мустақил сайлов комиссияси раҳбари Юсуф Нуристоний.

Афғонистонда президентлик сайловларининг иккинчи босқичида берилган овозларни қайта санаш жараёни уч ҳафта вақт олади. Бу ҳақда Афғонистон Мустақил сайлов комиссияси раҳбари Юсуф Нуристоний якшанба куни Кобулда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

Унинг айтишича, комиссия кунига минглаб сайлов қутисини текшириб чиқадиган 100 та бригада тузишни режаламоқда.

Нуристоний овозларни қайта санаш натижалари ҳар иккала номзод томонидан тан олиниши лозимлигини ҳамда саккиз миллион овозни қайта санаш маҳаллий ва халқаро кузатувчилар иштирокида ўтказилишини қайд этди.

Шанба куни президентлик лавозимига даъвогар бўлган собиқ ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Абдуллоҳ ва собиқ молия вазири Ашраф Ғани овоз бериш натижаларининг қайта кўриб чиқилишига розилик бергандилар.

Бу ҳақдаги келишувга АҚШ Давлат котиби Жон Керри билан Кобулда ўтказилган икки кунлик музокаралардан кейин эришилганди.

14 июнь куни ўтказилган сайловнинг дастлабки натижаларига кўра, Ашраф Ғани 56 фоиз овоз олган. 44 фоиз овоз жамғарган Абдуллоҳ Абдуллоҳ эса эълон қилинмиш сайлов натижаларини адолатсиз, деб ҳисоблайди.

XS
SM
MD
LG