Линклар

Минглаб фаластинлик Исроил ҳарбийларининг Ғазо минтақаси шимолий қисмига уюштиражак ҳужуми ҳақидаги огоҳлантируви ортидан уй-жойларини тарк этмоқда.

БМТнинг Қочқинлар билан ишлаш агентлиги берган маълумотга кўра, 17 минг атрофида фаластинлик Ғазода БМТ ташкил қилган 20 та бошпанага келиб жойлашмоқда.

Исроил ҳарбийлари 8 июль куни ҳужум бошлаган ва бунинг Ғазонинг ХАМАС назорати остидаги ҳудудидан уюштирилган ракета ҳужумига жавоб эканини айтган.

Исроил ҳарбийлари шу кунга қадар 1 минг 300 маротаба ҳаводан ҳужум уюштирди. ХАМАС томонидан эса 800 дан ортиқ ракета отилгани айтилди.

Фаластин мухторияти Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра, 166 фаластинлик ўлдирилган ва булар орасида ўнлаб фуқаро бор. Исроил томонидан эса қурбонлар йўқ, бир неча одам жароҳатланган.

Халқаро ҳамжамият тинч аҳолидан берилаётган қурбонлар ошаётганидан жиддий хавотир билдирмоқда.

XS
SM
MD
LG