Линклар

Ўзбекистонда кам таъминланган оилалар болаларига ёзги оромгоҳ учун бериладиган бепул йўлланмалар бойларнинг болаларига берилаётгани ҳақида Озодликка бир неча шикоят келди. Аниқланишича, Сирдарë вилояти ҳуқуқ тартибот органлари бепул йўлланма коррупциясига оид камида иккита шикоятни кўриб чиқмоқда.

Озодликка келаётган шикоятларда оромгоҳга бепул бориши керак бўлган болалар бир четда қолиб, бой-бадавлат оилалар ва мулозимларнинг фарзандларига бепул йўлланма берилгани иддао қилинди.

Озодлик мухбири бу муаммони ўрганиш асносида Сирдарëдаги ўқитувчи билан гаплашди. (Ўқитувчи исми ва манзилини сир сақлашни сўради.)

Суҳбатдош ўз қўлидаги ҳужжатлар асосида Сирдарë вилоятида етим болалар ва камбағал оилалар учун ажратилган бепул йўлланмалар савдогар ва раҳбарларнинг болаларига берилаëтганини айтди:

- Отпускам тугади ва мени мактаб раҳбарияти ëзги лагерда ишлаш учун жўнатди. Бу лагерда аслида кам таъминланган оилаларнинг болалари дам олиши кераклиги менга тушунтирилди. Қўлимга рўйхат беришди. Рўйхатнинг устида "Кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари" деб ëзилган. Аммо рўйхатдаги болаларни ҳаммасидан бир-бир сўраб чиқдим. Ҳаммасининг ота-онаси катта лавозимларда ишлайди. Бой-бадавлат одамлар. Отаси ë онаси йўқлар ва камбағал оилаларнинг фарзандларидан бирортаси ҳам бу рўйхатга кирмай қолган. Тўғриси, улар рўйхатга киритилмаган. Оромгоҳ бепул¸ давлат бюджетидан ажратилган маблағ эвазига ташкил қилинган, - дейди суҳбатдош.

Сирдарë вилояти ҳуқуқ тартибот органларидаги манбаларнинг айтишича¸ оромгоҳларга ажратилган бепул йўлланмалар коррупцияси бўйича камида иккита шикоят кўриб чиқилмоқда. Аммо манбалар шикоятлар айнан қайси оромгоҳга тегишли эканини очиқламади.

Сирдарë Халқ таълими бошқармасидаги Озодлик манбасининг айтишича, Меҳрибонлик уйлари учун ажратилган текин йўлланмалар товламачилар қўлига тушмаслиги учун махсус назорат тизими яратилган.

Суҳбатдошга кўра, Сирдарë вилоятидаги оромгоҳлар энг биринчи навбатда чекка ҳудудлардаги кам таъминланган, кўп болали оилалар фарзандлари, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларини қабул қилмоқда.

Сирдарë виоят ҳокимлигидаги Озодлик манбасининг айтишича, бутун вилоят бўйлаб бу йил 5 мингта бола сиғадиган ёзги лагерлар ташкил қилинган:

- Йўлланмаларнинг 1800 таси пулини ижтимоий суғурта фонди қоплайди. 2600 йўлланмага эса маҳаллий ҳокимликлар ҳомий бўлишди. Оромгоҳлардаги болаларнинг 70 фоизи кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва ота-онасиз қолганлардир. Бу категориядагилар бепул йўлланма олишди, - дейди суҳбатдош.

Сирдарë Халқ таълими бошқармасидаги Озодлик манбаси бу соҳадаги яна бир муаммога ҳам эътибор қаратди:

- Баъзи лагерларда ота-оналардан совун пули ва ҳоказо, деб қўшимча пул йиғилаëтгани борасида шикоят бор. Ҳар қандай турдаги оромгоҳларнинг фаолияти санитария врачи томонидан тасдиқланган “Таътил даврида болаларнинг кундуз куни бўлиши кўзда тутилган дам олдириш ва соғломлаштириш оромгоҳлари жойлашуви, таъминоти ва кун тартибини ташкиллаштиришнинг гигиена талаблари”га мувофиқ юритилади. Тўловлар ҳомийлар, маҳаллий ҳокимликлар ёрдамида амалга оширилиб, ота-оналардан маблағ талаб этилмайди, - деб таъкидлади Озодлик манбаси.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 мартдаги “Болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 67-сонли қарори ва “Республика оромгоҳларида болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш концепцияси” асосида республикада кам таъминланадиган оилалар болаларига ёзги оромгоҳларга бепул йўлланмалар берилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG