Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:13

Самарқанд шаҳрида йўловчи ташиётган ISUZU автобуси ёниб кетди


Самарқанд шаҳрида йўловчи автобуси ёниб кетди. Расмий маълумотга кўра, 11 июль куни содир бўлган ёнғин пайтида йўловчилар автобусдан дарҳол эвакуация қилинган ва ҳеч кимга жабр етмаган. Бу Ўзбекистонда чиққан ISUZU автобуси ёниб кетганига оид Озодликка маълум илк ҳолатдир.

Самарқанд вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходими Озодлик билан суҳбатда Самарқанд шаҳрида йўловчи автобус ёниб кетгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади.

- 11 июль куни Самарқанд шаҳрида йўловчи ташувчи автобусда ёнғин чиққан. 99 маршрут, деди ўзини таништирмаган Самарқанд вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходими.

Унга кўра, Самарқанднинг собиқ Темирйўл туманида содир бўлган воқеада ISUZU русумидаги автобус ёнган. Бу автобус "Самарқанд автомобил заводи"да ишлаб чиқарилган.

Озодликка мустақил манбалардан келган хабарларда автобус ёнгани оқибатида 2 ёки 3 киши нобуд бўлгани иддао қилинди.

Бироқ Самарқанд вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходими бу маълумотни инкор қилди.

- Йўловчиларга ҳеч нарса қилмаган. Фақат автобусга зарар етган. Моддий зарар кўрилган, холос. Йўловчилардан ҳеч ким жароҳат олмаган, деди ўзини таништирмаган Самарқанд вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходими.

Унга кўра, мутахассислар ёнғин сабабларини ўрганмоқда. Дастлабки тахминларга кўра, ёнғин автобуснинг мотор қисмида учқун чиқиши оқибатида содир бўлган.

Самарқандлик журналист Тошпўлат Раҳматуллаев Озодлик билан суҳбатда шаҳарда йўловчи автобусида ёнғин чиққанини шу кунгача эшитмаганини айтди.

- Енгил машиналарга газ баллонлари ўрнатилган. Шу баллонлар ёнгани ҳақида маълумотлар чиқиб туради. Лекин автобус ёнгани воқеаси бўлган эмас, дейди самарқандлик журналист.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда шаҳар йўловчи автобусларининг ёниб кетиши воқеалари тез-тез кузатилмоқда.

2013 йилнинг 14 мартида Тошкент шаҳридаги "7-Автокорхона"га қарашли экани айтилган Mercedes-Benz русумидаги автобус ёниб кетган. Йўловчиларга зарар етмаган. Аммо ёнғин сабаблари маълум қилинмаган.

16 июнда ҳам Тошкентда "3-Автобус Саройи"га қарашли Mercedes-Benz русумидаги автобус ёниб кетган, ҳеч ким жабрланмаган.

Ўтган йилнинг 23 август куни Тошкентдаги Паркент бозори яқинида Mercedes-Benz Conecto Low Floor йўловчи автобусида ёнғин чиққан ва бунга электр тизимидаги қисқа туташув сабаб бўлгани айтилган. 70-йўналиш бўйлаб ҳаракатланаётган автобусдаги ёнғиндан ҳеч кимга жабрланмаган.

2014 йилнинг 5 май куни Тошкентдаги 12-йўналишда қатнайдиган Mercedes-Benz автобусида ва 23 июнь куни Тошкентнинг “Чорсу” бекаатида 89-йўналишдаги Mersedes Benz Connecto Low Floor русумидаги автобусларда ёнғин чиққан. Воқеада йўловчиларнинг ҳаммаси соғ-омон эвакуация қилинган, аммо автобуслар яроқсиз ҳолга келган.

Ўзбекистонда йўловчи автобусларида нега ёнғин чиқиш ҳоллари кўпайётгани ва бу борада ўтказилаётган текширувлар қандай натижа бераётгани ҳақида Озодликда расмий маълумотлар йўқ.

XS
SM
MD
LG