Линклар

Воронежда ўзбекистонлик ишчиларни алдашди


Ўзбекистонлик муҳожирларга қурдириб, пули берилмаган бино.

Ўзбекистонлик муҳожирларга қурдириб, пули берилмаган бино.

Воронежда 4 ой меҳнат қилган ўзбек муҳожирлари иш ҳақи берилмасдан кўчага қувилди. Озодлик билан боғланган ишчилар вакиллари маош “посредниклар” томонидан олиб кетилганини гапирмоқда. Айни пайтда, маҳаллий ўзбеклар жамияти аъзолари ишчиларни чув тушираётган ўртакаш фирмалар шаҳар маъмурияти томонидан қўллаб-қувватлаётганини даъво қилмоқда.

WhatsApp орқали Озодликка мурожаат қилган бир гуруҳ ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Воронеж шаҳридаги қурилишлардан бирида ўртакаш бригадирлар томонидан алданганини ёзди.

Ўзини Салимжон деб таништирган муҳожирлардан бири Озодлик билан суҳбатда қишнинг энг совуқ фаслида 18 қаватли бино қурилишида ишлаганини гапириб берди.

- Биз январь-февраль-мартгача ишлаган пулларимизни ололмадик. Биз январь ойида келганмиз. Мен январнинг 20ларида келганман Воронежга. Московский проспект деган жойда “Выбор” деган фирмада. Олдиндан ҳар икки ҳафтада, яъни 15 кунда бир аванс беришига келишганмиз. Ана берамиз-мана берамиз, деб бизни алдади. Охири 21 март куни 25та болани ётоқдан қувиб чиқарди. У ерда кўп болалар Ўзбеккистондан ишлайди. Ўтган йили ҳам 100 та хоразмлик болани 6 ойлик иш ҳақини бермасдан қувиб чиқариб юборган. Шахсан менга 80 минг пул беришмади. У ерда декабрдан бери ишлаган болалар бор эди, - дейди иш берувчи бригадирлар товламачи экани тўғрисида хабар топганини айтган қашқадарёлик Салимжон.

35 яшар чироқчилик муҳожир миграция қайди бўлгани, буюртма масаласида иш бажарилгани тўғрисида ҳужжатлари борлигини маълум қилди. У иш ҳақи берилмаслиги масаласи юзасидан маҳаллий ўзбеклар диаспорасига мурожаат қилиб кўргани, бироқ ҳанузгача натижа бўлмаганини айтди.

Воронеждаги “Выбор” қурилиш ширкати бухгалтериясида Озодлик сўровига бу масала юзасидан ўзбекистонлик ишчилар ширкат раҳбариятига ариза билан мурожаат қилишлари кераклигини тушунтиришди.

- Ҳақ берилмаслиги ҳолати бизда бўлиши мумкин эмас. Демак муаммо ўша посредникларда. Агарда бажарилган иш ҳақида акт имзоланган бўлса, бизга ариза билан келишсин: бундай ҳолатларда биздаги ички хавфсизлик хизмати махсус текширув ўтказади, - дея ишонтирди “Выбор” ширкати бухгалтерияси ҳисоб-китоб бўлими бошлиғи.

Воронеждаги “Ватан” Ўзбеклар маданий маркази раҳбари Нишон Гулмирзоев ҳам Озодлик билан суҳбатда “Выбор” ширкатига қарашли кўп қаватли бино қурилишларидан бирида маош берилмасдан кўчага чиқариб юборилган ўзбекистонлик ишчилар ҳақида хабардор эканини гапиради.

У меҳнат муҳожирлари ҳануз минглаб ишчиларни алдаган ўртакаш фирибгар-фирмалар қурбони бўлмоқда, дейди.

- Ҳамма иш тўғриланган эди. Улар бир марта келдию, шу билан кетворди. Уларнинг ўртача уч ойлик пулларини бермаган. Ўртада ўрис бир посредник қилмаган ишларни ҳам ёзиб, 300 минг рубль қўшиб, “Выбор” фирмасига олиб борибди. Улар бориб кўрса, иш қилинмаган. Посредник Игорь қочиб кетибди, - дейди Нишон Гулмирзоев.

Ўзбеклар жамияти раҳбари бу ширкатда ҳақ ололмаган 25 нафар ўзбекдан ташқари яна 300га яқин самарқандлик ишлашини айтди.

У охирги йилларда тез-тез такрорланиб турган бундай ҳодисаларга шаҳар маъмурияти кўз юмаётгани сабабларини ҳам изоҳлади.

- Ҳаммасини сотиб олганлар, ҳаммаси коррупциялашган. Бу ерда “посредниклар” кўпайиб кетган. Улар ҳатто ўзлари ўзбеклар жамиятини очишга ҳаракат қиляпти. Улар ҳозир маҳаллий ҳокимият билан тил бириктириб ишламоқчи. Улар пул ишлаб, одамларни майдалаб юрибди-ку! 4 июль куни Ўзбекистон элчихонасидан вакиллар келган. Уларга “Учрашайлик, гаплашайлик” деб ёрдам сўраб мурожаат қилсам, ўзини ишини қилиб, кетворибди. Улар келиб нима иш қилган, Худо билади, - деб даъво қилди Нишон Гулмирзоев.

36 йилдан буён Россиянинг Воронеж вилоятида фаолият юритаётган “Ватан” жамияти раҳбари Ўзбекистон элчихонаси вакиллари бирор маротаба бу ерда ишлаётган меҳнат муҳожирлари ҳолидан хабар олмаганидан шикоят қилди.

У Воронеж вилоятида фаолият юритаётган “Ватан”дан ташқари Воронеж шаҳар Ўзбеклар автономияси ташкилоти борлигига қарамасдан, элчихона бош-қошчилигида яна бир ўзбеклар диаспораси ташкилоти тузилаётганини маълум қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG