Линклар

Венада АҚШ Давлат котиби ва Эрон делегацияси раҳбари учрашуви кутилмоқда


АҚШ Давлат котиби Жон Керри ва Эроннинг ядровий масалалар муҳокамаси учун Венага борган делегацияси раҳбари Муҳммад Жавод Зарифлар тез орада учрашиши кутилмоқда.

АҚШ Давлат департаменти берган маълумотга кўра, Жон Керри бу музокараларда Теҳрон томони самимияти ҳамда мақсадларини аниқ баҳолаш учун керагича вақт ажратишга тайёрлигини билдирган.

Эрон ядровий дастури бўйича Теҳрон ва жаҳоннинг олти йирик давлати вакилларининг кечаги музокаралари жиддий силжишларсиз якунланди.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри ва Буюк Британия, Франция ва Германия ташқи ишлар вазирлари 13 июль кунги Вена учрашувида Эрон ядровий дастури бўйича Теҳрон вакилларининг ён беришларига умид қилганди. Бироқ европалик вазирлар 13 июль куни вақт алламаҳалда музокаралар ҳеч қандай натижа бермаганини айтиб, тарқалди.

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Уильям Ҳейг музокараларда “ҳал қилувчи олға силжиш” бўлмаганини ва уранни бойитишдек асосий масалада томонлар ўртасида улкан жарлик пайдо бўлганини айтди.

Россия ва Хитой дохил дунёнинг олти йирик давлати Эрондан ўз ядровий дастури кўламини кескин қисқартиришни талаб қилиб келмоқда, айни пайтда Теҳрон ўз дастурини ривожлантиришни истамоқда.

XS
SM
MD
LG