Линклар

logo-print

Москвада 15 июль куни эрталаб соат 8:40ларда метронинг кўк рангли йўналишида бораётган поезд изидан чиқиб кетиб, 3 та вагон ағдарилди. Жароҳатланган 160 киши орасида ўзбеклар борлиги айтилмоқда. Ҳодисада қурбон бўлганлар сони эса 16 нафарга етди.

Москванинг 14 шифохонасига турли жароҳатлар билан 108 киши жойлаштирилди. Булардан 50 йўловчи оғир аҳволда экани хабар қилинди.

Ҳодиса жойига етиб борган Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари Владимир Пучков “Парк Победы” ва “Славянский бульвар” метро бекатлари оралиғида поезднинг кескин тўхташи 3 вагонни изидан чиқариб, ағдариб юборганини айтди.

Туннелда ҳалокатга учраган поезддан 189 киши эвакуация қилинди. Москва мэрияси “Парк Победы” ва “Славянский бульвар” метро бекатларидан бепул транспорт хизматини ташкил этди.

Москва шаҳар вице-мэри Пётр Бирюков ҳалокат натижасида 15 киши нобуд бўлганини тасдиқлади. Айни пайтда Москва Соғлиқни сақлаш бошқармаси ағдарилган поезд ҳайдовчиси нобуд бўлгани ҳақидаги хабарларни инкор қилди. Расмий маълумотга кўра, у оғир аҳволда шифохонада қолмоқда.

Ҳозирча Москва метрополитенининг Арбат-Покров йўналишидаги ҳалокатда Ўзбекистон фуқаролари жароҳат олгани тўғрисида аниқ маълумотлар йўқ. Аммо, расмийлар жароҳатланганлар орасида кўринишидан осиёлик бўлган йўловчилар борлигини айтмоқда.

Жароҳатланганлар Москванинг "Биринчи", 67-сонли, "Боткин", "Склифосовский", 64-, 71-, 7-сонли, "Бешинчи" ва бошқа қатор шифохоналарга юборилмоқда.

Ҳалокат жойида 450га яқин қутқарувчи, полиция ва тиббий хизмат ходимлари ишламоқда. Жароҳатланганларни шифохонага ташишда 10 та вертолёт хизмат кўрсатаётгани маълум қилинди.

Терговчилар ағдарилган вагонларда яна бир неча одам қисилиб қолгани, уларни қутқариш ишлари давом этаётганини айтмоқда.

Терговчиларнинг дастлабки тахминича, электр узатиш тармоғидаги кучланиш кескин кўтарилиши поезднинг авария ҳолатида тўхтатиш механизмини ишга туширган. Оқибатда, биринчи тўхтаган вагонга орқадан келаётган вагонлар урилган, учтаси ағдарилиб кетган.

Шунингдек, Youtube порталида дарҳол пайдо бўлган видеороликда поезд вагонларидан бирининг тутунга тўлгани ва қисқа фурсатда поезд бирдан тўхтагани акс этган.

Шаҳар йўл-транспорт бошқармаси раҳбари Максим Ликсутов Киев йўналишидаги метро бекатлари оралиғида содир бўлган поезд ағдарилиши террорчилик ҳуружи эмаслиги аниқлигини расман тасдиқлади.

Россия Тергов қўмитаси расмийси Владимир Маркин ҳодиса юзасидан транспорт хавфсизлиги бузилиши моддаси асосида жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди.

Ҳодиса жойига борган Москва мэри Сергей Собянин шаҳар маъмурияти аварияда халок бўлганлар яқинларига 1 миллион рублдан (жароҳат олганларга 500 минг рубл) товон пули тўланишини маълум қилди.

Шунингдек, шаҳар метроси маъмурияти нобуд бўлганларнинг оилаларига 2 миллион рулбдан, жароҳат олганларга эса 1 миллион рублгача товон ҳақи берилишини айтди.

Агар ҳодисага гувоҳ бўлган ёки гувоҳларни билган муштарийлар бўлса, Озодликка хабар йўлланг:

моб: +420 602 612 713 SMS ва қўнғироқлар
моб: +420 777 001 830 SMS ва қўнғироқлар
skype:ErkinMikrofon + ozodovoz
Whatsapp: +420 724 971 539

Тафсилотларни Озодликда кузатинг!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG