Линклар

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси “Ҳукумат томонидан чакана савдо дўконларида сотилаётган шакар маҳсулотининг максимал нархи 1 кг учун 3200 сўмдан ошмаслиги белгилаб қўйилганини” ўзининг расмий сайтида эълон қилганига 4 кун бўлди.

Мухбиримиз мамлакатнинг баъзи вилоятларида шакар неча пулдан сотилаётганига қизиқиб, юқорида тилга олинган қўмита жорий этган чекловга риоя қилинмаётганини аниқлади.

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси вакили шакар нархига оид чеклов тўғрисидаги хабарни тасдиқлар экан, бундай деди:

- Шакарнинг ҳозирги максимал нархи 3200 сўм. Бу ҳақда махсус протокол мавжуд ва ўша протоколга биноан нарх чеклаб қўйилди.

- Бу супермаркетлару бозорлар...

- ...ҳаммаси учун. Ҳаммасида шакарнинг максимал нархи 3200 сўм бўлиши керак.

- Бу нархдан ошиб кетса нима бўлади?

- Ошиб кетса, нархдаги тафовут давлат бюджетига тортиб олинади, тадбиркорлик субъектига нисбатан чора кўрилади.

- Қамаладими?

- Йўқ, қамалмайди. Молиявий жазо қўлланилади биринчи сафар, деди Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг ўзини таништирмаган вакили.

Қўмита жорий қилган чекловга жойларда қандай амал қилинаётганини ўрганиш учун Қарши ва Жиззахдаги тингловчилармиздан шакар сотиб олишни илтимос қилдик.

Қаршилик Санжар 15 июль куни шаҳардаги дўконлардан ва 3 та бозордан шакар излади. Унинг айтишича, шакарни Эски бозор ҳудудидаги фақат битта дўконда кўрган. 1 килодан қадоқланган шакарни сотувчилар “4 минг сўмдан, охиргиси шу”, деган.

Жиззахда ҳам 15 июль куни килоси 4 минг сўмдан арзонроқ шакар йўқ эди. Шу ерлик Мамиржон Азимов Озодлик илтимоси билан бозор айланди.

- Мен суриштирдим. Шакарни улгуржи сотувчилар бугун килосини 3200 сўмдан сотибди. Лекин чакана савдода нарх 4000 дан 4200 сўмгача, деди Мамиржон Азимов.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси хабарномасида “...чакана савдо дўконларида сотилаётган шакар маҳсулотининг максимал нархи 1 кг учун 3200 сўмдан ошмаслиги” лозимлиги уқтирилган.

Мамиржон Азимовнинг айтишича, шакар нархи кейинги кунларда пасая бошлаган. Зомин туманида эса, куни кеча аҳолига 3200 сўмдан шакар сотилган.

Фарғона водийси, хусусан, Андижондаги нархни тошкентлик Миркомил Тошкандийдан эшитдик.

- Мен шанба куни Андижонда бўлдим ва шакар у ерда 4000 – 4500 сўмдан сотилаётганини кўрдим, деди Миркомил ака.

Гап 12 июль кунги вазият тўғрисида кетаяпти.

Хусусийлаштириш... қўмитасининг чеклови эса 11 июль куни жорий этилган эди.

15 июль куни WhatsApp орқали Тошкентнинг Янгийўлидан мана бу дашномли хабар етиб келди:

“Озодлик, шакар тақчиллиги камайди, деб ёзибсизлар, лекин аҳвол ўша-ўшаку! Янгийўл бозорида сотувда арзон шакар йўқ. Бори 5500 сўмдан”.

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг 11 июль кунги хабарномасида шакар тақчиллиги ва қимматлиги сабаби бундай тушунтирилган: Joriy yilning iyun oyida Toshkent shahri va bir qator hududlarda shakar mahsuloti tanqisligi kuzatilib, oqibatda ba’zi savdo do’konlarida shakar mahsulotini chakana narxlarini asossiz oshishini keltirib chiqardi.

Демак июнда шакар танқис бўлди ва шунинг учун баъзи савдо дўконларида нарх ошиб кетган.

Шуниси қизиқки, қўмита хабарномасининг ўрисча вариантида нарх ошиши сабаби бошқача тушунтирилган:

“В течение июня месяца т.г. в г.Ташкенте и ряде регионов возник ажиотаж при приобретении потребителями сахара, что в свою очередь привело к необоснованному росту цен на данную продукцию в некоторых торговых точках”.

Яъни "шакар бор эдию истеъмолчилар харид қилаётганида ажиотаж пайдо бўлган ва оқбатида баъзи савдо дўконларида нарх ошиб кетган".

Вазиятнинг бошқа ҳолатларига оид тушунтирмалар ва муаммо ечими йўлида кўрилаётган чоралар тўғрисида билгингиз келса, мана бу ишорани босинг.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG