Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:14

Тошкентда автобус йўналишлари қисқартирилмоқда


Тошкентда автобусларнинг бекатга қачон келиши ҳақида аниқ график йўқлиги боис йўловчилар узоқ муддат кутиб қолмоқда
Тошкентда автобусларнинг бекатга қачон келиши ҳақида аниқ график йўқлиги боис йўловчилар узоқ муддат кутиб қолмоқда

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қарорига биноан шу йил охирига қадар Тошкент шаҳрида 6 та автобус ва 20 дан ортиқ йўналишли такси(маршрутка) қатнови тўхтатилади. Шаҳар ҳокимияти шу йўл билан маблағни тежаш ниятида. Бироқ, пойтахтликлар “Тошшаҳартрансхизмат” корхонасидан транспортни қисқартириш эмас, мўътадил қатновни йўлга қўйишни сўрамоқда.

Ўзбекистондаги ОАВининг хабарига кўра, шу йил охирига қадар 17 йўналишда қатнайдиган маршрут такси ва 6 йўналишда қатнайдиган автобуслар қатнов тўхтатилади. 13 йўналишда қатновчи "маршрутка”ларнинг масофаси қисқартирилади.

“Тошшаҳартрансхизмат” ҳиссадорлик компанияси мулозими Фарҳод Ниғомовнинг Озодликка айтишича, бундай хулосага келиш учун пойтахтдаги йўналишлар обдон ўрганиб чиқилган:

- Жорий йилнинг 3 ва 27 апрель кунлари шаҳар жамоат транспортининг йўналишлари ўрганиб чиқилди. Ана шу текширув натижасига кўра, бир-бирини такрорлайдиган йўналишлар қайта кўриб чиқилади. Қайси бири қисқартирилади, қайси бири узайтирилади. Қайси бир йўналишга талаб камроқ бўлса ўша йўналишлар қисқартирилиши кўзда тутилган,- деди Фарҳод Ниғомов.

Автобусларга фақат талаба ва пенсионерлар чиқади

Пойтахтда автобус йўналишларининг қисқартирилиши тошкентликларни унчалик ташвишга солмаган кўринади.

Тошкентлик иқтисодчи Миркомил Тошкандийнинг айтишича, пойтахтдаги жамоат транспортининг йўловчиларга хизмат кўрсатиш даражаси жуда паст бўлгани учун тошкентликлар бу хабарга жиддий эътибор бермаган:

- Тўғри одам кам минадиган ва бир-бирини такрорлайдиган йўналишлар кўп. Лекин гап мавжуд жамоат транспортининг нормал ҳаракатланишида, одамларни ўз вақтида манзилига етказиб қўйишида. Автобусларнинг ҳаракатланишидан кўпчилик норози. Автобусга чиқсангиз ҳеч қачон ишга ёки керакли манзилингизга ўз вақтида етиб боролмайсиз. Баъзан у бекатдан бу бекатгача шунчалик аста юрадики, бу масофани пиёда тезроқ босиб ўтиш мумкин, - дейди суҳбатдош.

Баъзан такси автобусдан арзон тушади

Миркомил Тошкандийга кўра, пойтахтликларнинг аксарияти автобус хизматининг даражаси жуда паст бўлгани учун ҳам кўпроқ таксидан фойдаланади:

- Масалан, Қўйлиқдан Олой бозорига бориш учун автобусда 40 минут сарфлайсиз. Бу вақт ичида Бўкага етиб бориш мумкин. Автобус чиптаси нархи ҳам минг сўм. Энди одамлар нима қилади, тўрт киши минг сўмдан бериб таксида кетади. Бу қулай эмасми? “Тошшаҳартрансхизмат” ташкилотидагиларнинг ўзлари автобуслар графикларини нотўғри тузиб ташлаган. Такрорий маршрутлар жуда кўп, лекин қулай транспорт йўқ. Автобуслар бекатларда ўзлари хоҳлаган вақтгача туради, унда ўтирган одам диққинафас бўлиб кетади, - дейди иқтисодчи.

Миркомил Тошкандий фикрича, йўловчи ташишда “Тошшаҳартрансхизмат” монопол ташкилот бўлгани учун ҳам бу соҳада ижобий ўзгариш бўлмаяпти:

- Ортиқча бюрократия, йўлкиранинг ортиқча ошиши ва “Тошшаҳартрансхизмат” монополист бўлгани учун ҳам шундай бўляпти. Токи рақобат қиладиган ташкилот бўлмас экан, барибир бу соҳада ҳеч қандай ижобий ўзгариш бўлмайди, - деди Миркомил Тошкандий.

Фейсбукнинг “Водители Ташкента” гуруҳи аъзолари ҳам бу хабарни қизғин муҳокама қилмоқда:

“Бу ёмон, қанча одам ишсиз қолади. Бу оилаларда ёш болалар ва ишга яроқсиз одамлар ҳам бўлиши мумкин”.

“Улар осмондан тушганми? Ўз кабинетларида ўтиравериб қарорлар чиқаришади. Бу нарсани ўйлаб топган одамларни миясини жойига қайтариш керак”

“Автобусларни ҳозир қандай ҳайдашларини ҳисобга олсак, балки бу яхшидир. Лекин бу йўналишларни ёпгандан сўнг одамларнинг эркин ҳаракатланиши учун альтернативалар ҳақида ҳам ўйлаш керак”, деб ёзди “Водители Ташкента” гуруҳи аъзолари.

XS
SM
MD
LG