Линклар

Валерия Новодворская ўлимидан сўнг у ҳақда эълон қилинган мақолаларнинг мутлақ кўпчилигида уни "Россия виждони", деб атадилар.

Россиядаги ўнгчилару сўлчилар, бою камбағаллар, расмийлару норасмийлар Новодворскаянинг бир умрлик жасоратини у вафот этган куни бирдай тан олди.

Мамлакат президенти Путиндан тортиб, Воронеждаги подшипник заводи фрезери Пупкингача - ҳамма-ҳамма тан олди.

“Биз шивирлаб айтган гапларни Валерия Новодворская баралла айтар эди. Биз кўниккан зулм билан у сира муроса қилмади. Бизга унинг ҳатти- ҳаракати ғалати кўринар эди, аслида мўмин-қобилгина бўлиб, жарлик сари кетаëтгтан бизларнинг ҳокисорлигимиз ғалати эмасми?!” деб ëзди 10 йилдан зиёд қамоқда ўтириб, шу йил озодликка чиққан россиялик миллиардер Михаил Ходорковский.

Тақдир тақозосини қарангки, Валерия Новодворскаядан интервью олган ягона ўзбек журналисти мен бўлиб чиқдим.

Аммо бундан севинмадим.

Литвалик, украиналик ва грузиялик ўнлаб журналистлар юзлаб марта Валерия Новодворскаядан интервью олган бир пайтда 30 миллион ўзбекни жамлаган Ўзбекистон журналистлари тоталитаризмнинг ашаддий душмани бўлган Лера опа билан суҳбат қуришмади.

Холбуки, гаплашадиган гаплар кўп эди. Холбуки Лера опа Каримов режими каби жирканч тузум анатомиясини ва ундан қутулиш усулларни яхши билар эди.

Валерия Новодворскаяни илк марта 1986 йили Москвада кўрган эдим. “Демсоюз” ўтказган митингда. Москвада яшайдиган устозим рассом Шавкат ака Абдусаломов билан биргаликда.

1990 йили Польша мухолифати етакчиси Лех Валенса ташаббуси билан Ленинградда ўтказилган инсон ҳуқуқлари анжуманида Валерия Новодворская билан яқиндан танишдим. Мени оддийгина Лера деб атайвер деган эди Валерия Ильинична ўшанда дўстларча елкамга қоқиб.

Валерия Ильиничнадан мен ўшанда "Атом бомбасига ва улкан жазо машинасига эга СССРдан Ўзбекистон қандай қилиб мустақил бўла олади", деб сўраган эдим.

"Ҳамма бирданига қаршилик кўрсатиши керак. Масалан, сиз ўзбеклар пахта экманглар ва терманглар¸ бу сизнинг СССРга қарши қаттиқ зарбангиз бўлади", деган эди Валерия Новодворская.

1990 йили Ленинградда Валерия Новодворская мен чизган расмларни ëқтириб, менга ортиқча илиқ муносабатда бўлган эди.

Буни кечагина ўша анжуманда мен билан бирга бўлган Абдусалом ака Эргашев билан эслаган эдик.

Афсус бир кун ўтиб Валерия Новодворскаянинг ўлими тўғрисида хабар етиб келди.

2011 йили Валерия Новодворскаядан Озодлик учун интервью олувдим. Лера опа бу суҳбатда "Каримов ўз диктатурасини сақлаш учун¸ мен кетсам ўрнимга Бин Лодин келади, деган иддао билан "Бирлик" ва "Эрк"ни йўқ қилгани" ҳақида гапирган эди.

Суҳбат давомида ўзбеклар учун қутулиш йўли Ғарбда эканлигини ва инсон ҳуқуқлари декларациясини ўқиш кони фойдалигини таъкидлаган эди.

Кейинги пайтда кўп мавзуларда Лера опа фикрини олмоқчи бўлиб кейинга қолдирар эдим.

Назаримда Валерия Новодворская ҳали узоқ яшайдигандек эди. Ҳали кўплаб суҳбатлар қураман, деб ўйлаган эдим.

Чунки СССРдаги КГБ жаллодлари уни ўлдира олмаган ва иродасини бука олмаган эди.

Қайтанга СССРнинг ўзи йўқ бўлиб кетди. Лера опа СССР тугаганидан кейин ҳам унинг қолдиқларига қарши курашда фаол эди.

Кейинги кунларда баъзи ўзбеклар ҳам СССРни соғиниб бошлаганда уларни Лера опанинг супургиси билан супуриб ташлаш лозимлиги ҳақида ўйлаган эдим.

Россияда яшаëтган ўзбек гинекологи Фарида Бўронова ФБ даги саҳифамга изоҳ ëзиб Новодворскаянинг тарихдаги ролини камситишга уринди:

“Бекор гап, Новодворская ҳеч бир тарзда ва ҳеч қачон Россиянинг виждони бўлмаган. У бор вужуди билан Россияни ëқтирмас эди ва бор фаолиятини ички сиёсатни, ва тинч ҳаëтни нотинч килишга рағбатлантирган эди. Унинг сиесий ҳаëти 19 ëшида СССР га ва совет ҳукуматига қарши фаолият билан бошланган. Ўша, тинч 70 йиллар, ҳаëтимиз фаровон бўлган пайтда сиёсий гуруҳ ташкил этиб, СССРни барбод этмоқчи бўлган инсон...” деб ëзади ўзбек гинекологи.

Бу менга 1989 йилнинг 2 июнида СССР Халқ депутатлари съездида Ўзбекистондан сайланган депутат аëлнинг Андрей Сахаровни мажлис минбаридан туриб “дуои бад” қилганлигини эсимга туширди.

Ўзбекистонлик ўқитувчи аëл бутун СССРга телетрансляция қилинаëтган юксак минбардан туриб “Мен бутун халқнинг сизга бўлган нафратини изҳор қилмоқдаман”, деб гапирган эди.

Рим Папасидан ҳам кўпроқ католик бўлиш вазифасини нега йиллардан бери ўзбеклар бажариб келаëтгани эса, яна бир жумбоқ.

Дарвоқе, 16 июль куни минглаб одамлар Москвадаги Сахаров марказида тобути қўйилган Валерия Новодворская билан видолашмоқ учун келмоқда.

Тақдир тақозоси билан бутун Россияда мотам куни, деб эълон қилинган 16 июль демократия ва либерализм курашчисининг дафн маросимига тўғри келди.

Валерия Новодворская 64 ëшида бизни тарк қилди.

Банда иши хатоли. Ўлим ҳақ.

Лера опа вужуд-вужуди билан коммунизм ахлатлари бўлган каримовларга қарши эди.

Бит ва сувараклардан қутулган каби улардан қутулиш керак, деб таъкидлар эди раҳматли.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG