Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:56

Ўзбекистон қуролли кучлари дунëдаги энг кучли армиялар элликлигига кирди


Дунëдаги ҳарбий қудратга эга давлатлар бўйича ўз янги ҳисоботини эълон қилган Global Firepower Index қуролли кучлари таҳлил этилган 106 давлат рўйхатида Ўзбекистонни 48-ўринга қўйди. Бу ҳисоботга кўра¸ Ўзбекистон Россия ва Украинадан сўнг постсовет ҳудудида учинчи¸ Марказий Осиëда эса¸ биринчи ҳарбий қудрат деб топилди. Аммо Озодлик суҳбатлашган мустақил ҳарбий таҳлилчилар¸ ҳарбийлар ва улар қўлидаги қурол сони армия қудратининг асл ўлчови эмаслигини таъкидладилар.

Global Firepower Index¸ асосан¸ расмий манбалар жамоатчиликка тақдим этган маълумотлар асосида дунë давлатларининг ҳарбий қудратини баҳолаш ва таҳлил қилиш билан шуғулланади.

У ëки бу давлат ҳарбий қудратини баҳолар экан¸ Global Firepower Index эликка яқин мезонга асосланади. Бу мезонлар орасида давлатнинг умум аҳолиси ва ҳарбий хизматга лаëқатлилар сони¸ қуруқлик¸ ҳаво ва денгиз кучлари сони¸ улар ихтиëрида мавжуд ҳарбий техника сони¸ ëнилғи ресурслари¸ фуқаролик ва ҳарбий инфратузилма¸ мамлакатнинг молиявий-иқтисодий имконлари бор.

Янги ҳисоботга кўра¸ аҳолиси сони 28 миллион 661 минг деб баҳоланган Ўзбекистонда ҳарбий хизматга лаëқатли 13 миллион 311 минг 936 нафар одам бор; ҳар йили 601 860 нафар ëш йигит ҳарбий хизмат ëшига етади¸ Ўзбекистон армиясида айни кунларда 65 минг ҳарбий¸ заҳирада эса¸ 20 минг аскар ва зобит бор.

Бу армия ихтиëрида¸ ҳисоботда ëзилишича¸ 420 дона танк¸ 715 дона бронитехника¸ 164 дона учқич¸ 109 та ракета отиш ускуналари мавжуд.

Маркази Лондонда жойлашган ISIS - Стратегик тадқиқотлар бўйича халқаро институт ўтган ой эълон қилган бошқа ҳисоботга мувофиқ¸ Тошкент ҳукумати ҳар йили қуролли кучлар учун 1 миллиард 422 миллион доллар маблағ сарфлайди ва бу 16¸6 миллиард долларни ташкил қиладиган давлат бюджетининг қарийб 10 фоизини ташкил этади.

Ўзбекистон қуролли кучларининг дунëдаги кучли элликталикка киритилганига муносабат билдирган ҳарбий мутахассислар¸ бундай катта сарф-харажатга қарамай¸ Ўзбекистон армиясини қудратли дейиш қийин эканини таъкидладилар:

- Ҳар қандай авторитар-тоталитар тузум каби¸ Каримов режими ҳам кучишлатар тизимлари таянчига асосланади. Бу тизим таянчини ушлаб туриш эса¸ қиммат иш ва Каримов бунинг учун катта маблағ сарфлаëтгани¸ гарчи асл рақамлар сир бўлса ҳам¸ аниқ. Лекин кучишлатар тизимларига кўп пул сарфланаëтгани Ўзбекистон қуролли кучлари дунëдаги қудратли армиялардан бири ва бугунги дунëда мавжуд глобал ëки минтақавий муаммоларни ҳал қилишга қодир¸ дейишга асос бўла олмайди¸ дейди россиялик ҳарбий шарҳловчи Владимир Мухин Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистон қуролли кучлари бош штабининг собиқ ходими Карен Назаров ҳам Мухин айтган фикрга қўшилади. Давлат бюджетидан қуролли кучлар учун сарфланаëтган катта маблағ армиянинг ҳарбий-техник қудратини ошириш ëки етук кадрлар тайëрлаш учун эмас¸ қўлида қуроли борларнинг режимга садоқатини ушлаб туриш учун сарфланмоқда¸ дейди ўзбекистонлик ҳарбий мутахассис:

- Давлат силовикларга таянгани учун¸ уларга кўп маблағ сарфлайди. Оддий мисол¸ уларга бериладиган ойлик бошқа соҳадагилар маошидан бир неча баравар кўп. Шунингдек¸ давлат хизматчилари ойлигининг ҳаммаси мажбуран пластик карточкага ўтказилди¸ фақат қуроллилар нақд пул олишга имтиëзли. Нега? Чунки қуроллиларнинг эътирозини уйғотиш Каримов режимига муаммо туғдириши мумкин. Мен ўз тажрибамда ҳарбий бюджетнинг янги русумдаги техника¸ ëки тараққий қилган коммуникация воситалари олишга сарфланганини кўрмадим¸ дейди ўзбекистонлик собиқ ҳарбий.

У ëки бу давлат қуролли кучларини қудратли қиладиган асосий мезон нима¸ деган саволга россиялик яна бир ҳарбий таҳлилчи Вадим Козюлин¸ жанговар руҳ¸ деб жавоб беради:

- Жанговор руҳнинг бирламчи эканини тарих кўп кўрсатган. Лекин бу ўлчаш қийин нарса. Шу боис¸ ҳисоботлар сон ва сифатини ўлчаш ва баҳолаш мумкин омиллар асосида тузилади. Ўзбекистонда лаëқатли армия борлиги¸ унинг ихтиëрида муайян ҳарбий техника мавжудлигини ҳеч ким инкор этмайди. Лекин бу қуролларнинг қанчаси энг сўнгги нусхадаги қуроллар экани¸ ўзбек ҳарбийларининг бу техника ҳадисини қанчалик олганларини баҳолаш¸ бу ҳақдаги маълумотлар сир бўлгани боис¸ қийин иш¸ дейди Россия стратегик тадқиқотлар марказининг Марказий Осиëдаги ҳарбий стратегия бўйича таҳлилчиси Вадим Козюлин.

Озодлик билан суҳбатда россиялик бошқа таҳлилчи Владимир Мухин¸ Ўзбекистон армияси устунини узоқ йиллар славян ва татар кадрлар ташкил қилгани¸ улар мамлакатни тарк этиши билан қуролли кучлар сафида етук кадрлар камайиб¸ ўзбек армияси ҳам заифлашганини иддао қилди.

Бу фикрни тасдиқлаган ўзбекистонлик собиқ ҳарбий¸мамлакат қуролли кучларининг мустақилликдан 23 йил ўтиб ҳам Россияга ҳарбий қарамликдан қутула олмаганини қўшимча қилади:

- Мен ишлаган йилларда ҳарбий техниканинг кўпчилиги¸ хусусан¸ коммуникация воситалари Россиядан келарди. Калитлар ҳам¸ табиий¸ Россиядан келарди. Ҳозир ҳам шунақа. Чунки нафақат Ўзбекистон¸ балки постсовет ҳудудидаги аксар давлатларга алоқа воситалари ва улар калитини Россия тарқатади. Калитни Россиядан олганингиздан кейин¸ уларда худди шу нарса бор. Сиз гаплашган сирни¸ истаган пайтда оча олади. Нафақат калит¸ балки сизни калитни очишга ўргатган кадр ҳам Россияда ўтирибди. Шунинг учун мен Ўзбекистон армиясини кучли ва мустақил армиялардан деб ўйламайман¸ дейди ўзбекистонлик собиқ ҳарбий Карен Назаров.

Ўзбекистон қуролли кучлари ҳозирга қадар ўзининг бош вазифаси - мамлакатни ташқи таҳдиддан ҳимоя қилиш жабҳасида очиқ синалмагани боис¸ унинг жанговар ҳозирлигининг асл аҳволи ҳам мутахассислар фикрича¸ баҳо бериш қийин иш.

Жорий йил охирига қадар АҚШ ҳарбийлари Афғонистондан чиқиб кетиб¸ жанубий сарҳадларда яна Толибон¸ демакки исломий экстремизм таҳдиди реаллашса¸ бу ўзбек армиясининг нечоғли қудратли эканини кўрсатувчи ҳақиқий имтиҳон бўлади¸ деган фикрда Озодлик суҳбатлашган ҳарбий мутахассислар.

XS
SM
MD
LG