Линклар

Сочи ва Краснодардан депортация қилинишини кутаётган ўзбек ва тожик муҳожирлар махсус ҳибсхона маъмуриятининг уларга муносабати ваҳшийларча эканлигидан арз қилди. Мухбиримиз Краснодар ўлкаси, Лазаревский тумани, Вардане қишлоғида жойлашган Хориж фуқароларини сақлаш марказида депортация қилинишини кутиб, бир неча ойдан бери сақланаётган меҳнат муҳожирларидан бир нечаси билан суҳбатлашди.

Сочи ва Краснодардан депортация қилинишини кутаётган ўзбек ва тожик муҳожирлар махсус ҳибсхона маъмуриятининг уларга муносабати ваҳшийларча эканлигидан арз қилди.

Мухбиримиз Краснодар ўлкаси, Лазаревский тумани, Вардане қишлоғида жойлашган Хориж фуқароларини сақлаш марказида депортация қилинишини кутиб, бир неча ойдан бери сақланаётган меҳнат муҳожирларидан бир нечаси билан суҳбатлашди.

Александр

Ўзини Александр Казаненко, деб таништирган 40 яшар муҳожир фуқаролиги йўқ шахс эканига қарамасдан Россиядан Ўзбекистонга депортация қилинишини кутиб ётибди.

У муҳожир-тутқунлар махсус ҳибсхона қўриқчилари томонидан мунтазам калтакланиши, эътироз билдирувчилар эса кишанлаб қўйилишини айтиб берди.

- Бу ерда 7-8 ойлаб, ҳатто 1,5 йил ётганлар бор. Мана 4- хонада яшовчи одам 1 йилу 6 ойдан бери шу ерда! У ҳеч қайси давлат фуқароси эмас, миллати тожик. Ҳеч кимнинг у билан иши йўқ. Маъмурият бундайларга 2 йилдан ўтирасизлар, деяпти. Майда ҳуқуқбузарлик учун бу ерда подвалга батареяга кишанлаб қўйишяпти. Мана ҳозир у ерда икки киши ўтирибди кишанланган, биз уларни расмга оламиз, десак қўйишмаяпти назоратчилар, дейди ўзи ҳам олти ойдан бери қамоқхона шароитида сақланаётганини гапирган Александр.

Казаченконинг айтишича, бу ерда қаттиқ режимли колония тартиби ўрнатилган.

- Бу ерда ҳозир 240 киши бор. Спецприёмник бошлиғи Глушков Сергей Викторович. Худди шу одам ҳамма ишни бошқаряпти. Бир ёш аёлни улар уч кун кишанда ушлашди. Қаршилик кўрсатганларни синдириш учун кичкинагина ваннахонага қамаб қўйишяпти. Неча кишини калтаклашдию... Мана ёнимда ўтирган Ўзбекистон фуқароси Эгамов Ҳамдамбек 8 ойдан бери шу ерда: жонидан тўйдиришганидан қочмоқчи бўлди. Назоратчилар ушлаб олиб ўлардек калтаклашди, деди телефонни яна бир ўзбекистонлик маҳбус Ҳамдамбекка узатган Александр Казаненко.

Ҳамдамбек

25 яшар Эгамов Ҳамдамбек - Хоразмдан. Ҳамдамбек бироз пул ишлайман, деб 2011 йилдан бери Урганчда қолган ота-онаси олдига боролмаганини Озодликка гапириб берди.

Ҳибсхонада 7 ой ўтиргач, бу ердан чиқишга умидини узишни бошлаган хоразмлик бу мардикор йигит ниҳоят девор ошиб қочишга аҳд қилган.

- Бир-бир ярим ой олдин бўлди бу... Забордан ошиб қочдим. Тепага чиқиб қочаман, деб турувдим, охири ушлашди – узоққа кета олмадим. Ушлаган ҳаммасини чақирди, охранлар келиб мени ўша ушлаган жойида дубинка билан уришни бошлади-да. Мана кеча 7 ой тугаб 8-инчи ой бошланди бу ерда эканимга. Без паспорт юрдинг деб, 2 минг штраф қилди-да, олиб келишган мени. Москвадан консульствадан чиқишга разрешения келиши керак экан. Документинг келмади, деяпти. Шу урганда ҳушимдан кетдим, скорий чақирдилар. Оғриқни олувчи укол урди, бир ҳафта–ўн кундан кейин яхши бўлиб кетдим, дейди бошидан кечирганларини гапирган ўзбек муҳожири.

Ҳамдамбек полиция раҳбарияти уни урган назоратчиларни ишдан бўшатгани тўғрисида овоза қилгани, бироқ бир ҳафта ўтар-ўтмас улар яна ўз иш жойига қайтиб келганини билдирди.

Бу йигит олдин Сочининг масхараомуз ном берилган “Весёлый” махсус лагерида ҳам бир неча ҳафта ушлаб турилган.

Довуд

Тожикистонлик 30 ёшли Довуд Суғд вилоятидан. У охирги пайтларда махсус ҳибсхонага ҳамма ҳужжатлари жойида бўлган ўнлаб ўзбек-тожиклар олиб келинаётганидан гапирди.

У кўп жойларга мурожаат қилиб, натижа ололмагани, ҳибсхона маъмурияти иложи борича ташқи дунё билан алоқани узишга уринаётгани ва бу ерда бўлаётган ноҳақликлар "ҳидини" ташқарига чиқармаслигига ҳаракат қилмоқда, дейди.

- Мана бир ярим йиллаб одамлар ўтирибди! Элчихоналарга бу ҳақда хабар беришнинг иложи борми? Мана аксарида ҳамма ҳужжатлари жойида бўлганларни олиб келиб қамашяпти. Айримларининг хотин-бола-чақаси Россияда, мактабга боради болалари – уларнинг аҳволи нима кечяпти?! Хонамизда 10-15 киши туради. Энг даҳшатлиси – нима сабабдан булар қамалиб ётгани, нима учун бунча узоқ муддат жиноят қилмаган одамлар приёмникда сақланаётганини ҳеч ким тушунтираётгани йўқ, дея куйинади Довуд.

Анапада ушланган Довуд “Вардане”да ўтирганига ярим йил бўлган.

Расулжон

36 ёшли Расулжон (исми ва ёши ўзгартирилган) Фарғона вилоятидан. Оилали бўлганини айтган бу ўзбек муҳожири изоляторда ётган муҳожирлар учун энг даҳшатлиси – Россиядан бадарға бўлиш эканлигини айтади.

“Шу сабабли, приёмникдаги муҳожирларнинг кўпи тушкунликка тушганига қарамасдан, адвокатлар ёрдамида судлашиб, мамлакатда қолиш истагида”, дейди Расулжон.

- Мени ҳамма документим жойида. Договор билан олдин гўшт магазинда ишлаганман. Столовойда ишладим. Адвокат бўлади ишласа, деган. Разрешениеда “новвой” деб ёзган, лекин гўшт магазинида чучвара, манти, хоним қилардим. ФМСга чақиртиришди, протоколга эса “буни гўшт чопаётган пайтда ушладик”, деб ёзишибди. Камераларда ёзув бор – лекин исботлаб бера олмаяпмиз. Мен 22 майдан бери ётибман. Арз қилиб, ёзиб турибман. Ҳозир камида 100 одамни ҳужжатлари жойида бўлмагани учун ушлаб туришибди. Энди келаётганларни страховой полиси йўқ баҳонасида олиб келишяпти экан! деди Расулжон.

Фарғоналик бу йигит Лазаревскийдаги махсус ҳибсхонада полиция ва ФМС назоратчиларининг муносабати вахшиёна эканлигини таъкидлади.

“Энг даҳшатлиси – судда биз доим ноҳақ бўлиб чиқаяпмиз”, дейди ўз ҳақлари учун курашаётган ўзбекистонлик муҳожир.

***

Озодликнинг Краснодар вилояти Лазаревский тумани Вардане қўрғони Лобовная-2 манзили бўйича жойлашган Хориж фуқароларини сақлаш марказидаги вазият юзасидан қилган мурожаатига ўлка ФМС бошқармаси расмийси Евгения Кузнецова расмий қоғоз билан мурожаат қилишни тавсия қилди.

“Хатингизда кўрсатилган фактлар устидан албатта тафтиш ўтказилади”, дея ишонтирди миграция бошқармаси вакиласи.

Озодлик “Вардане” махсус приёмникидаги вазиятни кузатиб боради.

Варданедаги собиқ оромгоҳда 2013 йилнинг сентябрида жойлаштирилган мигрантларни сақлаш маркази миграция қоидаларини бузган 300 га яқин муҳожирни сақлашга мўлжалланган. Лазаревский туманидаги бу приёмник очилишида ҳатто Краснодар губернатори Александр Ткачёв шахсан иштирок этган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG