Линклар

logo-print

OzodJavobнинг навбатдаги сонида ишламайдиган оналарга боласи икки ёшга етгунга қадар уни парвариш қилганлиги учун бериладиган ойлик нафақани тўлаш тартибига тўхталамиз.

Муштарийлардан ёш болали оналарга бериладиган «бола пули» борасида мурожаатлар кўплаб бўлади.

Жумладан, жиззахлик Нигора «бола пули» кимларга берилиши борасида сўради:

«Мен май ойида ўғиллик бўлдим. Эрим ишламагани учун менга «бола пули» беришмади. Нимага ҳамма ёш болали оналарга берилмайдими, бу пул?», дейди Нигора.

Самарқандлик Гулнора «бола пули»нинг миқдори борасида қизиққан:

«Мен Худо хоҳласа сентябрь ойида фарзандлик бўламан. Ёш болали оналарга қанча «пособие» беришади? Неча йил беришади?», дея сўради Гулнора.

Амалдаги тартибга кўра, болани парвариш қилиш нафақаси қишлоқ, овул, маҳалла фуқаролари йиғини ёки махсус ваколатли комиссия томонидан, она ёки амалда болани парвариш қилаётган бошқа шахс қишлоқ, овул, маҳалла фуқаролар йиғини раиси номига берадиган аризасига асосан тайинланади.

Ариза мазкур шахс рўйхатдан ўтказилган ҳудуддаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига берилади.

Тошкентнинг Юнусобод туманидаги маҳалла оқсоқолларидан бирига кўра, ишламайдиган оналар ойлик нафақа олиш учун оиланинг сўнгги 3 ойдаги даромадлари тўғрисида маълумотнома топширишлари лозим:

“Вазирлар Маҳкамасининг 144- қарорига асосан, нафақа тайинлашда оила даромади кўрсатилиши лозим. Дейлик, июль ойида ҳужжатларини топширса, апрель, май ва июнь ойлари бўйича оила даромади кўрсатилади. Оилада рўйхатда турган барчанинг даромади қўшилади”, дейди маҳалла оқсоқоли.

Белгиланган тартибга кўра, нафақа берилиши учун оила умумий даромади унинг аъзоларига бўлинганида ҳар бир аъзонинг даромади энг кам иш ҳақининг 1,5 бараваридан ортиб кетмаслиги керак.

Суҳбатдошимиз маҳалла оқсоқолига кўра, акс ҳолда нафақа пули берилмайди.

“Ҳозирда энг кам ойлик иш ҳақи- 96105 сўмни ташкил қилади. Бунинг 1,5 баробари 144157 сўм бўлади. Оила даромади шу миқдордан кам бўлса, “бола пули” берилади. Кўп бўлса, нафақа белгиланмайди. Бу белгиланган мезон”, дейди маҳалла оқсоқоли.

Ёш болали оналарга нафақа тайинлашнинг яна бир асосий талаби – оила бошлиғи ишлаши шарт.

“Боласи икки ёшга тўлмаган аёлга нафақа тайинлаш учун унинг эри ишлаши шарт. Иш жойидан маълумот сўраймиз. Она ишламаслиги мумкин. Лекин ота ишлаши керак. Оила боқувчисининг даромади албатта кўрсатилиши керак. Ота ишламаса, онага нафақа пули берилмайди. Оила боқувчисининг даромади кўрсатилмаса отказ олади”, деди маҳалла оқсоқоли.

Маҳалла қўмитасига ариза топширишда қуйидаги ҳужжатлар талаб қилинади:

1) Боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасидан кўчирма нусха;

2) Меҳнат дафтарчасидан кўчирма нусха;

3) Ариза топширилган ойгача оила аъзоларининг охирги уч ойдаги даромадлари тўғрисида маълумотнома;

4) Онаси бўлмаган болани амалда парвариш қиладиган шахслар онасининг йўқлигидан далолат берувчи ҳужжат;

Болани парвариш қилиш нафақаси ҳар ойда, парвариш қилинадиган болалар сонидан ва мазкур нафақани оладиган шахснинг меҳнат стажидан қатъий назар 2003 йилдан бошлаб белгиланган энг кам иш ҳақининг 200 фоизи миқдорида тўланади.

“Бола пули” бола туғилганидан 1 ой ўтиб тўланади. Маҳалла қўмитасига топширилган ариза тасдиқланганидан сўнг нафақа 12 ой муддат ичида тўланади. Лекин бу муддат ичида бола 2 ёшидан ўтиб кетмаслиги керак.

Агар бола 2 ёшга тўлмаган бўлса, 2 ойлик тайинланган муддат тугашидан 1 ой олдин маҳалла қўмитасига мурожаат қилинса, бола 2 ёшга тўлгунча нафақа тайинланиши мумкин.

Агар икки ва ундан кўп туғилган, фарзандликка олинган ёки васийликка қабул қилинган болалар парвариш қилинаётган бўлса, болани парвариш қилиш нафақаси бир миқдорда, кичик ёшдаги бола икки ёшга тўлишига қадар тўланади.


Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG