Линклар

Ўзбек расмийлари ўтган ярим йилликда ЯИМ ҳажми 8,1 фоизга ошганини иддао қилмоқда


2014 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистондаги ялпи ички маҳсулот ҳажми 8,1 фоизга ўсган. Бу ҳақда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил биринчи ярим йиллигида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига бағишланиб, 16 июл куни ўтказилган мажлисида иддао қилинди.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ўтган олти ой мобайнида мамлакатда ишлаб чиқарилган ялпи ички маҳсулот ҳажми 61 триллион сўмдан ошиб кетган.

Ҳукуматнинг яна иддао қилишича, биринчи ярим йилликда Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 14 миллиард долларни ташкил қилган, бунинг 7 миллиард 220 миллион доллари экспортга, 6 миллиард 740 миллион доллари эса импортга дохилдир.

Вазирлар Маҳкамаси мажлисида жорий йил бошидан буён Ўзбекистонда 506 минг 400 та иш ўрни яратилгани, бу иш ўринларининг 303 минг 200 таси ёки тақрибан 60 фоизи қишлоқ жойларига тўғри келиши ҳам таъкидланди.

Ўзбекистон ҳукумати мамлакат иқтисоди ошаётгани ва юз минглаб иш жойлари яратилаётганини иддао қилиб келишига қарамасадан, иқтисодий қийинчиликлар сабабидан миллионлаб ўзбекистонлик Россия, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларда мардикорлик қилишади.

XS
SM
MD
LG