Линклар

Бузиладиган иншоотлар рўйхатида бўш ётган ёки қурилиши битмаган болалар боғчалари, мактаблар, поликлиникалар, туғруқхоналар ва шулар каби бошқа социал объектлар бор.

Президент Каримов имзолаган “Давлат мулки бўлган объектларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига реализация қилишга оид қўшимча чоралар тўғрисида”ги қарорда айтилишича, бу чора "давлат мулкидан рационал ва самарали фойдаланиш" мақсадида амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Президенти 2014 йил, 3 июлда имзолаган қарорга бузиладиган иншоотлардан ташқари:

давлатнинг фойдаланилмаётган ва жорий йил охиригача сотилиши керак бўлган мулклари рўйхати;

давлатнинг фойдаланилмаётган, шу жумладан қурилиши битмаган ва жорий йил охиригача “ноль”га тенг бўлган харид нархида сармоя ётқизиш ва янги иш ўринлари яратиш шарти билан сотилиши керак бўлган мулклари рўйхати ва бошқа чоралар рўйхати илова қилинган.

Президент қарори ва унга илова қилинган ҳужжатлар ҳажми жуда катта бўлганлигидан биз эътиборингизни биринчи рўйхат – бузиладиган иншоотлар рўйхатигагина қаратмоқчимиз.

Мамлакат бўйлаб, бояроқ айтилганидай, ҳаммаси бўлиб 299 та объект бузилиши назарда тутилган бўлиб, шу жумладан Қорақалпоғистонда 52 та, Андижон вилоятида 28 та, Бухоро ва Жиззахда 9 тадан, Қашқадарёда 28 та, Навоийда 26 та, Наманганда 16 та, Самарқандда 6 та, Сурхондарёда 58 та, Сирдарёда 6 та, Фарғонада 29 та ва Хоразм вилоятида 32 та объект бузилади.

Президент қарорига илова қилинган биринчи рўйхатдан баъзи вилоятларда мактаблар “фойдаланилмаётган ёки қурилиши якунланмагани” маълум бўлса, бошқа вилоятларда сув иншоотлари бекор ётгани маълум бўлади.

Масалан, Андижон вилоятининг биргина Шаҳрихон туманида 1 та бошланғич мактаб, 6 та умумий ўрта таълим мактабининг филиаллари бинолари, 1 та мактабгача таълим муассасаси биноси бузилиши назарда тутилган бўлса, Хоразм вилоятида сув иншоотлари бузилиши режалаштирилган. Бу вилоятда бузиладиган камида 7 та собиқ сув иншооти санадик.

Бузиладиган иншоотлар орасида ажабтовур объектлар ҳам бор. Масалан, Қорақалпоғистон давлат университети балансида бўлган Сейсмологик станция биноси бузиладиган бинолар рўйхатини бошлаб берган.

Нима учун бу станцияни бузиш керак? Бундан буён энди ер қимирламайдию сейсмология илми тугатиладиган бўлдими?

Бу саволларимизга университет вакилидан жавоб ололмадик. У ўқув юртининг сейсмологик станцияси бузиладиган иншоотлар рўйхатига тушганини билишини айтиш билан чекланди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG