Линклар

logo-print

АҚШ ва Европа Иттифоқи Украинадаги бўҳроннинг авж олишга алоқадор, деб кўрилаётган Москвага нисбатан санкцияларни кучайтирди. Россия иқтисодий ва мудофаа секторига бевосита таъсир ўтказувчи жазо чоралари Кремль томонидан "шантаж" дея қоралнди. Обама Россия ўз хатти-ҳаракатлари оқибатсиз қолмаслигини тушуниши керак, демоқда.

Кремль АҚШ ва ЕИ томонидан Россияга жорий қилинган навбатдаги санкцияларни қоралади.

Россия Украинадаги зўравонликларни тўхтатиш борасида конкрет қадамларни амалга оширмаганига жавобан қўлланилган санкциялар муносбати билан 17 июль куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги навбатдаги чоралар “Украинадаги воқеалар Вашингтон сценарийси бўйича ривожланмаётгани учун примитив қасос”, дея баёнот тарқатди. “Биз шантажга жим қараб тура олмаймиз ва жавоб чораларини кўриш ҳуқуқини сақлаб қоламиз”, дейилади яна Москва баёнотида.

“Россия билан санкциялар тилида гаплашиш, уларнинг кўлами қандай бўлишидан қатъий назар, бефойда эканини аввал ҳам кўп марта айтганмиз”, дея қўшимча қилинган руслар баёнотда.

16 июль куни Вашингтон эълон қилган санкцияларга Калашников қурол заводидан тортиб, Роснефть ва Новатек каби энергетика соҳасидаги ширкатлар тортилган.

Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида Европа Иттифоқи ҳам танқид қилиниб, Россия ЕИнинг “АҚШ шантажига учганидан” хафсаласи пир бўлгани таъкидланган.

Россия Бош вазири Дмитрий Медведев 17 июль куни қилган баёнотида санкцияларни “ёвуз”, дея атаб, бундай чоралар ҳеч қачон, ҳеч кимни тиз чўктира олмайди, дея таъкидлади.

Санкциялар жорий қилинганига доир хабар пайдо бўлиши биланоқ, Бразилияга сафар қилаётган Россия Президенти Владимир Путин санкциялар “АҚШ-Россия муносабатларини боши берк кўчага киритиб қўяди ва жиддий зарарга сабаб бўлади”, дея муносабат билдирди.

АҚШ Президенти Барак Обама санкциялар Россиянинг Украина шарқидаги зўравонликлар авж олишини тўхтатиш борасида конкрет қадамларни амалга ошира олмагани боис жорий қилинди, дея баён қилди.

- Биз бу масалани дипломатик йўл билан ҳал қилиш тарафдори эканимизни, лекин Россия-Украина чегарасидаги можарони тўхтатиш бўйича Россиянинг қуруқ гап эмас, конкрет ҳаракатларни амалга ошириш уринишларини кўришни исташимизни айтиб келдик. Ҳозирча Россия мен айтган қадамларнинг бирортасини амалга оширгани йўқ. Аксинча, Россия айирмачиларни қўллаб-қувватлаш ва Украина суверенитетига путур етказишда давом этди,- деди Обама.

АҚШ президенти “Россия етакчилари Украинадаги хатти-ҳаракатларининг оқибатлари борлигини яна бир бор кўришларини истаймиз”, дея қўшимча қилди.

АҚШ Молия вазирлиги ўзининг ижроия буйруқ ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда Россиянинг бир нечта йирик банки ва энергия сектори ширкатларига нисбатан санкция жорий қилди.

Жазога тортилган муассасалар орасида Роснефть ширкати, Внешэкономбанк, газ ишлаб чиқарувчи Новатек ҳамда Газпромнинг молиявий идораси бўлган Газпромбанк кабилар. Шунингдек, қурол ишлаб чиқарувчи Калашников, машинасозликка доир Алмаз-Антей ва Уралвагонзавод каби ширкатлар ҳам жазога тортилди.

Санкциялар рўйхатига давлатга қарашли Газпром ширкатининг ўзи ёки унинг раҳбари Алексей Миллер киритилгани йўқ. Газпром қарз билан боғлиқ можаро боис Украинага газ етказишни тўхтатган.

Россия иқтисодий секторини нишонга олган жазо чоралари Обама маъмурияти Украина бўҳрони юзасидан Россияга нисбатан ёндашувини кескинлаштираётгани ишорати ўлароқ баҳоланмоқда.

Бундан аввалги санкциялар, асосан, алоҳида шахсларга қаратилган бўлиб, уларнинг Қўшма Штатларга киришини тақиқлашдан иборат эди.

АҚШ молия вазирлиги беш нафар Россия мулозим, жумладан ФСБ Бешинчи бўлими бошлиғи Сергей Беседа, Давлат думаси раиси ўринбосари Сергей Неверов, Қрим масалалари бўйича вазир Олег Савельев, ўзини Донецк Халқ Республикаси бош вазири деб эълон қилган Александр Бородай ва Россия президенти ёрдамичси Игрь Шчёголевга санкция эълон қилди.

Шунигндек АҚШ санкцияларига ўзларини Донецк ва Луганск республикалари деб эълон қилган тузилмалар, Қримдаги Феодосия нефть компанияси ҳамда Россиядаги бир нечта қурол ишлаб чиқарувчи ширкат, хусусан, Калашников заводи ҳам тортилди.

Президент Обама мазкур ширкатларга нисбатан жазо чоралари нимадан иборат бўлишига изоҳ берди.

- Биз Россия мудофаа тизимидаги бир нечта ширкат активларини музлатяпмиз ва Россиянинг энг муҳим банклари ва энергетика ширкатларига доир молиявий амалиётларга тўсиқ жорий қиляпмиз. Бу санкциялар салмоқли бўлиш билан биргаликда нишонлидир. Улар Россияга максимум зарба бериш билан биргаликда Америка ёки иттфоқчиларимизга доир ширкатларга салбий таъсирини имкон қадар чеклашни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилди,- деди Обама.

Айни пайтда, Европа Иттифоқи етакчилари ҳам 16 июль куни Украина суверенитетига путур етказаётган Россия ширкатлари ва шахсларга нисбатан шу ой охирига қадар санкцияларни кенгайтириш борасида келишиб олди.

ЕИ баёнотида жазо чоралари “Қрим аннексияси ва Украина шарқидаги беқарорлик учун маъсул бўлган Россия мулозимларини моддий ва молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватловчи шахслар ва муассасалар”ни нишонга олиши айтилади. Бу шахслар ва муассасалар рўйхати шу ой охирига қадар ишлаб чиқилади, дейилган ЕИ баёнотида.

ЕИ етакчилари шунингдек, Европа Инвеcтицион банкига Россияга янги кредитларни ажратишни тўхтатишни тавсия этди ҳамда Европа Қайта қуриш ва тараққиёт банкининг Россияга янги қарз беришига тўсиқ яратиш чораларини ишлаб чиқишга қарор қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG