Линклар

UzGazOil ходими: Харидор ҳақини ўғирлаш янада кучайтирилди!


UzGazOil хизматчилари¸ АИ 91 русумли бензин олдим деб¸ қимматроқ тўлаб кетаëтган мижозлар¸ аслида икки марталаб алданаëтганини таъкидлайди.

UzGazOil хизматчилари¸ АИ 91 русумли бензин олдим деб¸ қимматроқ тўлаб кетаëтган мижозлар¸ аслида икки марталаб алданаëтганини таъкидлайди.

Озодликнинг ишончли манбалари UzGazOil АËҚШларида шу кунларда xаридор ҳақини уриб қолиш имкони бўлган махсус ускуналар ўрнатилаëтганини билдирди. Бошқа xабарда эса¸ айни АЁҚШларда мижозларга сотиладиган бензиндан уриб қолинаётгани айтилди. Озодлик боғланган ширкат масъуллари эса¸ бу хабарларни рад этди.

UzGazOilда ишловчи Озодлик манбасининг айтишича¸ бензиндан уриб қолиш бу ширкатда тизим ҳолига келган:

- UzGazOil тоза бензин қуяди¸ деганлар адашади. Ҳар бир АËҚШда бензин қуйиш баланси бор. Яъни дозировкага биноан ҳар битта колонка 10 литр бензиндан 100 грамм уриб қолади. Ҳар бир автозаправкада бензин уриб қолиши ҳар хил. Мен ўз кўзим билан кўрганимни айтяпман. Чунки ойда бир марта АËҚШларда махсус ўлчагич асбоб билан бензин чиқиш миқдори ўлчаб турилади. UzGazOilдан АËҚШларига кунига қанча бензин берилгани ва савдо тушуми таққосланса¸ қанча “фойда” кўрилаëтгани аëн бўлади¸ дейди исми сир қолишини истаган бу манба.

Озодлик манбаси иддаосига кўра¸ бензин уриб қоладиган бензоколонкалар ширкат бошқарувчиларидан бири тарафидан назорат қилинади. (Манбамиз бу мулозимнинг исмини айтган бўлса ҳам¸ айбсизлик презумпциясига кўра¸ шахс исмини ошкор қилмаяпмиз - таҳр.).

Манбанинг айтишича¸ бензоколонкаларда бензин уриб қолиш жараëни АËҚШдаги “махсус” ишчилар тарафидан бошқарилади:

- Масалан¸ мижоз пластик карта билан ëки нақд пул тўлаб бензин олаëтганда¸ колонка ҳисоблагичи ўчириб қўйилади¸ гўë бензин қуюлмагандек бўлиб давлат хазинасига пул тушмайди¸ дея билдирди Озодлик манбаси.

Бу иддаоларни текшириш учун Озодлик UzGazOil бошқарувига яқин бошқа манбага мурожаат қилди.

UzGazOil ичидаги вазиятни яхши билган суҳбатдош исмини ошкор қилмаслик шарти билан аҳолига нефт маҳсулотлари сотиш соҳасида юз бераëтган товламачиликлар шакли ва кўламини тасдиқлади:

- Бу гапларни ҳаммаси тўғри. UzGazOil давлатга ўтганидан кейин шунақа найранглар бошланди. Илгари ширкат хусусий бўлганида бунақа эмас эди. Ҳозир Германиядан маълумотларни ўзгартирса бўладиган махсус бензин ҳисоблагичлар келтирилди. Ўзи Зеромакс давридаги ҳисоблагичларни умри яна 15 йилга етар эди. Аммо эски ҳисоблагичлардаги маълумотларни ўзгартириб бўлмасди. Ширкатни олдинги эгаси Миродил Жалолов ўғирлик қилишни ўйламагани учун шунақа ускуна олган эди. Лекин ширкат давлатга ўтгач¸ UzGazOil бошлиқлари чўнтакларига пул тушириш орзусида атайлаб¸ Германиядан буюртириб янги ускуналар ўрнатишди¸ дейди.

UzGazOil бошқарувига яқин шахс маблағни ўзлаштириш механизмини ҳам тушунтирди.

Суҳбатдошга кўра¸ ëқилғи қуйиш қувурларига ўрнатилган ҳисоблагичлар орқага бураб қўйилади:

- Чек урилмайди. Савдо сўнггида чеклар тўғирлаб қўйилади. Масалан¸ 2210 сўмдан сотилган бензинни 2050 сўмга тўғирлаб қўйишади. Система осон¸ дейди UzGazOil бошқарувига яқин манба Озодлик билан суҳбатда.

Озодлик тасарруфида Тошкентдаги камида икки АËҚШда АИ 80 бензини АИ 91 дея қиммат сотилганини тасдиқловчи маълумот бор.

Бу Тошкент марказидаги энг гавжум ва бензин энг кўп сотиладиган икки АËҚШдир.

Бу маълумотни UzGazOil бошқарувига яқин шахс ҳам тасдиқлади:

- Кунига бир машина¸ яъни 18 минг литр кетадиган заправкаларда 80 лик бензин 91 нархида сотилди. 2050 сўмлик бензинни 2210 сўмдан сотилди. Ҳар литрида 160 сўмдан фойда қолаяпти. Бу кунига 6 миллион¸ ўртача 7 миллион "черний нал" (расмийлаштирилмайдиган нақд пул - таҳр.) дегани¸ дейди суҳбатдош.

Ҳужжатсиз бензин

Озодлик манбасига кўра¸ Тошкентдаги баъзи АËҚШларга ҳужжатсиз бензин олиб келинади. Манбанинг иддао қилишича¸ UzGazOilга оид шоҳобчаларда сотиладиган кунлик бензиннинг ярмиси ҳужжатсиз бензиндир.

Манбага кўра¸ UzGazOilга оид АËҚШ раҳбарлари бу ҳужжатсиз бензинни пуллаб бериш мажбуриятини олишган.

Манбанинг айтишича¸ ҳужжатсиз бензиннинг сифати кафолатланмаган бўлади.

Элга аëн ғирромликлар

Тошкент марказида киракашлик қиладиган Равшан исмли таксичининг Озодликка айтишича¸ шаҳардаги аксар АËҚШларда АИ 91 русумли бензин дея сотилаëтган ëқилғи сифати жуда паст.

Ўзини Шониғмат деб таништирган тошкентлик ҳайдовчи ҳам бензин сифатидан шикоят қилди:

- 80 бензини 91 деб сотишади. Точно 80. Машина шариллаб кетади, юришга қийналади. 5 литр қуйсангиз, унинг ичида 4,5 литр бензин бўлади. Бир марта инжекторни тозалаттирдим. Кеча яна бензoнасос алмаштирдим¸ дейди суҳбатдош.

Ўзини Нодир Абилов деб таништирган ҳайдовчи эса, 91 русумли бензин солганидан кейин машинасининг свечаларини алмаштирганини айтади.

Озодлик мухбири Тошкентнинг Бодомзор мавзесидаги UzGazOilга оид заправкага телефон қилиб¸ ҳайдовчиларнининг бензин сифатидан шикоят қилаëтганини билдирди.

Ўзини АËҚШ бош оператори деб таништирган йигит сотилаëтган бензиннинг давлат стандартларига мос тарзда¸ давлат нархида сотилаëтганлигини таъкидлади.

UzGazOil тизимларида аҳолига нефт маҳсулотлари сотиш соҳасида юз бераëтган товламачилик борасидаги шикоятлар юзасидан Озодлик айни ширкат раҳбариятига мурожаат қилди.

UzGazOil ширкати расмийлари бу иддаолар борасида Озодлик мухбирига изоҳ бермади.

"Давлат"га ўтиб¸ айниган UzGazOil...

UzGazOil корхонаси билан боғлиқ муаммолар илгари ҳам бир неча марта Озодликда ёритилган эди.

UzGazOil ишчиларни ноҳақ ишдан бўшатаётгани, ишчиларни кўп ишлатиб кам ҳақ бераётгани, кадрлар бўлими мулозимларининг янги ишга кираëтганлардан пора олаётгани ҳақида битилган шикоятларни Озодлик ўтган йилнинг сентябр ойида ўрганган эди.

UzGazOil президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовга тегишли бўлгани иддао қилинган Швейцарияда рўйхатга олиниб, фаолиятини Ўзбекистонда олиб борган “Зеромакс” ширкати таркибига кирар эди.

2010 йилда UzGazOil асосан нефть, газ ва олтин қазиб олиш, қишлоқ хўжалиги ва текстил саноати билан шуғулланган “Зеромакс” таркибидан чиқарилиб давлат корхонасига айлантирилди.

Кузатувчиларга кўра¸ UzGazOil давлат тасарруфига ўтганидан кейин ширкатда коррупция аломатлари кўпайган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG