Линклар

Украинада Малайзиянинг Boeing 777 самолёти уриб туширилди


Украина расмийлари Малайзияга тегишли Boeing 777 россияпараст айирмачилар томонидан уриб туширилганини айтмоқда.

Украина расмийлари Малайзияга тегишли Boeing 777 россияпараст айирмачилар томонидан уриб туширилганини айтмоқда.

17 июль куни Украина ҳаво ҳудудидан учиб ўтаётган Малайзияга қарашли йўловчи самолёт уриб туширилди. Киев расмийларига кўра, Россия чегарасига яқин жойда қулаган Boeing 777 самолёти бортидаги 280 йўловчи ва экипажнинг 15 аъзоси ҳалок бўлган.

Донецк вилоятининг Торез шаҳарчаси ёнида Boeing 777 қулаган жойда учқичнинг "қора қутилари" топилди. Ҳалокат жойида "Malaysia Airlines" ёзуви туширилган самолёт бўлакларини ҳам кўриш мумкин.

Самолёт парвозига доир маълумотлар ёзиладиган мосламалар топилганини "Жануби-шарқий фронт" ахборот маркази раҳбари Константин Книрик Интерфакс агентлигига маълум қилди.

Малайзиянинг миллий авиаширкатига тегишли самолёт Амстердам – Куала-Лумпур йўналиши бўйича 10 минг метр баландликда парвоз қилаётган бўлган.

Украина узра учиб ўтаётган самолёт Россия ҳаво ҳудудига киришига 50 километр қолганда қулаган.

Самолёт бортида 280 йўловчи билан экипажнинг 15 аъзоси бўлган. Киев расмийлари учқич бортидаги одамлардан ҳеч ким омон қолмаганини билдирди.

Ҳодиса гувоҳларига кўра, самолёт қулаган жойни россияпараст айирмачилар қуршаб олиб, қутқарувчи ва шифокорларни яқинлаштирмаган. Улар қурбонлар жасадлари ва нарсаларини тўплаб номаълум томонга олиб кетишган.

Бироз аввал ўзини Донецк Халқ Республикаси деб эълон қилган тузилма "бош вазири ўринбосари" Андрей Пургин "қора қутилар" топилгани ва уларни Москвага ўрганиш учун юборишларини билдирган эди.

"Казаклар" самолётни уриб туширганликда гумонланмоқда

Украина Хавфсизлик хизмати айирмачиларнинг ўзаро радио сўзлашувини қўлга киритгани ва унга асосан, самолётни айирмачилар тарафида курашаётган ўзларини "казаклар" деб атаган қандайдир гуруҳ уриб туширганини маълум қилди. Бу сўзлашувлар расшифровкасини Озодликнинг рус хизмати бермоқда.

Сўзлашув айирмачилар отрядларининг "Бес", "Майор" ва "Грек" лақабли командирлари ўртасида боради:

– Ҳозиргина самолёт уриб туширилди. "Минер" гуруҳи. Егакиево қишлоғи ортига қулади.

– Учувчилар, учувчилар қаерда?

– Уриб туширилган самолётни қидиргани ва суратга туширгани кетишди. Тутаяпти…

– Неча дақиқа бўлди?

– Тахминан 30 дақиқа аввал…

– Ҳа, "Майор"!

– Демак, "чернухинскийлар" уриб туширган самолётни. Чернухино блок постидан. Чернухинода турган казаклар

– Самолёт ҳаводаёқ парчаланиб кетди, Петропавловск кони олдида. Биринчи "икки юзинчи", биринчи "икки юзинчи"ни топишди. Фуқаровий.

– Хўш, нимани аниқладиларинг?

– Хуллас, аниқ фуқаровий самолёт…

– Одам кўпми ичида?

– Ҳа (сўкинади)! Бўлаклари одамларнинг ҳовлиларига тушган.

– Қанақа самолёт?

– Ҳозирча тушуниб олганим йўқ. Ҳали асосий қисми тушган жойга етиб борганим йўқ. Энди биринчи жасадлар тушган жойдаман. Бу ерда ички кронштейн, ўриндиқ ва жасадлар бор холос…

– Тушунарли. Қуроллардан бирор нарса борми?

– Ҳеч нарса йўқ. Фуқаролар нарсалари, тиббий анжомлар, сочиқ, ҳожатхона қоғози.

– Ҳужжатлар борми?

– Ҳа. Индонезиялик бир талабанинг ҳужжати бор. Томпсон университетидан.

Путин Boeing 777 ҳалокати учун маъсулиятни Украинага юклади

Россия Президенти Владимир Путин Малазиянинг Boeing 777 самолётининг ҳалокати учун масъулиятни Украинага юклади.

«Агар бу ерда тинчлик бўлганида бу фожеа бўлмаган бўларди, Украина жануби-шарқида жанговор ҳаракатлар бошланмаган бўларди», дея таъкидлади Владимир Путин.

Украина Президенти Петро Порошенко эса Boeing ҳалокатида россияпараст айирмачиларни айблади.

Украина Хавфсизлик хизмати айирмачиларнинг ўзаро радио сўзлашувини қўлга киритгани ва унга асосан, самолётни айирмачилар тарафида курашаётган ўзларини "казаклар" деб атаган қандайдир гуруҳ уриб туширганини маълум қилди.

Тан олинмаган Донецк Халқ Республикаси Хавфсизлик кенгаши аъзоси Сергей Кавтарадзе бу радио сўзлашувни ҳақиқийлигига шубҳа билдириб, 10 минг метр баландликда парвоз қилаётган самолётни уриб тушириш учун кучига эга зенит-ракета комплекси айирмачиларда йўқлигини таъкидлади.

Ўз навбатида Украина ҳукумати ҳарбий амалиётлар пайти юқори баландликдаги самолётни уриб тушириш имконига эга бўлган қуролни қўлламаганини маълум қилди.

Украина Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Антон Геращенко Facebookдаги саҳифаси орқали Boeing 777 самолётини айирмачилар Россияда ишлаб чиқарилган “Бук” русумли зенит- ракета комплекси билан уриб туширганини ҳақида ёзди. Киев расмийларига кўра, 17 июль куни гувоҳлар "Бук" русумли комплекс Торез шаҳрида Снежное қишлоғига олиб ўтилганини кўришган.

Айни пайтда, 14 июль куни айирмачилар Луганск вилоятида 6 минг метр баландликда учиб кетаётган Ан-26 русумли ҳарбий транспорт самолётини уриб туширган эди.

Ўзбекистонликларнинг аксари бу хабарни Россия матбуотидан билишди. Озодликнинг "Қурултой" эшиттиришида қатнашган Комрон Алиевга кўра, бу ахборот Кремлнинг Украинадаги айирмачилигини хаспўшлашга қаратилган агрессив хуружидир.

"Қурултой" эшиттиришида иштирок этган ўзбекистонлик таҳлилчилар фикрини қуйида тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Анвар Назиров Boeing 777 самолёти уриб туширилиши юзасидан масъулиятни Путин режими зиммасига юкалади:

Boeing 777нинг ўлган йўловчилари рўйхати эълон қилинди

Malaysia Airlines маълумотига кўра, Украинада ҳалокатга учраган Boeing 777 бортида 157 ҳолландиялик, 43 малайзиялик (жумладан, экипажнинг 15 аъзоси), 27 австралиялик, 12 индонезиялик ва 9 британиялик бўлган. Йўловчилар орасида яна Германия, Белгия, Филиппин ва Канада фуқаролари бўлган. 41 йўловчининг эса ҳозирча шахси аниқланмаган.

Ҳалок бўлган йўловчиларнинг юклари.

Ҳалок бўлган йўловчиларнинг юклари.

Йўловчиларнинг 100 нафари Мельбурндаги ОИТВ бўйича халқаро анжуманга кетаётган бўлган.

Малайзия Бош вазири Нажиб Раззоқ Boeing 777 ҳалокатини Малайзия учун “фожеали йилнинг фожеали куни” дея атади.

Жорий йилнинг 8 март куни Малайзиянинг яна бир Боинг- 777 самолёти Ҳинд океанининг жанубий қисмида изсиз йўқолган эди. Бортида 239 нафар йўловчи бўлган самолёт Куала Лумпур шаҳридан Пекин томон парвоз қилганидан бир оз ўтиб радар экранидан ғойиб бўлган ва ҳануз топилганича йўқ.

Авиакомпаниялар Украина бўйлаб рейсларни бекор қилди

Дунёнинг кўплаб давлатларидаги авиакомпаниялар Донецкдаги Boeing 777 ҳалокатидан сўнг Украина шаҳарларига учувчи ва шарқий Украина осмонидан учиб ўтувчи рейсларни бекор қилишди.

Европадаги Ҳаво навигацияси хавфсизлиги бўйича ташкилот йўловчи авиацияси учун Украина ҳаво ҳудудини ёпиб қўйди. АҚШ ва Хитой ҳам худди шундай тақиқни жорий қилишди.

"Аэрофлот" компанияси Киев ва Одессага учадиган рейсларни вақтинча бекор қилди. Россиянинг "Трансаэро" компанияси ҳам Украина осмонини айланиб ўтишга қарор қилди.

Кеча Туркиянинг Turkish Airlines, Германиянинг Lufthansa ва Франциянинг Air France компаниялари ҳам Украина ҳудудидан учиб ўтадиган рейсларини бекор қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG