Линклар

Шаҳрисабзда ОИВ вирусидан 6 нафар бола вафот этди. Сирдарёда уч нафар милиция мансабдори судга тортилди. Бекор қилинган Киев-Тошкент авиарейси қайта йўлга қўйилмоқда.

“Парламент Марказий сайлов комиссиясига оид қонунга ўзгартириш киритмоқчи”

Ўзбекистон парламенти мамлакат Марказий сайлов комиссияси ваколатларини кучайтириш, уни мустақил молиявий манба билан таъминлаш зарурлигини таклиф қилмоқда (“Ўзбекистон овози”, 17 июль).

Бу борадаги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокама қилинмоқда. Парламентнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Абдуманноб Раҳимовга кўра, жорий этилаётган янги тартибга мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси мустақил молиявий асосга эга бўлади. Унинг фаолияти учун давлат бюджетидан кафолатли маблағ ажратилади. Бу эса сайловлар адолатли ўтишига шароит яратади.

“Шаҳрисабзда ОИВ вирусидан 6 нафар бола вафот этди”

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани туғруқхонасида янги туғилаётган гўдакларнинг инфекцияга чалиниши ҳолатлари кузатилмоқда (“Ҳуқуқ”, 17 июль).

Қайд этилишича, туғруқхонада кўп марта ишлатиладиган тиббий ускуналарни зарарсизлантириш ҳолати талабга жавоб бермайди. Аксар ҳолларда ҳомиладор аёллар вирусли гепатит “B” хасталигига қарши тиббий кўрикдан ўтказилмаётир. Тиббий-профилактика хизматини ошириш чораси кўрилмаётгани сабабли гўдаклар ўлими рўй бермоқда.

Шаҳрисабз прокурори Шерали Ашировга кўра, одамларнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ)га қарши кураш самарали олиб борилмагани оқибатида туманда 2007-2013 йилларда 26 нафар вояга етмаган болага ушбу вирус юққан ва уларнинг 6 нафари вафот этган. Маълум қилинишича, мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 113-моддаси 3-қисми бўйича жиноий иш очилган.

“Тошкентда 800 минг йил аввал яшаган улкан жонивор қолдиқлари топилди”

Тошкент вилояти Оҳангарон тумани Овжазсой ҳудудидан топилган улкан жонивор қолдиқлари архидискодонларга тегишли экани исботланди (“Оила даврасида”, 17 июль).

Қайд этилишича, мамонтларнинг ўтмишдоши бўлган ушбу жониворлар 2,8 миллион – 800 минг йил аввалги давр оралиғида яшаган. Топилманинг аниқ ёши Ядро физикаси институтидаги изланишлардан сўнг маълум бўлган.

Ҳозирда жонивор қолдиқлари парчаланиб кетмаслиги учун уларга махсус эритма билан ишлов берилмоқда. Топилмани жорий йил якунида Геология музейида томоша қилиш мумкин.

“Cирдарёда ички ишлар идорасининг уч нафар юқори лавозимли вакили судга тортилди”

Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти Янгиер шаҳар судида уч нафар юқори лавозимли ички ишлар вакили устидан маҳкама жараёни якунланди (“Адолат кўзгуси”, 17 июль).

Гулистон шаҳар ИИБ уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими бошлиғи ўринбосари Шароф Жунаев, терроризм ва диний экстремизмга қарши курашиш бўлинмаси бошлиғи Музаффар Қувондиқов ва ушбу бўлим ходими Илҳом Аллаёров хизмат совуққонлиги ва фуқаролар манфаатига жиддий зиён етказишда айбланган.

Маълум бўлишича, ички ишлар расмийлари “Қишлоққурилишбанк” Сирдарё филиали бошқарувчиси Дилмурод Сангилов устидан ёзилган аризани рўйхатга олмай, унинг жиноятини яшириш мақсадида йўқ қилиб юборишган. Милиция мансабдорлари маълум ҳуқуқлардан маҳрум қилинган ҳолда, ахлоқ тузатиш иши жазосига ҳукм этилган.

“Тест куни назоратчиларга ҳам уяли телефон олиб кириш тақиқлансин!”

Олий таълим муассасаларига кириш учун имтиҳонларда айрим назоратчилар ўз вазифасини суиистеъмол қилаётир (“Даракчи”, 17 июль).

Жиззахлик Умида Инатованинг ёзишича, уч йилдан буён тарих йўналиши бўйича имтиҳон топшираётган бўлса, ҳар гал тест жараёни назоратчиларининг суиистеъмолчилиги оқибатида фанга қизиқмайдиган, лаёқатсиз абитуриентлар телефон, шпаргалка ёрдамида ўқишга ўтмоқда.

Телефон ва шпагалкалардан фойдаланиш туфайли баллар сунъий равишда ошиб кетмоқда. Жиззахлик абитуриент имтиҳон жараёнида назоратчиларга ҳам уяли алоқа воситаси олиб киришни тақиқлаш лозим, дея таклиф қилади.

“Чунки пул эвазига ўз телефонларини бериб туришганига ҳам гувоҳ бўлганман” деб ёзади У.Инатова.

“Тошкентда вилоятида фермерларнинг 3 миллиард сўмдан ошиқ ҳақи берилмаётгани аниқланди”

Тошкент вилоятида пахта сотиш режасини бажарган бир қатор фермерларнинг 3 миллиард сўмдан ошиқ маблағи берилмай келгани аниқланди (“Инсон ва қонун”, 15 июль).

Масалан, Пскент туманидаги “Турғун Мирзаев” фермер хўжалиги туман пахта тозалаш корхонасидан 32 миллион сўмга яқин маблағини, Янгийўл туманидаги “Жўрахон Насиба” фермер хўжалиги туман пахта тозалаш корхонасидан 10 миллион сўмдан ошиқ маблағини ололмай келган.

Газета хабарига кўра, ўтган йилдан буён қолиб келаётган қарзлар адлия идораси аралашуви билан тўлатилган.

“Бекор қилинган Киев-Тошкент авиарейси қайта йўлга қўйилмоқда”

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси Украина авиакомпанияси билан Киев-Тошкент-Киев авиайўналиши бўйича келишувга эришди (“Новий век”, 17 июль).

Жорий йил 15 июлдан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Киевга қатнашни бошлади. 14 августдан “Украина халқаро ҳаво йўллари” ширкати ҳам ушбу йўналишда қатновга киришади. Ҳар бир ширкати ҳафтасига икки рейсни амалга оширади.

Жорий йил 1 апрелида томонлар келиша олмагани сабабли Тошкентдан Украина пойтахтига рейслар тўхтатилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG