Линклар

Россия Президенти Владимир Путин Малазиянинг Boeing 777 самолётининг ҳалокати учун масъулиятни Украинага юклади.

"Агар бу ерда тинчлик бўлганида бу фожеа бўлмаган бўларди, Украина жануби-шарқида жанговор ҳаракатлар бошланмаган бўларди", дея таъкидлади Владимир Путин.

Украина Президенти Петро Порошенко эса Boeing ҳалокатида россияпараст айирмачиларни айблади.

Украина Хавфсизлик хизмати айирмачиларнинг ўзаро радио сўзлашувини қўлга киритгани ва унга асосан, самолётни айирмачилар тарафида курашаётган ўзларини "казаклар" деб атаган қандайдир гуруҳ уриб туширганини маълум қилди.

Тан олинмаган Донецк Халқ Республикаси Хавфсизлик кенгаши аъзоси Сергей Кавтарадзе бу радио сўзлашувни ҳақиқийлигига шубҳа билдириб, 10 минг метр баландликда парвоз қилаётган самолётни уриб тушириш учун кучига эга зенит-ракета комплекси айирмачиларда йўқлигини таъкидлади.

Шунингдек, Кавтарадзенинг Интерфаксга айтишича, айирмачилар жанговор музокараларини очиқ ўтказиши ҳақиқатдан йироқдир.

Ўз навбатида Украина ҳукумати ҳарбий амалиётлар пайти юқори баландликдаги самолётни уриб тушириш имконига эга бўлган қуролни қўлламаганини маълум қилди.

Украина Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Антон Геращенко Facebookдаги саҳифаси орқали Boeing 777 самолёти “айирмачилар томонидан Россиянинг “Бук” зенит- ракета комплекси билан уриб туширилгани”ни ҳақида ёзди.

XS
SM
MD
LG