Линклар

logo-print

АҚШ ва бошқа Ғарб ҳукуматлари ҳозирча бу тахминни очиқ баëн қилмаган бўлса-да¸ АҚШ сенаторлари ва Ғарб матбуоти йўловчи учқичнинг Россия етагидаги сепаратчилар томонидан уриб туширилганига деярли шубҳа қилмаëтир. Бундай вазиятда¸ 298 одам ҳаëтига зомин бўлган бу фожиа учун асос масъулият Россия ва Путин зиммасига тушади ва Ғарбнинг бунга нисбатан жавоби ҳам шунга яраша кескин ва кучли бўлмоғи шарт¸ демоқда нуфузли АҚШ сенаторлари.

Ҳукуматлар ҳозирча эҳтиëткор...

Малайзия ҳаво йўлларига қарашли Амстердам-Куала-Лумпур йўналишида учаëтган “Боинг” йўловчи учқичининг Украина ҳудудидаги ҳалокатига эҳтиëткор муносабат билдирган АҚШ Давлат департаменти¸ ҳозирча тафсилотлар ўрганилаëтгани ва сабаблар ҳақида аниқ бир гап айтишга эрга эканини билдирди.

Украина шарқида россияпараст сепаратчилар ва украин ҳарбийлари ўртасидаги қуролли қарама-қаршилик бораëтган ҳудудда рўй берган бу ҳалокат юзасидан Вашингтон зудлик билан халқаро текширув ўтказишни талаб қилди.

Қурбонлар яқинларига таъзия билдирган президент Обама Украина ҳукуматининг бу ҳалокат сабабларини ўрганиши учун АҚШ ëрдам беражагини таъкидлади:

– Мен миллий хавфсизлик бўйича ўз командамга Украина ҳукумати билан яқин алоқада бўлиш ҳақида кўрсатма бердим. АҚШ айнан нима бўлди ва нима учун бўлди¸ деган саволга ойдинлик киритиш мақсадида Украина ҳукуматига қўлдан келган ëрдамни беради¸ деди Обама жумладан.

Фожеа муносабати билан Украина президенти Петро Порошенко билан гаплашган Обама¸ учқич ҳалокати сабабларини ўрганиш учун ашëвий далилларнинг Украина ҳудудида қолишини кафолатлаш муҳим эканини таъкидлади.

Аммо учқич ўзини Донецк халқ республикаси деб эълон қилган россияпараст сепаратчилар ҳудудига қулагани боис¸ Обаманинг бу сўровини бажариш Киев учун имконсиз иш бўлиб қолмоқда.

Россия матбуотида пайдо бўлган маълумотларга кўра¸ сепаратчилар етакчиси учқич ҳалокатига оид барча ашëвий далиллар¸ хусусан¸ фожеа сабабини аниқ кўрсатувчи қора қутининг Россия Федерал хавфсизлик хизматигагина берилажагини билдирган.

Сенатор Маккейн излар Путинга элтишини таъкидламоқда

Президент Обама ва Давлат департаменти учқич ҳалокати ҳақида эҳтиëткор бўлиб турган бир пайтда¸ вице-президент Жо Байден Малайзия учқичининг уриб туширилгани ҳақида баëнот берди:

- Бу бахтсиз ҳодиса эмас. Самолëт ҳавода уриб туширилди¸ деди Байден.

Мамлакат разведкасидаги манбаларига таянган АҚШ матбуоти¸ Малайзия йўловчи учқичининг “ер-ҳаво” русумидаги ракета билан уриб туширилгани¸ бироқ ҳозирча бу ракетанинг айнан қаердан туриб отилгани борасида узил-кесил хулоса йўқлигини ëзди.

Учқич қулаб тушишидан бир неча соат ўтиб¸ АҚШ Сенатининг разведка масалалари бўйича қўмитаси ëпиқ эшиклар ортида фавқулодда мажлис ўтказди. Разведка идоралари раҳбарлари берган ҳисоботни эшитиб бўлгач¸ қўмита раисаси Дайан Файнстин, ҳозирча учқични уриб тушириш учун ким масъуллигини айтиш учун етарли ахборот йўқлигини билдирди:

- Малайзия учқичининг ҳалокати юзасидан якуний хулоса қилишга ҳали эрта. Яқин кунлар ичида қўшимча маълумот олишга умид қилаяпмиз. Агар Россиянинг бу ҳалокатга алоқаси борлигини кўрсатувчи далиллар пайдо бўлса¸ бу ўта жиддий хавотир манбаига айланади¸ деди демократ сенатор.

Мазкур қўмитанинг бошқа бир аъзоси¸ республикачи сенатор Жон Маккейн¸ Въетнам урушида ҳарбий учувчи бўлган. Ўз тажрибасидан келиб чиқиб Маккейн¸ учқичнинг ҳавода уриб туширилганига ишончи комил экани¸ агар бу ишни украин сепаратчилари қилгани тасдиқланса¸ асл жавобгар ким эканига шубҳа қолмаслигини таъкидлади:

- Сепаратчилар учқични уриб туширишга қодир қуролни фақат Россиядан олиши мумкин. Бунинг учун эса жавобгарлик Владимир Путинга тушади. Сепаратчиларнинг кейинги кунлар ичида бир неча украин учқичи ва вертолëти¸ хусусан 7000 метр баландликда учаëтган транспорт самолëтини уриб туширгани Малайзия учқичининг айнан сепаратчилар томонидан қулатилгани фактини тасдиқлашга хизмат қилади¸ деди сенатор Маккейн.

Агар Россиянинг учқич уриб туширилишига алоқаси борлиги тасдиқланса¸ АҚШнинг бунга жавоби сезиларли бўлиши керак¸ дея давом этди сенатор Маккейн:

- Биз бунга энг қатъий ва энг кескин усулда жавоб беришимиз шарт. Владимир Путиннинг шарқий Украинадаги вазиятни янада оловлантираëтгани мутлақ аëн. Путин яқинда сепаратчиларга ëрдам тариқасида шарқий Украинага ҳарбий техника ва қўшин юборди¸ деди сенатор Маккейн.

Яна бир сенатор Келли Айотт ҳам¸агар Россиянинг Малайзия йўловчи учқичи уриб туширилишида қўли борлиги тасдиқланса¸ АҚШ¸ қолаверса¸ қолган дунëнинг бунга нисбатан жавоби кескин бўлиши шарт¸ дея баëнот берди.

Айни пайтда¸ йўловчиларнинг 154 нафари фуқароси бўлган Ҳолландияда маҳаллий матбуот Малайзия учқичининг сепаратчилар томонидан “Бук” зенит-ракета комплекси томонидан уриб туширилгани нисбатан деярли шубҳа билдирилмаëтир.

Мамлакатнинг етакчи ҳарбий эксперти¸ парламент юқори палатаси аъзоси¸ генерал-майор Франк ван Каппен, 25 минг метр баландликда учаëтган объектни ҳам уриб туширишга қодир "Бук" комплексига изоҳ берди:

- Бу каби зенит-ракета комплекси¸ кенг кўламли ҳаво мудофааси тизимининг бир бўлаги бўлгани учун профессионал экспертлар томонидан ўзича ишлатилмайди. Бу комплексни ишлатишдан олдин ҳаводаги вазиятни кўрсатувчи сунъий йўлдош¸ патруль учқичлари¸ ҳарбий кемалар радарларидан олинган суратлар махсус ўрганилади. Бу суратлардан муайян ҳудуд ҳавосида айнан қандай учқичлар борлиги¸ хусусан¸ йўловчи учқич бор-йўқлиги аниқланади¸ деди ҳолландиялик ҳарбий эксперт.

Ван Каппен¸ “Бук” зенит-ракета комплексининг Украина шарқида Россия кўмаги билан қуролли ҳаракат амалга ошираëтган сепаратчилар орасидаги нопрофессионаллар қўлига тушган¸ деган тахминни билвосита тасдиқлади.

Ўз тарихидаги энг фожиали ҳаво ҳалокатини бошдан кечираëтган Ҳолландияда 18 июль миллий мотам деб эълон қилинди. Мамлакат Бош вазири Марк Рутте¸ учқичнинг уриб туширилгани тасдиқланса¸ ўз ҳукумати бунинг учун жавобгарларни тегишли жазолаш учун бор имконни ишга солажагини таъкидлади:

- Биз ҳозир нима бўлганини тадқиқ қилмоқчимиз, бу ишнинг орқасида ким борлигини аниқламоқчимиз. Австралиялик ҳамкасбим айтган каби: "Агар бу ишда террорчилар қўли бўлса¸ агар кимдир буни иш қасддан қилган бўлса, биз бу ишга алоқадорларнинг ҳаммасини маҳкамага олиб келиб¸ тегишли жазосини бериш учун барча имконни ишга соламиз". Аммо бундан олдин биз имкон борича ҳалол ва объектив текширувларнинг ўтказилишини кафолатлашимиз зарур¸ деди Ҳолландия Бош вазири.

Фожиага муносабат билдирган Германия канцлери Ангела Меркел¸ Украинанинг учқич қулаб тушган шарқий ҳудудидаги бўҳрон учун бирламчи масъулият Россия зиммасида эканини таъкидлади ва Путиндан вазиятга сиëсий ечим топишга ҳисса қўшишни сўради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG