Линклар

logo-print

18 июл куни Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримованинг бизнесдаги коррупцион схемаларига алоқадор кўрилаётган икки ҳамкори - Рустам Мадумаров ва Гаяне Авакянлар озодликдан маҳрум қилинганини тасдиқлади.

Ўзбекистон Бош прокуратураси расмий сайтида эълон қилинган хабарда айтилишича, жами 13 нафар шахс, жумладан, Гулнора Каримованинг фуқаровий эри бўлган Рустам Мадумаров ва Гаяне Авакянга нисбатан жиноят ишини Ўзбекистон Ҳарбий суди 24 май куни кўриб чиққан.

Расмий хабарда, судланувчиларнинг узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилингани ёзилган. Лекин уларга айнан неча йил берилгани очиқланмаган.

"Судланувчилар содир этган жиноятлари учун эълон қилинган айбловлар бўйича айбли деб топилиб, уларга узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо тайинланган", дейилади Бош прокуратура хабарида.

Расмий хабарда судланувчиларга қўйилган айбловнинг нима экани ҳам очиқланмаган.

Бош прокуратура хабарида узоқ муддатга қамалган 13 нафар шахснинг жиноий шерикларига нисбатан жиноят иши алоҳида ажратиб олингани ва "уларга нисбатан муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат қўлланилган"и ёзилган. Бироқ жиноий шерикларнинг исм-шарифлари очиқланмаган.

XS
SM
MD
LG