Линклар

"Малайзия учқичини уриб туширган ракета комплексини сепаратчиларга Россия берган"


Россияпараст сепаратчилар Малайзия учқичи қолдиқлари ҳудудида.

Россияпараст сепаратчилар Малайзия учқичи қолдиқлари ҳудудида.

Украина хавфсизлик хизмати шарқий ҳудудларни назорат қилаëтган россияпараст сепаратчиларнинг Малайзия учқичини уриб туширгани тахмин қилинаëтган қудратли “Бук-М” зенит-ракета комплекси ва экипажни 14 июль куни айнан Россиядан олганини тасдиқлаши иддао этилаëтган телефон суҳбатлари аудиоëзувини эълон қилди.

Украина разведкаси жамоатчиликка эълон қилган аудиоëзувда¸ россияпараст сепаратчилар телефон орқали ўзларига Россиядан қудратли ҳарбий техника¸ жумладан зенит-ракета комплекси ва мутахассислар келгани ҳақида гапирадилар.

Украина хавфсизлик хизмати¸ 17 июль куни Донецк ҳудудидан учиб кетаëтган Малайзия йўловчи учқичининг айнан Россия сепаратчиларга берган қуроллар ëрдамида уриб туширилганини таъкидламоқда.

Жамоатчиликка тақдим этилган янги аудиоëзувлардан биринчиси¸ айтилишича¸ 14 июль куни бўлиб ўтган. Унда ўзини Луганск халқ республикаси деб эълон қилган сепаратчи гуруҳ қўмондони Россия ҳарбий разведка хизмати зобити деб тахмин этилаëтган Ореон лақабли куратори билан гаплашади.

Суҳбат давомида Луганск сепаратчилари қўмондонининг “Бизда энди Бук бор ва биз уларни (Украина ҳарбий учқичлари) уриб туширамиз¸ деган гапига Ореон “Ҳа¸ хабарим бор”¸ деб жавоб қайтаради.

Жамоатчиликка Youtube.com портали орқали очиқланган иккинчи махфий суҳбатда Донецк сепаратчиларининг “Бурят” лақабли қўмондони Россия ҳарбий разведка хизматининг “Хмурий” лақабли зобити билан гаплашади.

17 июль куни бўлиб ўтгани айтилаëтган бу суҳбатда рус зобити Россиядан “Бук-М” ҳаво мудофааси тизими экипаж юборилганини айтиб¸ уларнинг етиб борган-бормагани билан қизиқади. Сепаратчилар қўмондони¸ юборилган техника ва ҳарбийларнинг етиб келганини тасдиқлайди ва “Николаевич”дан уларни қаерга бекитиш кераклигини сўрайди

17 июль куни бўлиб ўтгани айтилаëтган бошқа бир телефон суҳбатида “Хмурий” Донецк қўмондонларидан бири билан етиб келган янги “Бук-М” комплексини нима қилиш масаласини муҳокама қилади. “Хмурий” Бук ва унинг экипажини Первомайск қишлоғи яқинидаги позицияга жойлаштириш ҳақида буйруқ беради.

Украина хавфсизлик хизмати 18 июль куни эълон қилинган тўртинчи суҳбатнинг ҳам 17 июль куни бўлиб ўтгани айтилмоқда. Унда ҳам “Хмурий” ўз қўмондонларидан бирига “Бук-М” етиб келганини хабар қилади.

"Худога шукур, бугун эрталаб Бук-М етиб келди ва вазият бироз яхшиланди”¸ дейди “Хмурий”.

17 июль куни Украина хавфсизлик хизмати мамлакат шарқидаги қуролли сепаратчиларнинг Малайзия йўловчи учқичини уриб туширганини тасдиқлаши иддао этилган телефон суҳбатларини эълон қилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG