Линклар

Малайзия самолёти йўловчиларининг жасадлари фожеа жойидан олиб чиқилди


Украина шарқида 17 июль куни уриб туширилган, Малайзияга тегишли “Боинг-777” самолёти бортидаги 298 йўловчидан қарийб 200 нафарининг жасадлари топилди. Россия ва Украина ахборот агентликлари тарқатган хабарларга кўра, шу пайтгача камида 196 йўловчининг жасади самолёт қулаган ҳудуддан олиб чиқилган, аммо жасадлар қаерда сақланаётгани ҳозирча аниқ эмас.

20 июль куни Украинанинг Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот котиби Наталья Бистро ҳукумат идоралари ходимлари ва Россия тарафдори бўлган айирмачилар фожиа рўй берган жойдан 196 жасадни олиб чиққанини, аммо айирмачилар жасадларни номаълум томонга олиб кетганини билдирди.

Рейтерс агентлигининг темирйўл ишчиларига таянган ҳолда хабар қилишича, жасадларнинг бир қисми ҳалокат жойидан 15 километр нарида жойлашган Торез станциясидаги рефрежератор вагонларида сақлаш учун олиб кетилган.

Россиянинг “Россия-24” телеканали жасадлар Донецк шаҳридаги моргга олиб кетилганини хабар қилди.

Айирмачилар 18-19 июль кунлари халқаро кузатувчиларга самолёт парчалари сочилиб кетган катта ҳудуднинг фақат бир қисмини кўришга рухсат берди.

Халқаро кузатувчилар 20 июль куни яна ҳалокат жойига боришни режалаган.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) вакилларига кўра, айирмачилар ташкилот кузатувчиларига самолёт парчалари сочилиб кетган катта ҳудуднинг фақат бир қисмини кўришга изн берган.

Ғарб давлатлари айирмачилар чеклов жорий қилганини кескин танқид қилиб, Россияни чекловни бекор қилишда уларга босим ўтказишга чақирди.

Айни пайтда маҳаллий айирмачилар лидери, агар Киев ўт очишни тўхтатишга рози бўлса, фожиа рўй берган жойни ўрганадиган халқаро экспертлар хавфсизлиги кафолатланишини айтган.

17 июль куни Амстердам шаҳридан Куала-Лумпур томон 10 минг метр баландликда парвоз қилаётган Malaysia Airlines ширкатига қарашли “Боинг-777” самолёти Украина шарқидаги Донецк вилоятининг Торез шаҳарчаси яқинида уриб туширилганди.

Расмий маълумотларга кўра, самолёт бортида 193 нафар ҳолландиялик, 15 нафар экипаж эъзолари билан бирга 43 нафар малайзиялик, 27 нафар австралиялик, 12 нафар индонезиялик, 10 нафар британиялик, 4 нафар германиялик, 4 нафар бельгиялик, 3 нафар филиппинлик ҳамда бир нафардан канадалик ва янги зеландиялик фуқаролар бўлган.

20 июль куни Австралияда Malaysia Airlines самолёти Украина шарқида уриб туширилган пайтда қурбон бўлган 27 австралияликнинг хотирасига бағишлаб диний маросим ўтказилди.

Сиднейдаги католиклар черковида ўтган маросимда Австралия Бош вазири Тони Абботт ҳам иштирок этди.

XS
SM
MD
LG